Етук олим, қалби уйғоқ шайх нақшбандия тариқатининг буюк уламоларидан бири бўлган Махдум Шоҳ Қосим Ҳанафий Нақшбандий 1845 йили Сурхондарё вилояти Сариосиё туманидаги Сангардак қишлоғида туғилган. Халқ орасида Махдум Шоҳ Қосим ёки Домулло Шоҳ Қосим ёки Бобои Шоҳ Қосим ёхуд Домуллои калон номи билан машҳур. Шоҳ Қосимнинг ёшлик ва болалик чоғлари ҳам мана шу Сангардак заминида ўтган. Вояга етгач, аввал Денов шаҳридаги Саййид Оталиқ мадрасасида таҳсил олган. Кейин эса, узоқ йиллар давомида Бухоро шаҳридаги йирик таълим муассасаларида ўқиган. Ўша даврдаги Бухоро ҳукуматида олий ўқув даргоҳи ҳисобланган Мири Араб мадрасасида ҳам таҳсил олади. Иқтидори баланд, билимга чанқоқ, зеҳни ўткир бўлгани боис тез орада Бухоро мадрасаларида таълим оладиган ўқувчилар орасида танилиб қолади. Бу киши усулул-фиқҳ (Ислом ҳуқуқи) илмини пухта ўзлаштириб ўша даврда турли мусобақаларда қатнашиб келган. Кейинроқ марказ мадрасаларида шогирдларга дарс бериш баробарида толиби илмларга кўп моддий ва маънавий ёрдамлар кўрсатиб, уларни мадрасада талаба бўлишига, илм ўрганиб йетишишига сабабчи бўлган. Махдум Шоҳ Қосим Бухоро шаҳридаги мадрасаларда ўзига хос обрў эътиборга сазовор бўлган. Ҳурматли домла марказдаги олий мадрасаларни муваффақиятли хатм қилгач, устозларидан фотиҳа олиб ўзи тўғилиб ўсган замин яъни Сангардак қишлоғига қайтиб келади.
Айтишларича бу буюк истеъдод соҳиби араб тилини пухта ўзлаштириб ҳамда форс тили, Қуръон таърихи ва Қуръон илми, тафсир, ҳадис, усулул-фиқҳ, мерос, мантиқ каби кўплаб фанларга кифоя қиладиган даражада илм ва маълумотга эга бўган.
Ҳурматли домла ҳаётларини асосий қисмини илм олиш ва шогирдлар чиқаришга сарфлаган. Сангардак ва ён-атрофдаги қишлоқлардан жуда кўп аҳли илмлар саволларига жавоб топиш мақсадида бу Зотнинг ҳузурларига келганлар. Бу буюк устознинг даргоҳларида доимий хизматда шай бўлиб илмларидан баҳра топган шогирдлари жуда кўп бўлган. Қуйидагилари халқ орасида машҳур бўлган: Қодирқул халифа, Домла Кароматуллоҳ, Мулло Низомиддин, Махдум Ҳабибуллоҳ, Мулло Афандий, Мулло Нурмуҳаммад ва бошқалар. Шогирдлар устозга қилган хизматлари хос Аллоҳнинг розилиги учун Устозга бўлган эҳтиром ва динга бўлган муҳаббатларидан бўлган. Боғча қишлоғида яшаган махдум Жунайдуллоҳ ҳожи раҳимаҳуллоҳнинг айтишларича талабалар мадрасага таҳсил олишга боришларидан олдин ҳам кейин ҳам устоз Шоҳ Қосим домладан таълим олиб турганлар.
1926 йилида Махдум Шоҳ Қосим Ҳанафий Нақшбандий 81 ёшда вафот этадилар. Жаноза намози Сангардак қишлоғида ўқилган. Жаноза намозига домла Нурмуҳаммад Юсуфий имомлик қилган. Муборак мақбаралари ҳам шу қишлоқнинг ўзидадир. Айни пайтда одамлар зиёрат қиладиган файзли бир маконга айланган.
Айтиш лозимки, ҳалигача ўша жойнинг маърифатпарвар кишилари Шоҳ Қосим домланинг диний-маърифий мазмундаги амру-маъруфлари, қилган ишлари, айтган сӯзларию каромотларини шавқу-завқ билан айтиб келадилар.
Сангардак қишлоқининг имом хатиби Шоди қорининг айтишларича Махдум Шоҳ Қосим Ҳанафий Нақшбандий томонидан қолдирган китоблари ҳали-ҳанузгача қишлоғининг кўп хонадонларида мавжуд бўлиб, одамлар У киши томонидан қолдирган китобларни ноёб нусха сифатида сақланиб келмоқдалар.
Тошкент ислом институти талабаси
Ҳабибов Абдуқаҳҳор