islom-instituti@umail.uz         71-227-42-37

Ўзбекистонда диний-маърифий соҳада амалга оширилган ислоҳотлар халқаро жамоатчилик эътирофида

Бугунги кунда мамлакатимизда 130 дан ортиқ миллат ва элат вакиллари, 16 та диний конфессия аъзолари бағрикенглик тамойили асосида тинч-тотув яшаб келишмоқда. Турли миллат ва дин вакилларининг ҳар қандай тажовуздан бехавотир ўз ибодатларини эмин-эркин адо этишлари жамият барқарорлигининг муҳим кўрсаткичларидан саналади.

Ўзбекистонда ислом маърифатини тарқатиш, ўтмиш аждодларнинг бой маънавий меросини янада чуқур ўрганиш олиб борилаётган диний-маърифий соҳадаги ислоҳотларнинг асосий йўналишларидан саналади. Бу борада Ўзбекистон Халқаро ислом академияси ва Ислом цивилизацияси марказининг ташкил этилиши, Имом Бухорий ва Имом Термизий, Имом Мотуридий халқаро илмий-тадқиқот марказлари фаолиятини йўлга қўйилиши тарихий аҳамият касб этади.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Диний-маърифий соҳа фаолиятини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармонида ҳам «жаҳолатга қарши маърифат» деган улуғвор ғоя асосида дин соҳасидаги илмий-маърифий фаолиятни жадал ташкил этиш, бузғунчи ғояларнинг асл моҳияти ва мақсадлари ҳақида аҳоли, айниқса, ёшларнинг хабардорлик даражасини ошириш каби устувор йўналишлар эътироф этилган.

Ўзбекистонда ўтган уч йилда экстремистик гуруҳларга алоқадорлиги учун назоратга олинган 20 мингдан зиёд фуқаро «махсус ҳисоблар»дан чиқарилди. Тақиқланган ташкилотларга адашиб кириб қолган, қилмишига пушаймон бўлиб, тузалиш йўлига қатъий ўтган жазо муддатини ўтаётган 1000 га яқин фуқаро Президентнинг афв этиш ҳақидаги фармонлари асосида ҳар йили озодликка чиқарилмоқда.

Шунингдек, 2019-2020 йилларда ташкил этилган «Меҳр» операцияси доирасида Яқин Шарқнинг жанговар ҳаракатлар олиб борилаётган ҳудудларидан 318 нафар аёллар ва болалар Ватанга қайтарилди. Тақиқланган диний оқимлар сафига қўшилиб қолган фуқароларни жамиятга қайта мослаштириш билан боғлиқ тизимли ишлар мунтазам олиб борилмоқда.

Ўз навбатида, ҳукумат томонидан ислом динини мусаффолигини асраш, уни турли бузғунчи оқимлар ғояларидан айри эканини ёш авлодга сингдиришга қаратилган тадбирлар ҳам ташкил этилмоқда. Бу борада Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг БМТ Бош Ассамблеяси 72-сессиясида сўзлаган тарихий нутқи алоҳида эътиборга молик. Юртбошимиз ўз нутқида ислом динини зўравонлик ва қон тўкиш билан бир қаторга қўядиганларни қоралаб, улар билан ҳеч қачон муроса қилиб бўлмаслигини таъкидлаган эди. Бу фикрнинг амалий ифодаси ўлароқ БМТ Хавфсизлик Кенгашининг 2017 йил 21 декабрдаги 2396-сонли резолюциясида: «Терроризм, зўравон экстремизм ҳеч бир дин, миллат ва цивилизация билан алоқадор эмас ва боғлиқ ҳолда талқин қилинмаслиги керак», дея қайд этилди.

Шу билан бирга Ўзбекистон ташаббуси билан ишлаб чиқилган «Маърифат ва диний бағрикенглик» резолюцияси БМТ Бош Ассамблеясининг 2018 йил 12 декабрь кунидаги ялпи сессиясида қўллаб-қувватланиб, бир овоздан қабул қилинди.

Ўзбекистон томонидан илгари сурилаётган бу каби эзгу ғоялар дунёнинг нуфузли сиёсатчилари, давлат ва жамоат арбоблари томонидан кўтаринкилик билан кутиб олинмоқда. Хусусан, БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича Бош комиссари Зайд ал-Ҳусайн ўз интервьюсида бугунги динлараро ва миллатлараро нотинчлик бўлиб турган таҳликали замонда Ўзбекистондаги мавжуд динлараро ва миллатларо тотувлик ва диний-маърифий соҳадаги ислоҳотлар турли давлатлар учун ўрнак бўлишга лойиқ эканлигини қайд этиб ўтди.

АҚШнинг Ж.Хопкинс университети ҳузуридаги Марказий Осиё ва Кавказ институти президенти Фредерик Старр ҳамда институт директори Сванте Корнелл “Ўзбекистон: мусулмон дунёсидаги ислоҳотлар учун янги модель” сарлавҳали мақолада “Минтақа исломнинг эътиқодий маркази сифатида қараладиган Яқин Шарқдан қолишмаган ҳолда, тарихий, диний ва интеллектуал асосларига кўра, мусулмон дунёсининг маркази бўлишга ҳақли”, дея таъкидлаган.

Ўз навбатида бу ўзгаришлар республикамизнинг халқаро имижини янада юксалишига замин ҳозирлайди.

ТИИ 401-гурух талабаси

Исаев Бекислом

401490cookie-checkЎзбекистонда диний-маърифий соҳада амалга оширилган ислоҳотлар халқаро жамоатчилик эътирофида

Сиз нима дейсиз, фикр билдиринг: