Аксарият одамлар тушунчаси, тасаввурида мусулмон киши ўртаҳол ёки фақирроқ кўринишда жонланса керак. Чунки жамиятдаги айрим нопок йўл билан бойлик орттирувчи жоҳиллар бой бўлиш учун албатта қайсидир ҳаром ишга қўл уриш керак, ҳалол йўл билан бойиб бўлмайди, деб ўйлашади. Хўш, аслида динимизда бойлик ва фақирликка муносабат қандай?
Шуни таъкидлаш керакки, мавзу анча баҳсли, бу борада турли қарашлар бор. Баъзилар мусулмон одам фақирона ҳаёт кечириши, бой бўлишга интилмаслиги лозим. Чунки бойлик кишини ибодат ва яхши фазилатлардан тўсишга сабаб бўлади деса, бошқалар мусулмон киши бой бўлгани яхши, пайғамбарлардан ҳам, саҳобалар ҳамда бошқа салафи солиҳлардан ҳам кўплаб бой зотлар ўтган, дейишади. Яна бошқалари бойлик жаннатдан узоқлаштиради, фақирлик эса жаннатга яқинлаштиради, дейди.
Инсон ҳаёти машаққат, роҳат, бойлик ва фақирлик каби тўлқинлардан иборат. Бойлик ҳам Аллоҳ таолонинг бандасига берган инъомидир. Унинг шукрини ҳар бир инсон адо этиши керак. Бу эса берилган неъматни ҳалол ва пок ўринларга сарфлаш, закотини бериш, исрофга йўл қўймай, тежаб фойдаланиш билан бўлади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бундай дуо қилар эдилар: “Эй Аллоҳим, мен Сендан манфаат берадиган илм, кенг ризқ ва қабул бўладиган амални сўрайман!” (Имом Аҳмад ривояти).
Демак, динимиз кишини бой бўлишдан қайтармаган, балки қўлида давлати бор мўмин-мусулмон уни ғанимат билиб, ўткинчи лаззатлар учун эмас, балки охиратига захира бўладиган ишларга сарфлашга буюради, исрофдан қайтаради, бойликнинг энг асосий жиҳати эҳсон, садақа ва закот деган масалаларга ҳам бевосита боғлиқдир. Ҳазрат Али розияллоҳу анҳу: “Бирон-бир кимса оч қолса, қайсидир бойнинг хасислиги туфайли оч қолибди!” деганлар.
Шу ўринда Шайх Муҳаммад Ғаззолийнинг “Туҳматга йўлиққан ислом” китобидаги ушбу жумлаларни келтирсак мақсадга мувофиқ бўлади: “Одамларга фақирликни тарғиб этадиган ёки арзимас тирикчиликка қаноат қилишга ундайдиган ёки ҳаётдаги хорликка кўндирадиган ёхуд йўқсилликка сабр этишга ва пастликка рози бўлишга чақирадиган даъват фожир даъватдир. Бундай даъват билан ижтимоий зулмга йўл очишни ва заҳматкаш оммани шахс ёки шахслар хизматида эзишни ирода қилинади.Ҳаммасидан аввал, бу исломга ёлғон тўқиш ва Аллоҳга туҳмат қилишдир”
Тошкент ислом иститути талабаси
Ислом Аъзам