islom-instituti@umail.uz         71-227-42-37

Зулҳижжа ўн кунлигидаги рўзасининг фазилати

Ибн Умар розияллоҳу анҳу Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламдан ривоят қилади: “Аллоҳ наздида ушбу ўн кунликда қилинадиган солиҳ амаллардан кўра улуғроқ ва севимлироқ амал йўқдир. Бас, ушбу(кун)ларда таҳлил, такбир ва таҳмидни кўпайтиринглар!” (Аҳмад, Байҳақий, Табароний ва Ибн Абу Шайба ривояти. Ривоят санади саҳиҳ).
Ушбу ривоятга кўра, зулҳижжанинг аввалги ўн кунлигида “лаа илааҳа иллаллоҳ”, “аллоҳу акбар” ва “ал-ҳамду лиллааҳ” калималарини кўп айтиш яхши экан.
Аввал айтиб ўтилганидек, зулҳижжанинг ўн кунида қилинадиган амаллар Аллоҳ учун энг маҳбуб саналади. Шу билан бирга мазкур вақтда Аллоҳ учун севимли бўлган зикр амалга оширилса, нур устига нур бўлади. Фазилатли амал фазилатли вақтда бажарилиши қилинаётган иш учун кўпроқ ажр олиниши ва ундан кўзланган мақсад рўёбга чиқишига сабаб бўлади.
Маълумки, солиҳ амаллар тури кўп. Уларни санаш учун анча саҳифани қоралашга тўғри келади. Ўша амаллар ичида энг афзалларидан бири бу – рўзадир. Зулҳижжанинг аввалги ўн кунлигида рўза тутиш ҳақида ривоятлар бор. Қуйида улардан баъзиларини ўрганамиз.
Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: “Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ўн кунликда бирон марта рўза тутганларини кўрмаганман” (Муслим, Абу Довуд, Аҳмад ва Ибн Хузайма ривояти).
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам зуҳлҳижжанинг аввалги тўққиз кунида рўза тутганлари ҳақида бошқа ривоятлар бор. Шу сабаб уламолар Оиша розияллоҳу анҳонинг бу ривоятини бир неча хил таъвил қилишган. Жумладан:
У зот касаллик ёки сафар туфайли ушбу ўн кунлик рўзасини тутмаган бўлишлари мумкин;
Оиша розияллоҳу анҳо Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам ушбу кунларда рўза тутганларини кўрмаган ёки эътибор бермаган бўлиши эҳтимолдан холи эмас. Яна Аллоҳ билгувчироқдир!
Мазкур ривоятнинг зоҳирига назар ташласак, зулҳижжанинг аввалги ўн кунида, тўғрироғи, тўққиз кунида рўза тутиш макруҳлиги келиб чиқади. Аммо уламолар бошқа ривоятларни ҳам ўрганиб чиққач, бу кунларда рўза тутиш мустаҳаблиги таъкидлашган.
Биз бу ерда Оиша розияллоҳу анҳонинг ривоятини маълумот учун, қилинаётган иш холис ва оз бўлса ҳам мукаммал бўлиши учун келтирдик. Энди бошқа ривоятларни ўрганамиз.
Ҳунайда ибн Холид хотинидан, у Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам завжаларининг баъзисидан ривоят қилади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам зулҳижжанинг тўққиз куни, Ашуро куни ва ҳар ойда (душанба ва пайшанбадан бошлаб) уч кун рўза тутардилар” (Абу Довуд, Насоий, Аҳмад ва Байҳақий ривояти. Ривоят санади саҳиҳ).
Ушбу ривоятда айтилишича, Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам зуҳлҳижжанинг аввалги тўққиз кунида, Ашуро куни ва ҳар ойда уч кун рўза тутардилар.
Зулҳижжанинг ўнинчи куни Қурбон ҳайити бўлиб, бу кунда рўза тутиш мумкин эмас. Шу сабаб рўза ҳақида гап кетганда “Зулҳижжанинг тўққиз кунида рўза тутиш” ибораси ишлатилади.

Тўрақўрғон туман “Исҳоқхон тўра” жоме масжиди имом хатиби,

модуль таълим тизими талабаси Суфиев Жаъфархон

401830cookie-checkЗулҳижжа ўн кунлигидаги рўзасининг фазилати

Сиз нима дейсиз, фикр билдиринг: