islom-instituti@umail.uz         71-227-42-37

Араб тили тарихидан

Минг йилдан ортиқ тарихга эга бўлган бой маънавий меросимиз, асосан, араб ёзувидаги манбалар орқали етиб келган. Маълумки, бу ёзув арабларнигина эмас, балки араб бўлмаган кўпгина шарқ халқларининг адабиёти ва фанида қўланиб келган ҳарф-товушли ёзувдир. У қадимги финикий ёзувининг оромий тармоғидан келиб чиққан. Милоднинг III–IV асрларида шаклланиниб, араб тилининг ифодаси учун қўллана бошлаган ва “араб ёзуви” номини олган. Оромий алифбосида 22 та ҳарф бўлган. Араблар бу алифбога 6 та янги товуш ҳарф (غ ظ ض ذ ح ث) қўшиб, 28 тага етгазганлар. Ҳарфлар сўз бошида, сўз ўртасида, сўз охирида ва алоҳида ёзилиш шаклларига эга. Улар أ (алиф), د(дол), ذ(зол), ر(ре), ز(зе), و(вов) бўлиб, сўз бошида ва сўз ўртасида қўшилиб ёзилмайди. Араб ёзувидаги 28 та ҳарфдан 18 таси мустақил график белгисига эга. Бошқа ҳарфлар устига ёки тагига қўшилган нуқталарнинг сонига қараб фарқланадилар. Араб алифбосидаги ҳарфларнинг деярли ҳаммаси ундош товушларни, фақат учтаси – أ (алиф), و (вов), (ё) унли товушларни билдириб келади. (“Вов ” ва “ё” ҳам унли, ҳам ундош вазифасини бажаради). Бу ёзувда унлиларни ифода қилиш учун ҳарфларнинг ост-устига қўйиладиган ҳаракатлардан фойдаланилади. Бироқ, араб ёзувида унлиларга ишора қўйилмаса ҳам, сўзлар сарву наҳв қоидаларига кўра мазмунга мослаб ўқилаверади.

Эски ўзбек алифбоси араб ёзуви асосига қурилди. Ўзбек халқининг тарихда яратилган барча адабий ва илмий манбаалар, асосан арабҳ тилида битилди. Сақланиб қолган далилларга кўра Ўрта Осиё ҳудудида араб ёзувида битилган дастлабки ҳужжат Панжикент ҳукмдори Диваштич томонидан Араб ҳалифалигининг Хуросондаги ноиби Амир ал-Жарроҳ номига 719 йилда ёзилган мактубдир.

Араб ёзувининг VII асрдан XIV асргача шаклланган ва машҳур назариётчи хаттотлар томинидан эътироф этилган – куфий, сулс, наш, муҳаққақ, райҳоний, тавқиъ, риқў деб аталган ети услуби мавжуд. Айрим хаттотлар куфийни асосий услублар қаторига киритмайдилар. Чунки, улар кейинги олти услуб куфийда ўсиб чиқиб шаклланган, деб ҳисоблайдилар. XIV аср охирларида юзага келган настаълиқ ва XVIII асрда пайдо бўлган шикаста хатларини ҳам баъзи хаттотлар араб ёзувининг асосий услубларига қўшадилар.

Ислом дини ва араб тилининг VII аср иккинчи ярмидан бошлаб Яқин ва Ўрта Шарқдаги қатор ўлкаларга, кейинроқ эса Африка, жанубий Европа ва Осиёдаги кўп жойларга тарқалиши билан араб ёзуви ҳам биргаликда кириб борди. Натижада араб ёзуви ўша ўлкалардаги халқлар томонидан ўзлаштирилди ва маҳаллий тилларга мослаштирилган ҳолда қўллана бошланди.

Араб ёзуви Мавароуннаҳрга VII асрнинг иккинчи ярмида кириб келди. VIII аср бошларида араб хатида ёзилган ҳужжатлар сақланган. Бу юқорида тилга олинган Панжикент ҳокими Диваштичнинг Араб ҳалифалигининг Хуросондаги ноиби йўллаган мактубдир. Бу ҳужжат араб тилидадир.

Араб ёзуви Мавароуннаҳрга кириб келгандан бошлаб XIII асрларга қадар бу ёзувда битилган бирорта туркий тилдаги ҳужжат, манба ҳозиргача маълум эмас. XIII асрга қадар мазкур ёзувдаги барча манбалар асосан араб тилида ва қисман форс-тожик тилида китобот қилинган.

