Имоми Аъзам шогирдларига дарс бериб ўтирганида бир киши ҳаяжон билан у зотнинг ҳузурига кириб: “Эй имом, мол олиб келаётган кемангиз чўкиб кетди”, деб хабар келтирди. Буни эшитган улуғ имом “Алҳамдулиллaҳ”, деганича дарсини келган жойидан давом эттираверди. Талабалар имомнинг бу ишидан ҳайрон бўлишди. Улар имомни нотўғри эшитди ёки нотўғри тушунди, деб ўйлашди. Эртаси куни яна ўша одам олдингидек ҳаяжон билан кириб келиб: “Эй имом, кемангиз чўкмаган экан, нотўғри хабар беришибди”, деди. Имом яна олдинги галгидек “Алҳамдулиллаҳ”, деб қўйди. Бу ҳолни кўрган талабалар сабр қила олмасдан: “Эй устоз, кеча мол тўла кемангиз чўкиб кетибди, деб хабар келганда, “Алҳамдулилла”, деб қўйдингиз, бугун кемангиз чўкмаган экан, деб хабар берилганда ҳам олдингидек хотиржам ҳолда “Алҳамдулиллаҳ”, деб қўйдингиз. Бунинг сабабини тушуна олмадик”, дейишди. “Болаларим, хабар келтирган одам кемангиз чўкди, деганида нафсимга қулоқ тутдим, билдимки, у мол-дунёга парво қилмаябди, мутаассир бўлмаябди ва қалбим ҳақ деб ураябди. Бундан ҳурсанд бўлдим ва Аллоҳ таолога шукр айтиб, “Алҳамдулиллаҳ”, деб қўйдим. Бугун ўша одам яна хабар келтириб, кемангиз чўкмаган экан, нотўғри айтишибди, деганида яна нафсимга қулоқ солдим, унинг ҳақ билан машғуллиги ва мол-дунёга парво қилмаётганини кўриб, бундан ҳам ҳурсанд бўлдим ва яна Аллоҳ таолога ҳамд айтдим”, деди Имоми Аъзам.
Тошкент ислом институти талабаси З.Файзиева