Ҳозирги кунда бутун дунё бўйлаб мусулмонларнинг кўпчилиги динимизнинг бош манбаси бўлмиш Қуръони каримни тиловат қилишда Мадина мусҳафларидан фойдаланишади. Маълумки, тиловат асносида вақф белгиларига амал қилиш муҳим аҳамият касб этади. Чунки бу белгиларга беэътибор бўли баъзи ўринларда маъно бузилишига олиб келиши мумкин. Келинг, қуйида ушбу муборак мусҳафдаги вақф аломатлари ва уларнинг маънолари билан танишиб чиқайлик.
Ушбу мусҳафдаги вақф белгилари Миср мусҳафидан олинган. Миср мусҳафидаги вақф белгиларини эса Шайх Муҳаммад Холаф Ҳусайний Ҳаддод қўйиб чиққан[1]. Шу сабабли Мадина мусҳафидаги вақф белгиларини Миср ва Дамашқ мусҳафларида ҳам деярли бир хил қўйилганлигини кўришимиз мумкин. Мадина мусҳафида вақфга тегишли олтита белги[2] ишлатилган, бўлиб уларнинг тафсилотини қуйида кўриб чиқамиз.
- Вақф белгиларининг аввалгиси مـ ҳарфидир.[3] Бу лозим вақфнинг белгисидир. Бунинг маъноси бу жойда вақф қилиш лозиб бўлади деганидир. Лекин вақф қилиш лозим дейилганидан, васл қилиш ҳаром бўлар экан деган маъно чиқмайди. Бу ердаги лозим дейилганидан қироатни ўқувчи ёки эшитувчи оятда ирода қилинганидан бошқа маънони тушуниб қолмаслиги қасд қилинган. Бунга мисол: [4]﴿ إِنَّمَا يَسْتَجِيبُ الَّذِينَ يَسْمَعُونَ مـوَالْمَوْتَى يَبْعَثُهُمُ اللَّهُ ﴾ . Агар шу жойда вақф қилинмаса, эшитган одам ўликлар ҳам ижобат қила олар экан-да деб тушуниб қолиши мумкин. Шу сабаб бундай ўринларда вақф қилиш лозимдир.
- قلى – белгиси. Ушбу белги васл жоиз, лекин вақф авло эканлиги билдиради. Бинобарин бу белги “вақф авло” жумласининг қисқартмасидир. Бу белги олдинги жумлаларга кейинги жумлаларнинг маънода ҳам лафзда ҳам боғлиқлиги бўлмаган жойларга қўйилади. Ёки бўлмаса маънода ўта заиф боғлиқлиги бор жойларда ҳам қўйилиши мумкин. Масалан, Каҳф сурасининг 22-оятидаги каби: ﴿ قُلْ رَبِّي أَعْلَمُ بِعِدَّتِهِمْ مَا يَعْلَمُهُمْ إِلَّا قَلِيلٌ قليفَلَا تُمَارِ فِيهِمْ ﴾ .
- ج белгиси. Бу белги вақфнинг жоизлигини билдиради. Яъни бу ўринда вақф ҳам, васл ҳам баробардир. Сабаби бундай ўринларда белгидан олдинги ва кейинги жумлалар бир-бирига маъно жиҳатдан боғлиқ бўлмайди. Балки боғликлик эҳтимолий бўлади. Бунга мисол сифатида Ҳужурот сурасининг 7-ояти: ﴿ وَاعْلَمُوا أَنَّ فِيكُمْ رَسُولَ اللَّهِ جلَوْ يُطِيعُكُمْ فِي كَثِيرٍ مِنَ الْأَمْرِ لَعَنِتُّمْ﴾ .
