islom-instituti@umail.uz         71-227-42-37

Баъзи бир кишилар “кўз тегиши бор” десалар, баъзи кишилар эса “кўз  тегиши йўқ”  деб жавоб беришади.

Хўш, аслида, Исломда “кўз” тегиши борми?

Ислом дини нуқтаи назаридан “кўз” тегиши бор нарсадир. Чунки унинг борлиги Қуръон ва ҳадисларда баён қилинган.

Қуръон каримда Аллоҳ таоло шундай марҳамат қилади: “ Албатта, кофир бўлган кимсалар эслатма-Қуръонни –эшитган вақтларида сизни кўзлари билан йиқита ёзурлар ва (Муҳаммад с.а.в.) шак шубҳасиз мажнундир, дерлар” (Қалам сураси,51-оят).

Ушбу оятнинг тафсири ҳақида “Ибн Касийр тафсири”да “Ибн Аббос, Мужоҳид ва бошқалар айтади:”Кўзлари билан йиқита ёзурлар” дейилганда, яъни кўзлари билан кўзларлар. Агар Аллоҳ сизни асраб, ҳимоя қилмаганида,душманликлари туфайли сизга ҳасад қилиб кўзлар билан ерга қулатар эдилар. Ушбу оятда кўз тегиши ва унинг таъсири борлигини ҳақ экани ва бу фақат Аллоҳнинг амри билан бўлиши мумкинлигига далил бор” дейилади.

“Кўз” тегиши бор эканлиги ҳақида яна Қуръони каримда: “(Яқуб (а.с.) ўғилларини сафарга кузатар экан) айтди: “Эй ўғилларим (Мисрга) бир дарвозасидан кирманглар, балки бошқа-бошқа дарвозадан киринглар, Аллоҳнинг ҳукмини сизлардан қайтара олмайман, ҳукм ёлғиз Аллоҳдандир. Унгагина таваккул қиламан, таваккал қилувчилар Унгагина суянишсин!” ( Юсуф сураси, 67-оят) дейилади. Ушбу оят ҳақида “Тафсири ирфон”да: “Яқуб алайҳиссалом ўғилларининг Миср сафарига ҳозирланганлардан сўнг ёмон назарлардан ўғиллари ҳимоясини ўйлаб: “Ҳаммаларингиз шаҳарга бир дарвозадан эмас, бошқа-бошқа дарвозалардан кириб боринглар. Чунки Аллоҳ ҳукм қилган бирор нарсани қайтаришга қодир эмасман” дедилар. Бу гаплари билан Аллоҳ таолонинг иродасига зид сўзлаб қўймаслик учун ортидан: ”Аллоҳ таоло мутлоқ ҳукмдордир, нима бўлса Унинг Ўзига таваккал қиламан,  таваккал қилувчилар ҳам ёлғиз Унга суянишсин” деб қўшиб қўйди. Кўз тегиши, яъни унинг зарарга аниқ сабаб бўлиши ҳақдир, лекин бу нарса фақат Аллоҳ таолонинг изни ва иродаси билан бўлади. Яқуб алайҳиссаломнинг ўғилларига бир дарвозадан кирмасликни буюрганлари жумҳур муфассирлар наздида кўз тегишидан сақланиш лозимлигига далилдир.  Кўз тегишининг зарарга зоҳиран сабаб бўлиши ҳақдир. Имом Насафий: “Кўз тегиши одамни қабрга, туяни эса қозонга киритади” деганлар. Мусулмон кишининг бирор нарса мафтун қилса, ҳайратга солса, унга барака тилаб дуо қилиши керак. Шундай қилса, унинг кўзи тегмайди. Барака дуоси қуйидагича: “Табарокаллоҳу аҳсанул холиқийн.  Аллоҳумма барик фийҳи”. Бирор кишининг кўзи тегиши маълум бўлса, уннг одамлар ҳузурига кириши ман этилади” дейлади.

“Кўз”тегиши ҳақида Пайғамбаримиз (с.а.в.):”Кўз ҳақдир”(Имом Бухорий ривояти). Ва яна бошқа ҳадис-шарифда: “Кўз ҳақдир. Агар тақдирни  бирор нарса ўзгартираолганида кўз ўзгартира олар эди, агар ғусл қилишингизни сўрашса, ғусл қилиб беринглар” (Имом муслим ривояти).

Пайғамбар (с.а.в.): “Кўз ҳақдир. У кишини баландликдан қулатади” ( Имом Аҳмад, Табароний, Ҳоким ривояти) деганлар.

Уламоларнинг фикрига кўра, “кўз”ли киши ўзига хос ҳасадгўйдир. Лекин ҳар бир ҳасадгўй “кўз”ли киши бўлаолмайди.

Маълумки, ҳасад бирор кишида бўлган неъматни кетишини орзу қилишдир. Кўз тегиш эса бирор кишининг бирор нарсадан ҳайратланиши, ажабланиши, бирор нарсага ичини тортишидир.

Хулоса қилиб айтадиган бўлсак,”кўз” тегиши, ёмон назар бор нарсадир.  Аллоҳ таоло ҳар биримизни кўз тегишидан, ёмон назардан ўз паноҳида асрасин!

Руҳиддин Акбаров,

ТИИ Модул таълим тизими талабаси

 

 

402860cookie-check“Кўз тегиши” борми?

Сиз нима дейсиз, фикр билдиринг: