Ўзбекистон ва Индонезия ўртасида диний-маърифий соҳадаги ҳамкорликнинг натижаси ўлароқ Индонезиянинг Кудус давлат ислом институти (IAIN Kudus) ректори профессор Х.Абдурроҳмон Касдий бошчилигидаги делегация таълим муассасалари ўртасида халқаро ҳамкорлик алоқаларини мустаҳкамлаш мақсадида Тошкент ислом институтига ташриф буюрдилар.
Делегация таркибида Кудус ректори, профессор Ҳ.Абдурроҳмон Касдий билан бирга проректорлар доктор Аҳмад Суприяди Супено, доктор Ҳ.Кисбиянто Сурани, Институт маъмурияти бошлиғи, доктор Ҳ.Аднан Аҳмад Касидин, магистратура директори, доктор Адри Эффери, Илмий-тадқиқот ва жамоат хизматлари агентлиги раиси Ҳ.Шобирин Собри Касрифан, Ислом иқтисодиёти факультети декани Ҳ.Воҳибур Роҳмон, Халқаро алоқалар маркази раҳбари, доктор Фаузан Адим бор.
Дастлаб, ТИИ тарихи ва фаолияти, ўқув жараёнлари, Қуръони карим ва тажвид ўқув курси тўғрисида институт ректори, профессор Муҳаммадолим домла Муҳаммадсиддиқов меҳмонларга маълумот берди.
Шундан сўнг, меҳмонлар ва Ташқи ишлар вазирлигининг масъул ходимлари иштирокида кенгайтирилган форматда мулоқот ўтказилди. Учрашувда икки таълим муассасаси ҳақида етарли маълумот берилиб, фикр-мулоҳазалар, таклифлар алмашилди.
Кудус давлат ислом институти — Индонезиянинг Марказий Жава штатидаги Кудус шаҳридаги диний таълим муассасаси ҳисобланади. Кудус Индонезия Республикаси Президентининг ҳижрий 1417 йилнинг 12 Зулқайда, 1997 йил 21 мартдаги 11-сонли фармонига асосан ташкил этилган.
Кудусда бешта мутахассисликка эга, Усули дин, Тарбия, Шариъат, Ислом иқтисодиёти ҳамда Даъват факультетларида 15 мингга яқин талабаларга 300 дан ортиқ ўқитувчилар бакалавр ва магистратура босқичларида дарс беради.
Кудус давлат ислом институтида кўплаб илмий журналлар бўлиб, йилига 32 та турли йўналишларда анжуманлар ўтказилади, шулардан 20 таси халқаро конференциялардир. Кудус Жануби-шарқий Осиё давлатлари таълим муассасалари орасида илмий салоҳият бўйича 2-ўринда туради. Институтда грант дастурлари ҳам бўлиб, хорижлик талабаларнинг таълим ва яшаш ҳаражатлари муассаса томонидан қопланади.
Ректор Ҳ.Абдурроҳмон Касдий ўқув ва илмий йўналишда ҳамкорлик ўрнатишни ҳамда ТИИ ўқитувчи ва талабаларини Кудус давлат ислом институтида дарс бериш ва таълим олиш бўйича ўз таклифларини берди.
Ўз навбатида ректор М.Муҳаммадсиддиқов Индонезиянинг ислом оламида турган ўрни, Ўзбекистон билан тарихий ва бугунги дўстона алоқалари, диний-маърифий соҳадаги ўзаро ҳамкорлигини мамнуният билан эътироф этди.
Ректор институт тарихи ҳақида тўхталди. 1969 йилда «Бароқхон» мадрасаси институт даражасида қайта тикланиб, Совет Иттифоқи Министрлар Совети ҳузуридаги Дин ишлари бўйича кенгашнинг Тошкентда олий мадраса очиш ҳақидаги қарори қабул қилинди.
Мадраса учун Ҳазрати имом даҳаси Ҳамза, ҳозирги Зарқайнар кўчаси, 18-берк кўча, 47-уйдаги «Намозгоҳ» масжидининг биноси ажратилди, 1971 йил 1 ноябр, 1391 ҳижрий йил 12 Рамазонда олий мадраса ўз фаолиятини бошлади.
Тошкент ислом институти собиқ Иттифоқда ягона эди ҳамда Кавказорти, Шимолий Кавказ, СССРнинг Европа қисми ва Сибир мусулмонлари диний бошқармаларининг бўлажак кадрлари ҳам шу ерда таҳсил оларди. Бундан ташқари, Афғонистондан 6, Вьетнамдан 4, Ямандан 6, Болгариядан 4 талаба олий маъҳадни тамомлаган.
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф, Шайхулислом Аллоҳшукур Пошшозода, муфтий, шайх Нуриддин Холиқназар, Усмонхон Алимов, давлат арбоби Аҳмад Қодиров, Шайх Абдулазиз Мансур, муфтий Умар Идрисов каби уламо ва давлат арбоблари Тошкент ислом институти битирувчилари ҳисобланади.
Институт битирувчиларига исломшунос, имом-хатиб ва араб тили ўқитувчиси ихтисослиги берилади.
ТИИ билан Булғор ислом академияси, Нур-Муборак Миср Ислом маданияти университети каби халқаро таълим муассасалари билан ҳамкорлик йўлга қўйилган, шунингдек БААнинг Зайд, Ал-Васл, Қосимия каби университетлари билан ҳам илмий алоқалар ўрнатиш режалаштирилган.
ТИИда юртимизда ҳамда Миср, Ливия, Саудия Арабистони каби давлатларда таълим олган ижозали устозлар ўз фанлари бўйича арабий асл матнлар асосида талабаларга дарс берадилар.
2024 йил январ ойидан бошлаб институтда магистратура босқичини ташкил этиш режалаштирилган.
Таҳфизул Қуръон кафедраси талабаларнинг Қуръони каримни ёд олишини кучайтириш ҳамда Қуръони карим илмларини пухта ўзлаштириши мақсадида 2007 йилда ташкил этилган.
Таҳфизул-Қуръон кафедраси Қуръони каримни тўлиқ ёдлатишга ихтисослашган кафедра ҳисобланади. Талабалар Қуръони каримни тўлиқ ёд олиш билан бирга тажвид илмига оид “Туҳфатул атфол”, “Муқаддиматул Жазарий” каби китоблардан ҳамда мутавотир қироатлардан “ижоза” олиш имконига эгалар.
Имом Бухорий номидаги Тошкент ислом институти муассислигида 2023 йилда Олий аттестация комиссияси илмий нашрлар рўйхатидан ўтган «Ислом маърифати» илмий-адабий, маънавий-маърифий журнали таъсис этилди.
Журналга ислом тарихи, исломшунослик, диншунослик, манбашунослик ва матншунослик, ислом ҳуқуқи, фароиз, ақоид ва калом илми, филологик тадқиқотлар, ислом фалсафаси, шунингдек, диний-маърифий соҳаларига оид илмий мақолалар қабул қилинади.
Ўзбек, рус, инглиз, араб ва турк тилларидаги мақолаларни эълон қиладиган мазкур журнал йилда тўрт марта нашр қилинади.
Мулоқот якунида ректорлар ўзаро эсдалик совғаларини алмашдилар ҳамда биргаликда суратга тушилди. Ҳ.Абдурроҳмон Касдий Ўзбекистон ва Тошкент ислом институтига ташрифи таасуротларини институтнинг “Меҳмонлар китоби”га ёзиб қолдирди.
ТИИ Матбуот хизмати