Ассалому алайкум азиз ўқувчи! Мақолани салом бериш билан бошлаганимга хайрон бўлманг. Чунки бугун айнан саломлашиш ҳақида ўз ҳаётимда содир бўлган бир воқеа ҳақида сўзлаб бермоқчиман.
Ота-онам, устозларимннинг барчаси одобнинг белгиси салом бериш деб ўргатганлар. Мир Араб мадрасасида таҳсил олиб юрган вақтларимиз Ҳадис фанидан “Одоб” китобининг айнан “Салом боби” билан бошланганини кўриб, салом одобнинг бошланиши эканига чин дилдан иқрор бўлдим. Бу бобни устозларимиз шу даражада тушунтирдиларки, натижада бизга рўбаро келган ҳар қандай одамга у биздан ёши катта бўлсин ёки кичик бунга эътибор бермай, биринчи бўлиб салом берадиган бўлдик. Аллоҳнинг лутфи инояти билан Имом Бухорий номидаги Тошкент ислом институтида ўқишни давом эттириш насиб қилди. Талабалик йилларим ҳар куни тонгда институтга маҳалла ичидан ўтиб бориб, кечга яқин ижарадаги уйимга қайтар эканман, олдимдан чиққан маҳалла аҳлининг деярли ҳар-бирига салом бериб ўтардим. Аввалига биров алик олди, яна бошқаси бош силтаб қўя қолди. Айримлар ҳатто мен томонга қараб ҳам қўймади. Баъзилари эса саломга алик олиш ўрнига (балки “Бирор танишиммикан?”, деган ҳаёлдамикан билмадим) юзимга хайрон бўлиб тикиларди. Лекин мен, буларнинг ҳеч бирига парво қилмай, одатим бўйича салом бериб кетаверардим. Саломимга жавоб берсалар яхши, бўлмаса фаришталар алик олади-ку деб, баъзан ўзимни ўзим овутиб ҳам қўярдим. Баъзан эса “Салом бериш суннат, алик олиш вожиб, менга алик олмаган кишиларга салом берсам, алик олмаганлари учун вожибни тарк қилиб, гуноҳкор бўлишларига сабаб бўлиб қолмаддиммикан?”, деб ўйлардим. Лекин бу фикр кетидан дарҳол “Билиб туриб исломнинг шиори, суннат бўлган бир амални бошқаларни бепарволиги сабаб тарк қилишим тўғри эмас”, деб ҳам ўйлардим.
Кун кетидан кунлар, ойлар ҳатто йил ўтиб кетар, мен ҳар куни маҳалла оралаб ўтарканман ўз одатимни канда қилмасдим. Энди кўп нарсалар ижобий томонга оға бошлади. Қанда дейсизми? Илгари саломимга олик олмайдиганлар, ҳатто қарамайдиганлар ҳозир ним табассум билан алик оладилар. Илгари фақат бош силташ билан кифояланадиганлар, энди чин кўнгилдан, баралла алик олаёптилар. Илгари алик оладиганлар энди фақат оғзака аликка ҳам қаноат қилмай, мен билан қўл сиқишиб кўришадиган ва ундан ташқари сиҳат-саломатлигим, ишларим, оила аъзоларимнинг ҳол-аҳволларини ҳам сўрайдиган бўлишди. Айниқса яқиндаги бир воқеъа мени шундай хурсанд қилдики, ҳатто кўзларимдан қувонч ёшлари чиқиб кетаёзди. Ҳар кунгидек маҳҳалла аҳладан бир киши мен билан самимий салом аликдан сўнг, қўлимни қўйиб юбормай менга : “Сизни бугун учратганим жуда яхши бўлди. Қизимизнинг никоҳ тўйи муносабати билан эртага, эрталаб соат 7. 