“21 Октябрь – Ўзбек тилига давлат тили мақоми берилган кун” муносабати билан Тошкент ислом институтида “Тил – миллатнинг маданий ва маънавий бойлиги” мавзусида маънавий-маърифий тадбир ташкил этилди.
Тадбирга Алишер Навоий номидаги тил ва адабиёт университети филология фанлари номзоди, доцент А.Тилавов таклиф этилди.
Шунингдек, Ўзбек тили байрамида Ўқув ишлар бўйича проректор Ё.Бухарбаев, Ёшлар билан ишлаш, маънавият ва маърифат бўлими бошлиғи А. Олимов, Тиллар кафедраси профессор-ўқитувчилари И.Юлдашев, Э.Анваров, О.Юнусов ва 3- курс талабалари иштирок этдилар.
Тил миллатнинг энг қадрли бойлиги бўлиб, унинг ўзлиги асоси, маънавий ва маданий қиёфасини акс эттирувчи муҳим бирлик саналади. Шунинг учун ҳам, масжид минбарларида халққа ўзбек тилида тушунарли, равон услубди дин аҳкомларини ўргатадиган толиби илмлар тилимиз тарихини, сермазмун луғат бойлигини, китоб ва мақола ёзганда имло хатоларсиз ҳамда гапни тўғри тузушни яхши билишлари керак. Мазкур сабабларни эътиборга олиб филология фанлари номзоди, доцент А.Тилавов ўз билим ва тажрибаларини талабалар билан ўртоқлашди.
Турли тиллар минг йиллар мобайнида яшаб келмоқда. Шу жумладан, туркий тиллар оиласига мансуб ўзбек тили ҳам, асрлар давомида сайқалланиб, такомиллашиб, бойиб келмоқда. Тилимиз илдизлари камида V-VII асрларга мансуб Ўрхун-Энасой битикларига бориб тақалади. Турк оламининг таниқли вакили Маҳмуд Қошғарийнинг “Девону луғотит-турк” асари туркий тиллар тарихи, шу қаторда ўзбек тилшунослиги учун ҳам муҳим манба саналади. Мазкур асарни ўрганиш жараёнида ҳозирда тилимизда мавжуд бўлган минглаб сўз ва иборалар, мақол ва маталлар минг йил аввал ҳам бугунгидек кўринишда бўлганлигини кузатиш мумкин.
Ўзбек тилининг такомилида ўзбек мумтоз адабиёти вакилларидан Ҳофиз Хоразмий, Сайфи Сароий, Атоий, Саккокий, Амирий, Яқиний, Лутфий сингари шоирлар яратиб қолдирган мероснинг аҳамияти беқиёс. Зеро, муайян тилда қанчалик кўп бадиий матн яратилса, тилнинг ички кучи ортиб боради. Тилимизнинг энг юксак чўққиларни забт этиши ва машҳурлигини таъминлашда шеърият мулкининг султони Алишер Навоийнинг ўрни беқиёс. Заҳириддин Муҳаммад Бобурнинг ҳақли равишда эътироф этганидек, туркий-ўзбек тилида “ҳеч ким онча кўп ва хўб шеър айтқон эмас”.
Навоий бобомиз ўзининг ўнлаб асарларида, шеъру достонларида тилимизнинг фасоҳати ва малоҳатини яққол ҳис қилди ва китобхонларга ҳис қилдира олди. Унинг тўрт девондан иборат “Хазойинул-маоний” номли фундаментал назмий мероси, беш достондан иборат “Хамса” асари чиндан ҳам туркий тилнинг бошқа тиллардан кам эмаслиги, аксинча, ҳар жиҳатдан бой ва гўзал эканлигини амалда исботлаб берди.
Турк назмида чу мен тортиб алам,
Айладим ул мамлакатни якқалам, —
деганида шоир Навоий ҳақ эди. Сабаби, у ўз ижоди орқали туркий миллат ва элатларни якқалам қила олди, бирлаштирди. Нафақат ўзбек тили, балки ўнлаб туркий тилларнинг бадиий жиҳатдан мукаммаллик касб этишида Алишер Навоийнинг қилган саъй-ҳаракатлари беқиёс. Зотан, бир йилча илгари хорижий конференциядаги учрашув чоғида туркиялик ҳамкасбимизнинг “модомики Ер юзининг қайсидир бурчагида туркий тилдаги сўз янграр экан, бу тилда гапирувчи ҳар бир инсон Алишер Навоийдан миннатдор бўлиши шарт” деганида фахрлангандик.
Алишер Навоий қаламига мансуб “Бадоеъ ул-бидоя” девонининг XV аср II ярми, Темурийлар салтанатининг маркази — Ҳирот шаҳрида тайёрланган ва кўчирилиш санаси кўрсатилган нусхаси Туркияда, Сулаймония кутубхонасида сақланиши аниқланди. Айни қўлёзмани ҳиротлик машҳур ҳаттот Султонали Машҳадий (1437–1520) 889/1484-1485 йили Ҳирот шаҳрида кўчирган. Шуниси муҳимки, айнан шу пайтда Навоий Ҳиротда ўз “Хамса”си устида ишлаётган эди. Шу сабабли “Бадоеъ ул-бидоя”нинг бу қўлёзмаси билан Навоий бевосита таниш бўлган, деб тахмин этиш мумкин. Муҳими, ўзбек тили тарихи ва тараққиёти учун муҳим аҳамиятга яна бир қўлёзма нусха билан ўзбек мумтоз адабиёти тарихи бойиди.
ТИИ Тиллар кафедраси
кабинет мудири О.Юнусов