4. صلى – белгиси. Бу белги вақф жоиз, аммо васл авло эканини билдиради. Демак, бу белги “васл авло” деган жумланинг қисқартмасидир. Бу белги олдинги ва кейинги жумлалар орасида кучли маънавий боғлиқлик бор ўринларда қўйилади. Мисол: ﴿ قُلْنَا اهْبِطُوا مِنْهَا جَمِيعًا صلي فَإِمَّا يَأْتِيَنَّكُمْ مِنِّي هُدًى ﴾[5]. - لا белгиси. Бу белги вақфни ман қилади. Бу белги қори адашиб тўхтайши мумкин бўлган жойларга қўйилади. Бу белги ўринларда лафз ва маъно жиҳатдан боғлиқлик бўлади. Агар бу ўринларда тўхталса, бу қабиҳ вақф бўлиб қолади. Мисол: ﴿ ثُمَّ لَا يُتْبِعُونَ مَا أَنْفَقُوا مَنًّا وَلَا أَذًىلالَهُمْ أَجْرُهُمْ عِنْدَ رَبِّهِمْ ﴾[6]
Шу ўринда бир нарсага эътиборни қаратиш лозимдир. Янги нашрдан чиқаётган Мадина мусҳафларида ушбу белги тушириб қолдирилган. Бунинг сабаби шундайки, олдинлари ушбу белги фақатгина кўпчилик хато қиладиган баъзи бир танлаб олинган ўринларга қўйилар эди. Кейинчалик вақф илмидан ва мана шу белгиларнинг қўлланиш сабабларидан яхши хабардор бўлмаган кўпчилик ўқувчилар ушбу لا белгиси қўйилмаган ўринларда вақф қилса бўлаверар экан деган тушунчага боришди ва бу нарса вақф қилиш қабиҳ саналган бошқа ўринларда ҳам вақф қилишларига сабаб бўлди. чунки ушбу белги ўзи қўйилиши керак бўлган ҳамма ўринга ҳам қўйилмас, балки биз юқорида айтиб ўтганимиздек кўпчилик хато қилиши мумкин бўлган жойларга қўйилар эди. Уламолар ҳайъати агар لا белгиси вақф дуруст бўлмайдиган ҳамма ўринга қўйиб чиқиладиган бўлса, мусҳафда бу белги жуда қўпайиб кетади ва қорини қироат асносида чалғитиб қўяди, ундан кўра, ушбу белги бутунлай қўйилмаса, Қуръон ўқигувчи бу белгини кутиб ўтирмайди-да, фақатгина вақф қилиш рухсат берилган ўринларда тўхтайди деган хулосага келишди. шу сабабли لا белгиси кейинги нашрларда мусҳафдан олиб ташланди[7]. - 6. ⸫ ⸫ белгиси. Бу белги кетма-кет қўйилган учбурчаксимон икки уч нуқта шаклида бўлиб, агар белгиларнинг бирида вақф қилинса, иккинчисида вақф қилиш мумкин эмаслигини билдиради. Бунга ҳаммамиз билган Бақара сурасининг илк оятларини мисол қилишимиз мумкин:
ذلك الكتاب لا ريب ⸫ فيه ⸫ هدى للمتقين
Бу икки белгининг орасидаги калималарнинг ёки олдинги ёки кейинги жумлалар билан боғлиқлиги бўлади. Шу сабабдан агар вақф қилинса фақат биттасида вақф қилишга рухсат берилади. Агар иккаласида вақф қилмасдан ўтиб кетса ҳам жоиз бўлади. Лекин авлоси иккисидан бирида тўхтаб вақф қилишдир.
Шу ўринда таъкидлаш лозимки, вақф белгиларини қўйши масаласи фикрлар хилма хил бўладиган ижтиҳодий масаладир. Шу сабабдан вақф ва ибтидо ҳақида ёзилган китобларга қаралса, уламоларнинг бу борадаги турли хил фикрларини кўриш мумкин. Ҳатто бир ўриннинг ўзида 4-5 хил вақф орасида ихтилоф қилинганлигини кўришингиз мумкин. Бу ихтилофлар тафсир китобларида айтилган оятларнинг маъносига ё бўлмаса эъробул Қуръон китобларидаги калималарнинг грамматик жиҳатдан эъробланишига ҳам бориб тақалиши мумкин. Бу ихтилофлар мусҳафларнинг нашрларидаги хилма хилликда ҳам кўринади. Масалан, Мадина мусҳафининг эски ва янги нашрлари бир-биридан жуда кўп ўринларда фарқ қилади. Баъзи тадқиқотчилар ҳатто уларнинг 150 дан ошиғини санаб ўтганлар. Биз улардан айримларини қуйида келтирамиз. Лекин бу ихтилофаларнинг барчаси афзалият эътиборидан қилинган ихтилофлар ҳисобланишини унутмаслигимиз лозим.
Тошкент ислом институти 4-курс
талабаси Мусабоев Комрон
Фойдаланилган адабиётлар
[1] Доктор Абсор Ислом. Ламҳа тажвидийя номли видео дарслик.
[2] Мадина мусҳафи. Фурқон нашриёти.
[3] Ушбу бобдаги мисоллар қуйидаги сайтдан олинди: https://www.alukah.net/sharia/0/47675
[4] Анъом сураси, 36-оят
[5] Бақара сураси, 38-оят.
[6] Бақара сураси, 262-оят.
[7] Доктор Абсор Ислом. Ламҳа тажвидийя видео дарслари.
Assalomu aleykum
Abdurohman mushafi haqidayam malumot bersangiz