Лавозимга тайинлашда номзодларнинг қайси сифатларига эътибор бериш керак?
Агар бизда номзодлардан бирини лавозимга тайинлаш имкони бўлса, энг аввало унинг кучли ва омонатдор эканига эътибор қаратишимиз лозим бўлади. Қайси номзодда мана шу икки сифат топилса, энг муносиб номзод ўша инсондир. Аллоҳ таоло Қуръони каримда шундай деган: “Албатта, сиз ишга ёллайдиган энг яхши шахс кучли ва омонатдор шахс бўлсин” (Қасос сураси, 26-оят).
Ушбу оят лавозим бериладиган номзоднинг қайси жиҳатлари эътиборга олинишида ҳар бир жамият учун асосий мезонни ўрнатиб берган.
Мазкур икки сифат кишининг ақли ва виждонига боғлиқ бўлган сифатлардир:
– Кучлилиги – ўша соҳанинг билимдони бўлиши билан бирга, уни бошқаришга ҳам лаёқатли экани билан ўлчанади.
– Омонатдорлиги – ишига масъулиятли бўлиши билан бирга шу ишда Аллоҳ таолодан қўрқиши билан ўлчанади.
Қайси инсонда ушбу икки сифат мавжуд бўлса, у инсон ишини омонатдорлик билан, камчиликларсиз адо этади. Агар ушбу икки сифатдан фақат биттасигина бўлса, унинг ишида бетартиблик юзага келади ва кутилган натижа амалга ошмайди. Шунинг учун одамлар доим омонатдор кишининг бўшлигидан, кучли инсоннинг эса хиёнатидан шикоят қилишади. Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу: “Эй Аллоҳ! Сенга ишончли кишининг заифлигидан ва кучли кишининг хиёнатидан шикоят қиламан”, дер эканлар.
Демак, номзодлардан бирига овоз берганимизда ундаги мазкур икки сифатга эътибор қаратишимиз керак. Шунда тараққиётга энг қисқа йўл билан борамиз. Шунингдек, ишдан бўшатишда ҳам мазкур мезонни сақлай олсак, ўзимиз учун ҳам, жамиятимиз учун ҳам кўплаб муваффақиятларга эришамиз.
Мусулмон киши жамият ишларида фаол бўлиши, яхшилик ва тақво йўлида ҳамкор бўлиши лозим. Аллоҳ таоло шундай марҳамат қилган:
Яхшилик ва тақво йўлида ҳамкорлик қилинг. Гуноҳ ва адоват йўлида ҳамкорлик қилманг. (Моида сураси, 2-оят)
Ушбу қисқагина ибора дунёдаги барча ҳамкорликлар учун асосий мезонни ўрнатган. Айрим жамиятларда ҳамкорлик қоидаси уруғчилик, қабилачилик ва бошқа шунга ўхшаш ўлчовлар билан ўлчанган. Улар ўзига яқин бўлган шахс, тоифа, қабила, давлат ёки халқ нима қилса, – ҳатто зулм ва душманлик ишларида ҳам – улар билан ҳамкорлик қилишни зарур деб ҳисоблашган.
Исломда эса ҳамкорликнинг асосий шарти яхшилик ва тақводир. Агар ушбу шарт вужудга келса, ҳамма билан ҳамкорлик қилинаверади. Аммо қаерда гуноҳ ва адоват бўлса, ким бўлишидан қатъий назар, улар билан ҳамкорлик қилинмайди.
Тошкент ислом институти катта ўқитувчиси Қудратуллоҳ Сиддиқ Муҳамад