“Қуръони карим” Аллоҳу таолонинг китобидир. Аллоҳ таоло биз мусулмонларни ҳидоят қилиш учун уни нозил қилган. Аллоҳ таоло каломи бўлган “Қуръони карим”ни ўқиш ибодатдир.
Ҳар бир мусулмон биладики, “Қуръони карим”ни нопок ҳолда ушлаш мумкин эмас. Нопок ҳолда деганда таҳоратсиз, жунубли кишилар тушунилади. “Қуръони карим”ни пок ҳолда, таҳорат билан ушлаш вожиб ҳисобланади.
Аллоҳ таоло шундай марҳамат қилади: “У(Қуръони карим)ни покланганларгина ушлайди (Воқеа сураси, 79-оят). Ушбу оятнинг тафсирида: “Аллоҳнинг каломи Қуръони каримни аввалда моддий ва маънавий жиҳатдан Аллоҳ поклаган фаришталар ушлайдилар, уни “Лавҳул-Мафҳуз”дан олиб тушадилар. Сўнгра таҳорат ёки ғусул билан баданини поклаган, руҳи ва қалбини эса куфр, ширк, гумон. Нифоқ каби маънавий нопокликлардан тозалаган инсонларгина Қуръони ушлашга ҳақлидирлар. Қуръони каримни ушлаш учун таҳоратли бўлиш вожиблиги ҳақидаги ҳукм ушбу ояти каримадан олинган” дейилади.
Ҳаким ибн Ҳизом разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам мени Яманга юбораётганларида “Қуръони каримни фақатгина пок ҳолингда ушлагин” – деган эдилар” (Имом Ҳоким ривояти).
“Қуръони карим”ни нопок яъни таҳоратсиз, жунубли кишилар ва ҳайзли, нифосли аёллар ғилофсиз ушлашлари мумкин эмас. Агар “Қуръони карим”нинг устида ғилофи бўлса, уламолар уни бетаҳорат ҳолда ушлашга рухсат беришган. Бу ҳақда мазҳабимизнинг мўътабар манбаларидан бўлган “Ҳидоя” асарида:“Ҳайз ёки нифос кўраётган, жунуб бўлганлар мусҳафни фақат ғилофи билан, “Қуръони карим”дан сура ёки оятлар ёзилган тангаларни ҳамён билан ушлашлари мумкин. Таҳоратсиз киши ҳам мусҳафни ғилоф билан ушлайди” дейилади.
Хулоса қилиб айтамизки, “Қуръони карим”ни пок ҳолда, таҳорат билан ушланади ва бу унга ҳурмат ва таъзим келтириш ҳисобланади.
ЎМИнинг Қашқадарё вилоятдаги вакиллик ходими
Р. Акбаров