بِسۡمِ ٱللهِ ٱلرَّحۡمَـٰنِ ٱلرَّحِيمِ
Ассалому алайкум, азиз Ўқувчи!
“Инсонлар ва жинларни Менгагина ибодат қилишлари учун яратдим” ояти каримасидаги “лияъбудуний” калимасини муфассирлар сардори, Расули Акрам Муҳаммад Мустафо саллоллоҳу алайҳи васалламнинг хос саҳобаси, Қуръони Каримнинг илк муфассири Абдуллоҳ ибн Аббос розиёллоҳу анҳу “лияърифуний” деб тафсир қилган эканлар. Яъни, оятдаги “Менга ибодат қилишлари” сўзини “Мени танишлари, Мен ҳақимда маърифат ҳосил қилишлари” маъносида.
Дарҳақиқат, бир қарашда маъносиздек туюлган бутун борлиқ, бутун коинот унинг Яратувчиси, Эгасини таниган сайин маъно касб этиб, теранлашиб, очилиб бораверади. Ундаги жами мавжудотлар нима учун яратилган, не мақсадда йўқдан бор қилинган? Бу қадар мукаммал тизим тасодифий ҳамда шунчаки, мақсадсиз, маъно-мазмунсиз бўлиши ҳам мумкинми? Шу каби саволлар инсонни тафаккурга, тасаввурга йўналтиради, ўстиради, илоҳий маърифат сари етаклайди, йўлимизни ойдинлатади…
Аллоҳни таниш… қанчалар буюк, шарафли маърифат… инсон яратилиш ғоясининг тақозоси… борлиқнинг мавжудлик синоати, мазмун-моҳияти мужассам ушбу икки оғиз сўз, бир жуфт калима ичра. Зеро, Халлоқи Оламийннинг, “Мен бир жавҳар эдим, Ўзимни танитмоқ истадим!” марҳамати ифодаламайдими ушбу улуғ хабар маъносини?! Дарвоқе, таниш бахтига муяссар бўлганлар, маърифатуллоҳла неъматланганлар Унга эришиш, висолига етиш учун қанчалар ошиққан, тоқатсизланган, сиғмаганлар ушбу тор, фоний дунёи заминга…
Уни таниш, Унинг ишқи билан яшаш… Қандоқ бўлади ўзи бу? Ҳис қилиш мумкинми ушбу ҳолни?
Дейлик, чақалоқ онаси, отасини қандай танийди? Дунёга келган онидан бошлаб улар бағрида, доим ҳамнафас, мудом ҳимоялари, ғамхўрликлари, қайноқ меҳру муҳаббатлари остида… юрса-югурса, ўтирса-турса, йиғласа-кулса отаси ёки онаси у билан бирга, ҳамдам ва ҳамроҳларидир унинг. Ҳаттоки энг кичик ва арзимас эҳтиёжларини ҳам улардан истайди, энг қувончли ҳамда қайғули дамларида ҳам мутлақо уларни эслайди, чақиради, мадад кутади… Қанчалик танийди у ота-онасини? Илк зикри ҳам, ухлашдан олдинги охирги сўзи ҳам “Онажон” ёки “Отажон”дир унинг… У ота-онасининг ҳар бир қилиғи, ҳар бир сифати, феълини ўз исмидан ҳам яхши билади, севади, ҳис қилади ва шунга кўра муомалага киришади улар билан…
Маърифатуллоҳ пиллапояларига юксалган ориф ҳоли ҳам мана шу ҳолатлардан мустасно эмас, унчалик фарқ қилмайди, аслида… Ваҳоланки, у ҳам Роббининг барча сифатларини ўз салоҳиятига кўра, билади, фикр ва зикр этади, коинотдаги жами махлуқотлардаги асмои ҳусна тажаллисини кўради, гувоҳи бўлади, мушоҳада қилади ҳамда шунга биноан У ва Унинг махлуқлари билан муомалага киришади… Нақадар буюк бахт, беқиёс саодат ҳар махлуқ устида Оламлар Парвардигорининг исмлари тажаллиси, барча сифатлари таъсири, фаолияти, аксини кўрмоқ, ўқимоқ ҳамда шу зайл маърифат ҳосил қилмоқ!
Дарвоқе, мисол учун, бир баргда, битта чумолида Ҳақ Таолонинг 99 исми сифатини кўриш, кузатиш мумкинми ўзи? Ваҳоланки, қайсидир танишимиз қўлидан чиққан маҳсулотни бир кўришда таниймиз баъзида. Аслида, Хожаи мутлақимиз – Аллоҳ Жалла Жалалуҳунинг гўзал исмлари Асмои Ҳуснанинг сони нечта ва қайсилар эканлигини ҳаммамиз биламизми, идрок эта оламизми, атрофимизда, ҳаётимиздаги Аллоҳнинг фаолиятини кузатишга қодирмизми?
