Аллоҳ таоло томонидан берилган бебаҳо неъматлардан бири тилдир. Аллоҳ таоло марҳамат қилади: “Арроҳман; Қуръонни ўргатди; Инсонни яратди; унга баённи ўргатди” (Арроҳман сураси, 1-3-оятлар). Ушбу оятнинг тафсирида: “Роҳман ўзи яратган инсонга нутқни. Гапиришни ўргатди. Нутқ. Баён қилиш қобилияти Аллоҳ таоло инсонга берган улкан неъматлардан биридир. айнан ушбу неъмат билан инсон ўзга жонзотлардан ажралиб туради. Уларнинг устидан ўз ҳукмини ўтказади. Инсон Аллоҳ ерда яратган жонзотлар ичида мукаммал овоз чиқарадиган ягона жонзотдир. Бошқа жонзотларнинг овози асосан тақлидийдир ва ҳам фикрсиздир. Инсон турли товушлардан сўз. Сўзлардан жумлалар тузади ва жумлалардан нутқ қилади. дунё халқларининг турли тилларидан милллион-миллион жумлалар тузилади. Баён қилиш неъмати инсоннинг ўз ҳис-туйғуларини, хотираларини, таассуротларини гап орқали ифода этиш қобилиятидир” дейилади.
Дунёда ҳар бир халқнинг ўз тили бор. Бу тил билан улар ўзаро алоқа қиладилар. Хусусан,биз ҳам оиламизда, жамиятда она тилимиз бўлган ўзбек тили воситасида бир-биримиз билан алоқа қиламиз.
Маълумки, ўзбек тили дунёдаги қадимий ва бой тиллардан бири ҳисобланади. Ўзбек тилини мавқеъини ошириш, софлигини таъминлаш мақсадида 2020 йил 10 апрель куни Ўзбекистон Республикасининг “Ўзбек тили байрами кунини белгилаш тўғрисида”ги Қонуни имзоланди. Унга мувофиқ 21 октябрь санаси юртимизда “Ўзбек тили байрами куни” деб эълон қилинди.
Ўзбек тилининг софлиги ва мавқеъини ошириш учун тилимизга эътиборли бўлишимиз лозим. Зеро, Алишер Навоий бобомиз айтганларидек, “Тилга ихтиёрсиз-элга эътиборсиз” киши бўлишдан сақланайлик!
Аллоҳ таоло барчамизни берган неъматларига шукр қиладиган ва уларни қадрига етадиган бандалардан қилсин!
ЎМИнинг Қашқадарё вилоятдаги
вакиллик ходими Р. Акбаров