Азалдан халқимиз илмга, хусусан диний илмларга рағбат билдириб келган. Кейинги йилларда мўмин-мусулмонларнинг динни ўрганишга бўлган қизиқиши янада ортиб бормоқда. Ўз ўрнида давлатимиз томонидан мусулмонларнинг диний эҳтиёжларини қондириш учун бир қанча ишлар амалга оширилмоқда. Ўзбекистон мусулмонлари идораси ҳам бунга ўз ҳиссасини қўшиб келмоқда. Ўзбекистон Мусулмонлари идораси Ўзбекистонда фатво чиқарувчи ягона ташкилот ҳисобланади. Омма учун керак бўлган, муҳим ва долзарб масалаларга фатвони Ўзбекистон Мусулмонлари идораси эълон қилади. Мусулмонлари идорасида уламолар кенгаши бор ва унга Муфтий ҳазратлари раислик қилади. Ўзбекистон халқи учун умумий фатволар берилади. Ундан ташқари, идора таркибида фатво бўлими ҳам бор. Унда фуқароларнинг мурожаатларига, саволларига жавоблар берилади. Бу ерда мусулмонлар ёзма, оғзаки ёки телефон орқали, шунингдек, идоранинг расмий сайти ва ижтимоий тармоқларидаги саҳифаларига саволлар билан мурожаат қилишлари мумкин. Фатво бўлими муайян фатво бериш билан шуғулланади. Фатво берувчи киши, аввало, Қуръон илмини яхши билиши, ҳатто ёдлаган бўлиши керак. Чунки масалага жавоб, биринчи, Қуръондан олинади. Кейин, Пайғамбар алайҳиссалоту вассалом ҳадисларини билиши, уламоларнинг фатво китобларини ўқиган бўлиши, уларда ҳар бир масалада нима дейилганини билиши лозим. Энг муҳим нуқталардан бири замонасини, унинг урф-одатларини, одамларнинг ижтимоий ва бошқа жиҳатларини билиши зарур. Шу маънода барча исломий билим юртларида бўлганидек Имом Бухорий номидаги Тошкент ислом институтида ҳам бўлажак динимиз ходимлари бўлган талабаларга шариъат ҳукмлари чуқур ўргатилиб келинмоқда. Ақида, ҳадис, тафсир фанлари билан бир қаторда фиқҳ ва унга доир бўлган фатво бериш асослари ҳам мунтазам равишда талабаларга дарс сифатида ўқитилади. Талабаларнинг диний билимларини мустаҳкамлаш учун институтда турли тадбир ва мусобақалар ҳам ташкил қилинади.
Шу мақсадда бугун институтнинг биринчи курс талабалари Ўзбекистон Мусулмонлар идораси қошидаги Фатво марказига ташриф буюрдилар ва у ердаги иш жараёни билан яқиндан танишдилар. Институт талабалари фатво бериш жараёнини ўз кўзлари билан кўриш билан бир қаторда шу ерда фаолият олиб бораётган устозлардан ўзлари учун муҳим кўрсатма сабоқларни ҳам олдилар.
“Ақоид ва фиқҳий фанлар” кафедраси ўқитувчиси А.Аллаберганов