Ушбу саволлар, аввало, ўзим, қолаверса, барчамиз учун оғриқли ҳозирги кунда. Онг остимиз моддиюнлашиб, қотиб қолган ушбу давр учун бу каби масалалар ўта залворлию. Ақлимиз, шууримизни бошқа ерларга адаштирувчи, тентиратувчи манба ва маълумотлар ҳажми эса керагидан ортиқ даражада салмоқли, ақл бовар қилмас ҳажмда улкан ҳамда қўрқинчли. Таассуфлар бўлсинки, барча муаммолар ечими бўлган Оламларнинг Эгаси ҳамда Унинг гўзал исми сифатларини таниш, ўрганиш, ўқиш, ёд олиш бир чеккада қолиб, бошқа нарсаларга чалғиб юришимиз ғалати, албатта.
Ушбу кичик рисолача орқали биз Аллоҳнинг исми сифатлари – Асмои Ҳуснани ўрганишга бироз бошқача ёндошишга ҳаракат қилдик. Ҳар бир гўзал исмга назмий тўртлик бағишлаб, ёд олиш ва ҳиргойи қилиб юриш учун ўзимизча қулайлаштиришга уриндик. Ожизона ҳаракатларимиз Сиз ва оилангиз учун Роббимизни таниш ҳамда исмларини зикр қилишда зарра қадар наф келтирса, бошимиз қувончдан осмонларга етган бўларди.
Ўзини танишда барчамизга яна Ўзи мададкор бўлсин! Танитиш учун йўллаган Буюк Элчиси Ҳабиби Адибимиз Муҳаммад алаҳиссалоту васалламга чексиз эҳтиром ҳамда саловоту саломларимиз етиб борсин!
орифнинг маърифати
Ҳақ шарларни хайр айлар,
Ўйламаки, ғайр айлар,
Ориф ани сайр айлар,
Кўрайлик, Мавлом найлар,
Найларса, гўзал айлар…
Иброҳим Ҳаққий Афанди
Ҳақ Таоло – ёмонликларни яхшиликларга ўгиради, сиз уни бошқача қилади деб ўйламанг. Ориф банда мана шу фаолиятни томоша қилиб, завқланади, лаззат туяди. Кўрайликчи, Мавломиз, Эгамиз нима қилар экан. Ваҳоланки, У нима қилса ҳам, албатта, чиройлидир, гўзалдир!
Унга оид ҳар неки бўлса – гўзал, ҳикматли, натижаси хайрли ва манфаатлидир, албатта!
Орифона дунёқараш, маърифатга тўйинган қалб эътирофидир бу! Илоҳий маъноларнинг Ҳазрати Инсон шууридаги инъикоси, бандаи комил онгидаги қаноат ҳамда ақлини ўзига ром этган ҳақиқатнинг мазҳариятидир ушбу эътиқод…
Ориф ким? Унинг кўриниши қанақа? Кийиниши, юриш-туриши, ейиш-ичиши ва кишилар орасида ўзини тутиши ҳамда бошқалардан ажралиб турадиган васфлари нималардан иборат?