00 да фалон тўйхонада ош бераяпман. Сизни тўйга таклиф қиламан. Албатта келинг. Бошим осмонга етади.”, деб қолди. Бу одамнинг гаплари оғзидан эмас, қалбидан чиқаётгани, унинг кўзлари, юзларидан билиниб турарди. Қизларини бахтини тилаб дуо қилдим, таклифи учун ташаккур билдирдим, бундан жуда қаттиқ таъсирландим. Чунки тўй қиладиган киши одатда ўзи учун энг қадрли, яқин қавми қариндошлар, ёр-дўстларини таклиф қилади. Наҳотки мен шу киши учун энг яқинлар қаторида бўлсам. Бунинг сабаби нима? Мени бу хонадонга шунчалик яқинлаштирган нарса нима?, деган савол бир оз ўйлантирди. Лекин жавобини дарров фаҳмладим. Бу – саломнинг шарофати, бу –саломнинг барокати эди. Айни шу чоғда ёдимга илк талабалик давримда ёд олганим ва ҳозирда бунинг ҳаётдаги ўрни ҳамда аҳамиятига ўзим гувоҳ бўлиб турган ҳадиси шариф ярқ этиб келди.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу айтадилар: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Ҳақиқий мўмин бўлмай туриб жаннатга кирмайсиз, бир-бирингизни ўзаро яхши кўрмагунингизча ҳақиқий мўмин бўлмайсиз. Бир-бирингизга муҳаббат пайдо қиладиган ишни ўргатайми? Ўрталарингизда саломни ёйинглар.”, дедилар” .
Мен ушбу ҳадиснинг нақадар ҳаётбахш экани, жамиятда одамлар орасида муҳаббат пайдо қиладиган энг биринчи омиллардан экани яна бир бор тасдиғини кўрдим.
Саломлашиш сабаб мен ҳам шу маҳалланинг бир аъзосидек бўлиб қолганимни ўзим ҳам сезмай қолибман. Эндиликда Тошкент шаҳрининг ушбу маҳалласининг тўй ва зиёфатларида қатнашиб турибман. Бунинг барчаси аввало Аллоҳ субҳанаҳу ва таолонинг мукофоти, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам суннатларининг бир бўлган саломлашишнинг шарофати.деб биламан. Ўзига раво кўрган нарсани ўзганларга ҳам рово кўриш улуғ амаллардан экани жиҳатидан ҳам бу воқеъа атрофидаги фикр ва мулоҳазаларни сиз билан баҳам кўрдим.
Хулоса шуки сизга рубарў келган одам ёшми, қарими, таниш-нотаниш ким бўлса ҳам биринчи бўлиб, бу ҳам бир ибодат деган эътиқод билан салом бераверинг. Чунки “Ассалому алайкум” деган бир оғиз сўз замирида “Сизга тинчлик,омонлик тилайман”, “Мени сизга нисбатан ёмонлик қилиш ниятим йўқ, сизга тажоввуз қилиш мақсадим йўқ. Шундай экан мен томондан бирор ёмонлик кутманг”, деган маънолар бор. Энг муҳим жиҳатларидан бир “Ас-Салом” Аллоҳ таолонинг исми сифатларидан бир эканидир. Икки одам бир-бирининг олдидан ўтиб кетар чоғи бир-бир билан саломлашар экан, шу сўз асносида ўзларининг Роббисини зикр қилиб ўтган, Яратувчисини эсга олган ҳам бўладилар. Бу эса жуда катта савобдир. Салом бериш ва алик олишдан эринманг. Зеро салом одобнинг байроғи, муминлик белгиси Ислом динининг шиори эканини бир сония бўлсин унутмайлик. Айниқса ўсиб келаётган ёш авлод қалбига бу бебаҳо таълимотни сингдириш ҳар бир ота-онанинг, жамияти тараққиётига ўзини дахлдор деб билган ҳар-бир шахснинг бурчидир.
Тошкент ислом институти
Катта ўқитувчиси Ё.Бухарбаев