XI аср бошларида Марказий Осиёда туркий халқ, қабила ва уруғларнинг йирик марказлашган давлати – Қораҳонийлар сулоласи ташкил бўлиши билан эски туркий тилнинг нуфузи ошди, унинг юксак адабий тил даражасига олиб чиқиш жараёнида қатор олиму шоирлар етишиб чиқди. Буларга XI-XII асрларда ижод қилган Маҳмуд Қашғарий, Юсуф Ҳос Ҳожиб, Аҳмад Югнакий, Аҳмад Яссавий, Сулаймон Боқирғоний ижодларини кўрсатиш мумкин. Бу муаллифларнинг асарлари ҳам ўзлари яшаб ижод этган XI-XII асрлар китобот тил маҳсулоти сифатида эмас, балки XIII асрдан бошлаб кўчирилган қўлёзмалар орқали етиб келган. Демак, араб ёзувида яратилган ҳозирги туркий қўлёзмалар китоботларининг тарихи XIII асрдан бошланади.

Баъзи ишончли манбаларда кўрсатилишча, араб тилининг пайдо бўлиши ва унинг ривожланиш даври учга бўлинади:

  1. Қадимги (классик араб тилигача бўлган давр);
  2. Классик араб тили;
  3. Замонавий араб адабий тили;

Энг қадимги араб ёзуви ҳақида бизгача етиб келган лихян, семуд, саф, ан-нимар (эрамизнинг 328 йили), забад (эрамизнинг 512 йили) ёзувлари ҳисобланади. Унинг адабий формаси ислом дини пайдо бўлмасдан шаклланган (Холидов Б.З. “Уч. ар. яз.” 3-бет)

Кўплаб сақланган адабий ёдгорликлар классик даврга тўғри келади. Бу даврда, яъни классик даврда яратилган кўплаб асарлар асосан исломгача поэзия (шеърият) ҳисобланиб, у узоқ вақт оғзаки шаклда сақланган ва фақат VIII-IX асрларда араб филологлари томонидан ёзиб олинган.

Классик давр адабий мероси Қуръони Карим ҳисобланади. Юқоридаги адабий ёдгорликларда араб тили ўзининг грамматик тизимига эга бўлган, бой лексикага, қадимги араб тилига ва араб қабилалари лаҳжаларига асосланган тилга айланган эди.

Классик араб тили Ўрта ва Яқин Шарқ тилларининг ривожланишига катта таъсир кўрсатди. Араб истилоси сабабли ва ислом динининг тарқалиши билан араб тилининг аҳамияти Шарқда янада кучайди. Бу даврда араб тили Ўрта ва Яқин Шарқ халқларининг маданий ҳаётида халқаро тил ролини ўйнади. Араб тили ва Ўрта ва Яқин Шарқнинг кўплаб тилларига лексика соҳасида жуда катта ижобий таъсир кўрсатди. Турк, форс афғон (пушту) ва бошқа тиллар луғат бойлигининг 50-60%ини араб сўзлари ташкил этади.

Ҳозирги кунда Африка қитъасининг шимолида, Араб ярим оролида ва Олд Осиёдаги 22 та араб давлатларида – Мавритания, Марокаш, Жазоир, Тунис, Ливия, Миср, Судан, Жибути, Сомали, Қамар ороллари, Саудия Арабистони, Яман, Уммон Султонлиги, Бирлашган Араб Амирликлари, Баҳрайн, Қатар, Кувайт, Иордания, Ироқ, Фаластин, Ливан, Сурияда араб тили давлат тили ҳисобланади. Араб адабий тили XIX асрда шакллана бошланди. Ҳозир араб адабий тили билан бир қаторда кўплаб маҳаллий диалектлар ҳам мавжуд. Энг кўп тарқалган диалектлардан Саудия Арабистони, Ироқ, Сурия, Миср, ва Мағриб лаҳжаладир. Араб адабий тилига энг яқини Сурия диалекти ҳисобланади. Араб адабий тилидан катта фарқ қилувчи диалект – бу Мағриб диалектидир. Ҳар бир диалект ўз навбатида бир неча шеъваларга бўлинади. Лаҳжалар араб адабий тилига қараганда тор маҳаллий, ҳудудий аҳамиятга эгадир.