Аслида, ҳар биримиз Роббимизни таниганимиз қадар юксалиб, маърифат ҳосил қилиб, орифлашиб борамиз. Тўлақонли “ориф” мақомига даъво қила олмасак ҳам, маъифатимизга яраша қурбат, яқинлик ҳосил қиламиз Эгамизга… Инчунун, ориф ҳам биз каби оддийгина инсон. Қизиғи ҳам мана шунда… Аллоҳни таниш ва Унга яқинлашиш учун қанақадир ҳеч кимда йўқ хусусиятлар соҳиби бўлиш талаб қилинмайди кишидан. Шунчаки, ўқиш, ўрганиш, изланиш, тафаккур ва тадаббур қилиш кифоя. Учта илоҳий китоб: Аллоҳнинг каломи – Қуръони Карим, Коинот китоби ҳамда Инсон китобини ҳарфма-ҳарф ҳижжалаб ўқиш, тадқиқ этиш, улардаги Оламлар Парвардигорининг асмоларини пайқай билиш, қалб кўзи ила томоша қилиш Бани Одам алайҳиссаломга юклатилган илоҳий вазифа, Раббоний масъулиятдир…
Мазкур китоблар таълими ҳамда тарбиясида етилган бандалар учун очун, олам бошқача кўрина бошлайди. Нуқтаи назари, дунёқараши ўзгаради уларнинг. Қалблари ҳаловатда, баданлари не ҳолда бўлса-бўлсин, руҳлари сокинликда, ақлу шуурлари эса мудом изланиш, тафаккурда, ҳайратда… маънолар дастурхонидан неъматланишда ниҳоя билмаслар улар. Ана ўшалар ҳар яратиқда ҳикмати илоҳийга гувоҳ, унинг дунёвий ва ухровий мукаллафиятларидан бохабар. Ҳатто бошқалар ёмон, абас ҳисоблаган нарсаларниям оқибатда хайрли яратилганларини ҳам ақлан, ҳам қалбан тасдиқлашади, гувоҳлик беришади, одатуллоҳий ҳужжатлар билан исботлай олишади…
Орифни тушунган бахтиёрлар уни эъзозлаб, эҳтиромлаб бошлари узра кўтаришса, билъакс, тушуна олмаган бадбахтлар, дунёга ўзларининг тор деразаларидан боқиб, устиларидан кулишади, масхаралашади, жиннига чиқаришади, баъзан туҳматлар қилишдан ҳам тойишмайди. Орифнинг эса, уларга нисбатан нафрати фақатгина ачинишдан иборат. Ажабланарлиси, баъзан кўз ёшлари ҳам тўкиши мумкин ўша басиратсизларнинг ҳақиқатни англамаганларидан қайғуриб, дардланиб. Боиси, ориф яратиқни Яратган учун севиш, ҳар заррада Сонъеининг тамғаси, имзосини кўриш қобилиятига эга. Қандай қилиб Севганига оид ашёдан нафратланиши, ёмон кўриши мумкин ахир?!
Маърифатуллоҳнинг муборак пиллапояларидан юксалган Ҳақ ошиғи, Вадуд девоналаридан Ҳазрати Навоийлар, Мавлоно Румийлар, Шоҳ Машраблар, Савдойи Ҳувайдолар озмунча қалам тебратишди дейсизми назм бобида ушбу мавзуга оид? Улар бутун инсоният қалбига, онгига, ақлига ўз ўтли ифодалари, оташин таърифу тавсифлари ила муҳрлаб кетишди илоҳий ишқ достонлари, савдо солномалари, фироқ изтироблари, ҳақиқий инсонийлик руҳи, латоифлари тараннумларини…
Бизнинг камтарона ташлаган ушбу илк қадамимизни ул зоти бобаракотлар ижодига менгзашнинг асло иложи йўқ эса-да, шарафли изларидан юриш, силжиш эмас, балки, шу ниятда оёқ кўтаришга бўлган ожизона ҳаракат, деб баҳолагайсиз. Нуқсонлари ғирт шахсиятимиздан ҳисобланмиш ушбу уриниш келажак ишлар, навбатдаги ижодлар учун бир дебоча, бир бошланғич деб санагайсиз, лутф ила! Сизнинг дуою илтифотларингиз шу йўсинда қилган камтарона қимирлашларимизга туртки, Раббоний қутнинг, бараканинг чақирувчиси бўлса, не ажаб! Умид фақат Ўзидан! Зуннун Мисрий таърифи ила, бизнинг сўзимиз Унинг сифатларини чиройли танитолмайди, балки муборак Исми Сифатлари жумлаларимизни безаб, гўзаллаштириб туради.
Аллоҳни таниш ва Коинотдаги тажаллиларини мушоҳада қилиш, шу билан бирга, бу дунёдаги ақл, қалб кўзи билан кўрганларимизни, у дунёда ҳақиқий кўз орқали кўришни барчамизга насиб айласин!
Ўзига Буюклиги, Азаматига яраша ҳамду сано, Пайғамбаримизга беҳисоб салоту саломлар, дуруду эҳтиромларимиз бўлсин! Аллоҳга омонат, Азизлар!
Тошкент ислом институти ўқитувчиси
Нигора Усмон Ҳамидуллоҳ қизи
Фойдаланилган адабиётлар рўйхати:
- Шайх Алоуддин Мансур. Қуръони Азим мухтасар тафсири, Мовароуннаҳр нашриёти, Тошкент, 2019 йил.
- Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф. Ақоид илми ва унга боғлиқ масалалар, Ҳилол нашр, Тошкент, 2019 йил.
- Абдулқодир Абдураҳим. Эътиқод дурдоналари, Тошкент ислом университети, Тошкент, 2012 йил.
- Маҳмад Дикман. Асмоул Ҳусна, Жиҳан яйинлари, Истанбул, 2012 йил.
- Муҳаммад Ротиб Нобулсий. Мавсуату асмоуллоҳул ҳусна, Дорул мактабий, Шаржа, 2002 йил.