islom-instituti@umail.uz         71-227-42-37

Мурсал ҳадисга амал қилишда фақиҳлар усули

Фақиҳлар ишончли ровийнинг ҳадиси санади ҳақиқий муттасиллик бўлмаса-да, «ҳукман муттасил» ҳисоблаб, уларни саҳиҳ деб ҳукм қиладилар ва шаръий ҳужжат сифатида қабул қиладилар Бу масала «мурсал» ҳадисга амал қилиш  мавзуси билан машҳур бўлган. Мурсал ҳадис деб муҳаддислар истилоҳида тобеъин орадаги саҳобани зикр этмай, тўғридан-тўғри Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васалламдан ривоят қилган ҳадис, фақиҳлар истилоҳида эса Расулуллоҳ билан учрашмаган ҳар қандай адолат (ишонч)ли киши тўғридан-тўғри Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васалламдан ривоят қилган ҳадис тушунилади. Ташқаридан қараганда мурсал ҳадис санади узулган, шунинг учун ҳужжат эмасдек кўринса-да, бироқ мурсал ҳадисни ривоят қилган ровий умматнинг энг яхши авлодлари: саҳоба, тобеъин ёки  табаъа тобеъин бўлгани учун ҳукман муснад (санади уланган) ҳисобланади.

Мурсал ҳадисга амал қилишда уламоларнинг учта ёндашуви мавжуд.

  • Муҳаддислар усулида мурсал ҳадис санади узулгани учун заиф, ҳужжат эмас, дейишган.
  • Фақиҳлар усулида аксар: Абу Ҳанифа, Молик ибн Анас, Аҳмад Ҳанбал ва бошқалар мурсал ҳадисни қувватли ҳужжат санайдилар.
  • Паздавий Имом Шофиъийнинг: “Мурсал бошқа бир жиҳатдан муснад экани исботланса қабул қилинади. Шунга кўра тобеъин Саид ибн Мусайябнинг мурсал ҳадисларини қабул қилдим, чунки уларни бошқа томондан муснад эканини топганман” деган сўзини келтириб, бу масалада олимнинг услуби ўзига хос эканини айтган.

Имом Шофиъийгача ҳадисни мурсал тарзда ривоят қилиш анъанаси бўлган ва унга амал ҳам қилинган. Бу борада буюк тобеъин Ҳасан Басрийнинг: “Қачон сизларга “Фалончи менга ҳадис айтди” десам, биргина ўша ровийдан ривоят қилинган ҳадис бўлади. Қачонки “Расуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар” десам етмиштача ровийдан эшитган бўламан”[1] деган сўзлари машҳурдир.

Фақиҳлар усулига оид машҳур манба “Усул ал-Паздавий”да мурсал ҳадисни тўрт турга: саҳобийнинг мурсали, иккинчи ва учинчи авлод (тобеъин ва табаъа тобеъин)нинг мурсали, ундан кейинги давр адолат (ишонч)ли кишиларининг мурсали ва бир томондан мурсал иккинчи томондан муснад бўлган турларга тақсимлаб, саҳобанинг мурсал ҳадиси барча олимлар томонидан бир овоздан қабул қилинган, тобеъин ва табаъа тобеъиннинг мурсал ҳадиси эса ҳанафийлар наздида мақбул бўлиб, улар ўз қарашларини саҳобалар амали ва ақлий-мантиқий ҳужжат билан исботлашган, дейди. Саҳобалар амалига Оиша бинти Абу Бакр, Ибн Аббос, Баро ибн Озиб разияллоҳу анҳумларнинг мурсал ҳолда ҳадис ривоят қилганлари ва унга амал қилганлари ҳамда Баро ибн Озибнинг: “Биз айтаётган барчаси ҳадисларни ҳам Расул алайҳиссалоту вассалламдан эшитмаганмиз, балки баъзиларини бизга бошқалар айтиб берган. Лекин биз ёлғон гапирмаймиз” деган сўзлари келтирилган. Мантиқан қараганда ҳам ровий ҳадисни бирор ровийга боғласа, қабул қилинади ва ёлғон деб гумон қилинмайди. Энди у Расул алайҳиссалоту вассалламга боғласа, ёлғон деб гумон қилмаслик янада муносиброқ бўлади. Одатий ҳаётда ҳам адолат (ишонч)ли киши ҳадис санади ва матнини жуда ҳам аниқлик билан билса, қисқа қилиб тўғридан-тўғри Расулуллоҳ атдилар, дейди. Агар иш у қадар бўлмаса, масъулиятни ўзи эшитган кишига юклаб қўя қолади[2].

Мурсалнинг учинчи тури – аввалги уч авлоддан кейинги давр ишончли кишилари мурсали ҳужжат экани борасида “баъзи машойих (устоз)ларимиз юқоридаги асосларга таяниб қабул қилишган, баъзилари эса бу замонда ёлғон ҳадис тарқалгани учун мурсал ҳадисни санадини айтиб бермагунича қабул қилишмаган, дейди Фахрул-ислом Паздавий[3].

Имом Шофиъий ва муҳаддислар авлоди ҳижрий иккинчи аср сўнги ва учинчи асрда – жамиятда ёлғон ҳадис тўқиш амалаёти пайдо бўла бошлаган бир даврда яшаганлари учун ҳадисларни текширишда ровий шахсиятини диққат билан ўрганишган ва  Ровий ва санадга доир кўплаб тақсимотлар ва қоидалар ишлаб чиқишган. Санаддаги узулишни: мунтқатиъ, марфуъ, мурсал, муъаллақ, мавқуф, мақтуъ, муъзал, мақлуб, шоҳид, мутобиъ, муъанъан каби турларга таснифлаб ўрганишган. Ровийларни эса: сиқа, садуқ, заиф, возиъ, мусаҳҳиф, муҳарриф, мудаллис, шоз, мункар, маъруф, музтариб, муҳмал каби тақсимотларга бўлишган. Шунингдек, илк бора мурсал ҳадис ҳужжатлиги масаласини баҳс қилиб, уни қабул қилишда маълум шартларни қўйишган.

Фақиҳлар усули мазкур даврдан олдинроқ шакллангани учун муҳаддислардан фарқли равишда ҳадиснинг матнини ўрганиш ва шаръий-ҳуқуқий жҳужжат сифатида фойдаланишга катта аҳамият қаратишган ва усул ал-фиқҳ қоидалари асосида муҳаддислар эътибор бермаган кўплаб жиҳатларни тадқиқ этишган. Фақиҳлар ҳадис матнига қўйилган икки шартни умумий қилиб, “иллат” дан холи бўлиш шарти сифатида талқин этиб, муҳаддислар қабул қилган кўпгина ҳадисларни матнидаги “иллат” сабаб рад этишган. Ушбу масалани ҳанафий фақиҳлар –انقطاع الباطن  Санаддаги яширин узулиш” мавзусида: “Ҳадислардаги иллат уларни асл манбаларга солиштириш билан аниқланади ва улардан бирортасига хилоф келса мардуд (шаръий ҳужжат сифатида қабул қилинмаган) ва мунқатиъ (санади узилган) ҳисобланади” дея тўрт турга бўлиб баён қилган. Улар:

  • Аллоҳнинг китобига хилоф келиб қолиши,
  • Суннатга хилоф келиб қолиши,
  • Машҳур ҳодисалар ва кўпчиликда содир бўладиган ишларни ёлғиз ровий томонидан, ёки бошқалардан фарқли равишда ривоят қилиниши,
  • мазкур ҳадисни катта саҳобалар амал қилмай рад этишлари”[4].

Аслида ҳадис ва Қуръони карим маъносида ҳақиқий қарама-қаршилик бўлмайди. Аммо уларни кетма-кетлик тартибини билмаслик, ровий воқеани аслидан бошқача тушуниб,  ривоят қилиши, айрим ровийларнинг хато ривоят қилиши натижасида оз сонли ҳадислар кўп сонли ҳадисларга, ўзидан ишончли мутавотир ҳадис ва оятга мувофиқ келмаслиги мумкин. Фақиҳлар, усулий олимлар мазкур ҳадисларни бошқа манбалар, луғат ва мантиқий мезонлар асосида таҳлил қилиб, муносиб баҳо берганлар.

 

Тошкент ислом институти катта ўқитувчиси

Собиржон домла Рустамов,

Тошкент ислом институти ўқитувчиси

Ғайбуллаев Саидаҳмадхон

 

[1] Муҳаммад Анвар Бадахшоний. Тайсир Усул ал-фиқҳ. – Мадира: Мактаба дор аз-замон, 2015. – Б. 99.

[2] Фахрул-ислом Паздавий. Усул ал-Паздавий/доктор Саид Бекдош таҳрири остида. – Мадина: Дорус сирож, 2016. – Б. 392.

[3] Фахрул-ислом Паздавий. Усул ал-Паздавий/доктор Саид Бекдош таҳрири остида. – Мадина: Дорус сирож, 2016. – Б. 393.

[4] Фахрул-ислом Паздавий. Усул ал-Паздавий/доктор Саид Бекдош таҳрири остида. – Мадина: Дорус сирож, 2016. – Б. 409.

410420cookie-checkМурсал ҳадисга амал қилишда фақиҳлар усули

Сиз нима дейсиз, фикр билдиринг: