Инсон бу ҳаётда яшар экан, унинг туғилиб вояга етишида, жамиятда ўз ўрнини топишида жудаям кўп инсонларнинг меҳнати керак бўлади. Ўша заҳматкаш инсонларнинг энг аввалида шубҳасиз кишининг ота-онаси туради. Яхшилик қилиниши учун энг муносиб инсонлар бу шубҳасиз ота оналардир. Фарзандни дунёга келишидан бошлаб, балки ундан ҳам олдин ота-онанинг дуоси-ю туғилажак боланинг соғлом дунёга келиши учун бор куч-ғайратини сарф этишади. Сиз-у бизни йўқдан бор қилган Аллоҳ таоло Ўзининг муборак Каломида Ўзига ибодат қилишдан кейин ота-онага яхшилик қилишга амр этади.
Жумладан, Нисо сурасининг 36-оятида Роббимиз шундай марҳамат қилади : وَٱعۡبُدُوا۟ ٱللَّهَ وَلَا تُشۡرِكُوا۟ بِهِۦ شَیۡـࣰٔاۖ وَبِٱلۡوَ ٰلِدَیۡنِ إِحۡسَـٰنࣰا Ва Аллоҳга ибодат қилинглар ва Унга ҳеч нарсани ширк келтирманглар. Ота-онага яхшилик қилинглар. Муфассир уламоларимиздан Имом Совий роҳматуллоҳи алайҳ бу оятнинг тафсирида “Аллоҳ таолога ибодат қилишни ёнида ота-онага яхшилик қилишни зикр қилинишида уларнинг ҳақларини таъкидлаш ва уларга оқ бўлишдан хавфсираш маънолари бор” дейдилар.
Имом Термизийдан ривоят қилинган ҳадисда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтадиларки “Аллоҳ Таолонинг розилиги Ота-онанинг розилигида, Аллоҳ Таолонинг ғазаби ота-онанинг ғазабида”. Бу ҳадисда Набийимиз алайҳиссалом ота-онага яхшилик қилиш ҳар бир вақт ва ҳолатда вожиб эканини, уларни ғазаблантиришдан эса киши эҳтиёт бўлиши керак эканини баён қилмоқдалар.
Шундай экан ҳар биримиз ота-оналаримизга яхшилик қилиб дуоларини олишга, бунинг муқобилида Роббимизни ҳам розилигини топишга саъй-ҳаракат қилмоғимиз даркор. Зеро тарихдан маълумки Пайғамбарга қўшни қилган ҳам ва аксинча бир обиднинг юзини қорайишига ҳам онасининг ўз фарзанди ҳақига қилган дуоси сабабчи бўлган.
Тошкент Ислом институти талабаси
Комилов Абдулло