Араб адабий тили – давлат тили, ОАВ, адабий асарлар, фан, ягона ёзув ҳамда барча араб мамлакатлари учун расмий тил ҳисобланади. Бу тил араб халқлари бирлигининг тимсолидир. Лекин араблар турмушда асосан лаҳжадан фойдаланадилар. Турли араб мамлакатларининг халқлари бир-бирлари билан гаплашганларида бир-бирларини жуда қийин тушунадилар. Арабларнинг халқ тили – العامية кундалик алоқа воситаси ҳисобланиб қолмасдан, у кино, театр, радио, телевидениеда ҳам кенг қўлланилади.

Араб тили сомий тиллар гуруҳига киради, унга яна Эфиопиянинг амҳар, тигре, қадимги яҳудий, иврит (Исроил), Малта тиллари ҳам киради. Сомий тиллари грамматикасида, луғат тизимида бир хиллик, ўхшашлик мавжуд. Бу тилларнинг барчасини сўзлари асосан уч ундошли бўлиб, уларда аффиксация ривожланган.

Араб тилида бой адабий асарлар яратилган. “101 кеча” асари бутун дунёга маълум ва машҳурдир. Араб тилининг баъзи атамалари Ғарб ва бошқа тилларга, шу жумладан рус тилига ҳам ўзлашган. Масалан, адмирал, алгебра, аземут, маскарад, тариф, зенит, эмир, ҳалва шулар жумласидандир.

Араб тилининг таъсирини ўзбек тилида ҳам кузатиш мумкин. Машҳур тилшунос олим Фотиҳ Абдуллаев ўзбек тилидаги арабизм ҳақидаги тадқиқот ишларида 55-60% араб сўзларининг ўзбек тилига ўзлашганлигини айтадилар.

Ҳозирги Ўзбекистон ҳудудида яшаган кўп шоир ва ёзувчилар араб ва форс тилида ижодэтганлар, уларни ذو اللسانين (икки тил эгаси) ёзувчилар деб аташган. Бобоколонимиз ҳазрат Навоий қадимда араб тили луғатини яратганлар. سبعة أبحر (етти денгиз) деб номланган луғатнинг шундай аталишига сабаб, Навоий етти манбадан фойдаланганлигига ишорадир. Биринчи манба Қуръони карим, иккинчи манба ҳадиси шариф, учинчи манба араб адабиёти, 4-7 манбалар унгача яратилган араб тили луғатларидир. Навоий бу луғатни яратишда Фирузабодий (1326-1414)нинг قاموس المحيط луғатидан кенг фойдаланган. Навоийнинг бу луғати 28 бобдан иборат бўлиб, ҳар бир боб 28 та фаслга бўлинган. Мазкур луғатдаги сўзлар охирги ҳарфларига қараб жойлаштирилган. Аввал охирги битта ҳарфига қараб, кейинги фаслда охирги иккита ҳарфига қараб сўзлар жойлаштирилган.

А.Навоий бу луғатни ўзидан кейинги ижод қилувчи шоирларга қофия топиш осон бўлиши учун тузган. А.Навоий бу луғатни ниҳоясига еткиза олмаган, луғат مسودة – қоралама шаклида қолган, яъни оққа кўчиришга улгурмаган.

XVII асрда туркиялик луғатшунос олим Манниний 20 йиллик умрини анашу луғатни тартибга солишга бағишлаб, оққа кўчириб китоб шаклига келтирган. Унга бу ишида Туркиядаги Куня шаҳри ҳокими хомийлик қилган. Узоқ йиллик ҳаракатдан кейин луғатнинг олти нусхаси яратилган. У ҳозир Аё София, Тўп Қопи кутубхоналарида сақланади. Ўзбекистонда ҳам луғатнинг икки нусхаси мавжудлиги ҳақида маълумотлар бор.Луғатда 60миндан ортиқ арабча сўз жамланган.Араб тили грамматикасини мукаммал қилиб яратган Аз-Замахшарий (1075-1144)ни алоҳида таъкидлаш лозим. Чунки у الفائق في غريب الحديث луғатини яратган.

 

ТИИ ахборот ресурс маркази ходими

Ф.Иззатиллаев

414760cookie-checkАраб тили тарихидан

Сиз нима дейсиз, фикр билдиринг: