Қуёш чиққан куннинг энг яхшиси жумъа кунидир. Бу ҳақда ҳам Пайғамбаримиз (с.а.в.) “Қуёш чиққан кунларнинг энг яхшиси жумъадир! У куни Одам яратган, у куни жаннатга киритилган, у куни жаннатдан чиқарилган, қиёмат куни ҳам жумъа кунидадир” ( Имом Муслим ривояти).
Жумъа куни мўмин-мусулмонлар учун байрам. Жумъа куни ғусл қилиб, тоза либослар кийиб жумъа намозини масжидларда жамоат бўлиб ўқиш учун борамиз. Пайғамбар (с.а.в.) “Албатта, бу (жумъа куни) байрам кунидир. Аллоҳ таоло уни мусулмонлар учун (байрам) қилган. (Шундай экан) ким жумъага келса, ғусл қилсин, агар унда хушбўй атир бўлса, ундан сепиб олсин. Мисвок билан тиш тозалашга ҳам маҳкам турсин” (Ибн Можа ривояти).
Бугунги жумъа куни барчамиз учун файзли бир кундир. Бу кунда қилинадиган суннат амаллар қуйидагилар:
- Жума учун ғусл қилиш.
- Хушбўй нарсалар суртиш.
- Чиройли кийимлар кийиш.
- Жумага виқор ва сакина билан эрта бориш.
- Жума куни баданни тозалаб, ҳайъатни гўзал қилиш.
- Жума куни Каҳф сурасини қироат қилиш.
- Жума куни ва кечаси дуони кўп қилиш.
- Жума куни ва кечаси Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга кўп салавот айтиш.
- Имом биринчи ракъатда Фотиҳадан кейин Жумуъа сурасини ва иккинчи ракъатда Мунофиқун сурасини қироат қилиш.
- Жума куни бомдод намозида “Ҳаа мийм сажда” ва “Ҳал атаа алалинсани” сураларини қироат қилиш суннатдир.
- Жума намозининг фарзидан аввал ва кейин тўрт ракъатдан суннат намози ўқиш.
Аллоҳ таоло барчамизни жумъа кунининг фазилатидан баҳраманд қилсин!
ЎМИнинг Қашқадарё вилоятдаги вакиллик ходими
Р. Акбаров