islom-instituti@umail.uz         71-227-42-37

Ҳазрат Алининг “таянч қўли” – Муҳаммад ибн ал-Ҳанафия

У киши Aбулқосим ва Aбу Aбдуллоҳ Муҳаммад ибн Aли ибн Aбу Толиб ибн Aбдул Мутталиб ибн Ҳошим ибн Aбдуманаф ибн Қусай ибн Килоб ибн Мурра ибн Каъаб ибн Луай ибн Ғолиб ибн Фиҳр ибн Молик ибн Қурайш ибн Кинана ибн Хузайма ибн Мудрика ибн Илёс ибн Мудор ибн Низор ибн Маъад ибн Aднан Aл-Қуройший, Aл- Ҳошимий, Aл-Маданий бўлиб, Ҳасан ва Ҳусан (улардан Aллоҳ рози бўлсин)ларнинг укасидир.

Онаси: Хавла бинти Жаъфар ибн Қайс ибн Салама ибн Саълаба ибн Ярбуъ ибн Саълаба ибн Aл-Дуъул ибн Ҳанифа ибн Лажим ибн Саъб ибн Aли ибн Бакр ибн Воил ибн Қосит ибн Ҳанаб ибн Aфса ибн Доми ибн Жадила ибн Aсад ибн Рабиъа ибн Низор ибн Маъад ибн Aднан.

Бир куни Aли ибн Aбу Толиб розияллоҳу анҳу Набий алайҳиссалом билан бирга ўтирганида: “Ё, Расулаллоҳ, агар сиздан кейин ўғил фарзанд кўрсам, унга исмингизни қўйсам ва кунянгиз билан куняласам, нима дейсиз?” деб маслаҳат сўради. У зот бу гапдан қувониб рози бўлдилар.

Бирин-кетин кунлар ўтиб, Расулуллоҳ алайҳиссалом рафийқул аълога риҳлат қилдилар. Шундан бир неча ойлар ўтиб-ўтмай, Ҳасан ва Ҳусайннинг онаси Фотима разияллоҳу анҳо ҳам у муборак зотга эргашиб, бу дунёни тарк этди.

Суюкли аёли вафотидан кейин Ҳазрати Aли Бани ҳанифалик Жаъфар ибн Қайснинг қизи Хавлага уйланиб, уларга куёв бўлди. Бу аёлдан ўғил фарзанд кўрди. Пайғамбаримиз ижозатларига кўра, унинг отини Муҳаммад деб атади ва Aбул Қосим деган ном билан кунялади. Шунга қарамай, одамлар Ҳазрати Алининг бу хотиндан дунёга келган ўғлини Фотимаи Заҳродан туғилган икки ўғли Ҳасан ва Ҳусайндан фарқлаш учун Муҳаммад ибн Ҳанафий деб атай бошладилар. Шу тариқа мана шу ном тарих саҳифаларига муҳрланди.

У ҳижрий 21 йили Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳунинг халифалиги даврида дунёга келди. Отаси Aли розияллоҳу анҳунинг қўлида ўсиб, улғайди, шунингдек, у зотдан ибодатларни ва зуҳдни, шижоат ва қувватни, фасоҳат ва балоғатни мерос қилиб олди ва кучли қаҳрамонлардан, тақводор, илмли ва ишончли кишилардан бўлди. Бу йигит жанг майдонларида ҳарбий маҳорати ва чапдастлиги билан довруқ қозониб, йиғин ва мажлисларда минбар “чавандози” бўлиб танилди. Тун борлиққа зулмат пардаларини ёйиб, кўзлар уйқуга кетган маҳалда кечанинг руҳбони – ибодат қилувчиларидан бирига айланди. Ибн Жунайд айтадилар: “Али ибн Абу Толибдан Муҳаммад ибн Ҳанафиячалик кўпроқ манфаат, фойда олган одамни кўрмаганман…”

Шунингдек, у зотдан икки “Саҳиҳ” китобларда унинг бир қанча ҳадислар ривоят қилинади.

Али розияллоҳу анҳунинг қўллари. Отаси ғайрат-шижоат билан киришган жангларга ана шу суюкли фарзандини ёнида бирга олиб борди, акалари Ҳасан ва Ҳусайн кўтара олмаган жанг оғирликлари ва машаққатлари шу ўғли зиммасига тушди. Керакли ўринда отасига найза ва баъзан қанот бўлди. Бир куни унга: “Отангга нима бўлдики, акаларинг Ҳасан ва Ҳусайнни қолдириб, нега сени ҳалокат сари бошлайди, сени қийинчиликларга мажбурлайди?”, деб қолишди. Бунга Муҳаммад ибн Ҳанафий фаҳм-фаросат билан шундай деб жавоб берди: “Бундай қилишларига сабаб шуки, акаларим отамнинг кўзлари ўрнида, мен отамнинг қўллари ўрнидаман. У киши қўллари билан кўзларини ҳимоя қилади”.

Шунингдек, бир куни Муҳаммад ибн Ҳанафий билан акаси Ҳасан ибн Али орасида негадир гап қочиб, бир-биридан аразлаб юришди. Муҳаммад ибн Ҳанафий ота бир акаси Ҳасанга хат ёзиб, дилидаги гапларини очиқ-ошкора қилиб шундай деди: “Аллоҳ таоло мендан кўра сизни фазилатли қилди…

– Сизнинг онангиз Фотима Муҳаммад ибн Абдуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қизи,

– Менинг онам Бани ҳанифалик оддий аёл

– Она томондан бобонгиз Расулуллоҳ алайҳиссалом бўлади,

– Менинг она томондан бобом Жаъфар ибн Қайс.

– Агар сизга бу хатим етиб борса ва сиз мен билан ярашиш учун менинг олдимга келсангиз, ҳар бир нарсада мендан кўра сизга афзаллик бўлади”.

Бу мактуб Ҳасан розияллоҳу анҳуга йетиб бориши билан укаси олдига шошилиб етиб келди ва гина-кудуратни унутиб, у билан ярашди.

Муҳаммад ибн Ҳанафий жангларда ҳам жуда моҳир саркардалардан эди. Али ибн Абу Толиб билан бўлиб ўтган “Жамал” ва “Сиффийн” жангларда ҳам улуғ саркарда бўлиб, у ерда байроқ кўтарди. Унинг бундай жасорати ва куч- қудратини яхши билган отаси Али ибн Абу Толиб кўп ҳолларда, ёш бўлишига қарамай, мана шу ўғлига таянар эди. Шундай қилиб, бу босқичлар унинг шахсиятини яхши ривожланишига кўп ёрдам берди.

Али ибн Абу Толиб билан Муовия ибн Абу Суфён розияллоҳу анҳумо ўртасида низо тегирмони айланган Сиффийн жангида Муҳаммад ибн Ҳанафий отасининг байроғини кўтариб майдонга кирди. Уруш тегирмони ҳар икки тарафдан одамларини бешафқат янчиб ташларди. Буни ўз кўзи билан кўриб турган Муҳаммад ибн Ҳанафий шундай айтиб беради: “Сиффийн жангида отам билан бирга едим. Биз Муовия қўшини билан тўқнашдик ва жанг қилдик. Жанг қаттиқ ва аёвсиз кетаётганини кўриб: “Биздан ҳам, улардан ҳам ҳеч ким қолмаса керак”, деб қаттиқ қўрқувга тушдим. Шундан кейин орадан кўп ўтмай, орқамдан бир кишининг: “Эй, мусулмонлар жамоаси, Аллоҳдан ҳазир бўлинглар, Аллоҳдан ҳазир бўлинглар, эй мусулмонлар жамоаси, аёллар ва болаларга ёрдам берадиган ким бор? Дин ва обрў-эътиборни ҳимоя қиладиган ким бор? Рум ва Дайлам учун ким бор? Эй, мусулмонлар жамоаси… Аллоҳдан ҳазир бўлинглар, Аллоҳдан ҳазир бўлинглар, мусулмонларни қатл этманглар, эй мусулмонлар жамоаси”, деб қичқираётганидан қаттиқ таъсирландим. Шу кундан кейин бирор мусулмонга қиличимни асло кўтармасликка ич- ичимдан аҳд қилдим”.

Шундан кейин Али ризвонуллоҳи алайҳи золим жиноятчи Абдураҳмон ибн Мулжам қўли билан шаҳид қилинди. Халифалик бошқаруви Муовия ибн Абу Суфёнга ўтди. Муҳаммад ибн Ҳанафий бирдамлик дарз кетмаслиги учун иттифоқни сақлаш, ислом ва мусулмонлар иззати учун байъат берди. Муовия розияллоҳу анҳу бу байъат чинлиги ва сидқидилдан берилганини билиб, байъат соҳибига қаттиқ ишонч билдирди ва Муҳаммад ибн Ҳанафийни зиёрат қилишини сўраб, тез-тез ҳузурига чақиртириб турди.

Яна бир Муҳаммад ибн Ҳанафийнинг ақл-заковатларига ва шижоатларига далолат қиладиган ҳикоя шуки, кунлардан бир куни Рум подшоҳи Муовияга хат жўнатиб унда: “Бизда подшоҳлар бир-бирларига одам жўнатиб, бир-бирларидаги ғаройиб нарсаларни туҳфа қилиб туради. Ўзаро мамлакатларидаги ажойиб нарсалар билан мусобақа уюштиради. Ўртамизда шундай ишларга рухсат берасизми?”, дейди.

Муовия бу иш маъқул эканини ёзиб юбориб, унга рухсат берди. Рум подшоҳи дарҳол ўзининг ажойиб ва забардаст йигитларидан иккисини Муовия ҳузурига жўнатди: бирининг бўйи ҳаддан ортиқ узун, яна бири тенги йўқ бақувват. Бири ўрмонда тарвақайлаб ўсган дарахтга ёки қурилган баҳайбат иморатга ўхшарди. Иккинчиси қувватда тенги йўқ кучли, ёввойи ҳайвондек чайир ва эпчил еди. Шу иккови орқали бир хатни ҳам жўнатиб, унда шундай деган эди: “Мана шу икки одамимга мамлакатингда узун бўйда ва куч-қувватда тенг келадиган киши борми?”. Буни кутмаган Муовия тараддудга тушди ва олдига Амр ибн Осни чақириб маслаҳат ундан сўради:

– Узун одамига бас келадиган ва уни йўлда қолдирадиган одамимиз бор. Бунинг тенги Қайс ибн Саъд ибн Уъбода. Аммо бақуввати ҳақида фикрингга муҳтожман, – деди.

Aмр Муовияга:

– Бизда бу ишга муносиб икки киши бор. Лекин иккиси ҳам сизга рақиб бўлишган. Бири Муҳаммад ибн Ҳанафий ва яна бириси Абдуллоҳ ибн Зубайр, – деди.

Муовия унинг муддаосини тушуниб:

– Муҳаммад ибн Ҳанафий сўзимизни ерда қолдирмайди, – деди.

Амр деди:

– Лекин қадри улуғ ва обрў-эътибори юксак бўла туриб одамларнинг кўзи олдида румлик билан куч синашишга рози бўлади, деб ўйлайсизми? – деди. Шунда Муовия ўйланиб қолиб:

– У бунга ва бундан кўпроғига ҳам рози бўлади. Агар шу ишда исломга азизликни кўрса, – деди тўлиқ ишонч билан.

Шундан кейин Муовия Қайс ибн Саъдни ва Муҳаммад ибн Ҳанафийни ҳузурига чақирди. Икки румлик иштирокидаги йиғин тугагач, Қайс ибн Саъд ўрнидан туриб, шалворини ечди-да, уни румликка ирғитиб, уни бир кийиб кўр-чи, дегандек ишора қилди. Румлик шалворни киймоқчи бўлиб, ичига кириб юқорига тортганда кўкрагига қадар ичига кириб кетди. Одамларнинг кулгисига қолиб, изза бўлди. Биринчи баҳс бойлашиш шу билан тугади. Мусулмонлар ғолиб бўлди.

Муҳаммад ибн Ҳанафий ўрнидан турди-да таржимонга қараб: “Румликка айт, агар ўтиришни хоҳласа, мен тик тураман. Ё мен тик турай, ё у ўтирсин. Агар хоҳласа, у тик турсин, мен ўтириб куч синашайлик”, деди. Румликка ўтириб куч синашиш маъқул бўлди. Муҳаммад ибн Ҳанафий унинг қўлидан тутиб, кўтарганда румлик уни ўтирғизишга кучи етмади. Румлик норози ҳолда афти бужмайди. У бу курашдан қониқмай бошқадан куч синашишга ундаб, бу гал ўзи тик туриб, Муҳаммаднинг ўтиришини танлади. Муҳаммад қўли билан румликни ўзига қараб бир тортган эди, билаги елкасидан чиқиб кетаёзди ва ерга букчайиб олди. Икки румлик ҳам ўз мамлакатига мағлуб ва бош егик ҳолда қайтишга мажбур бўлди.

Муҳаммад ибн Ҳанафийнинг вафотлари ҳижрий 81-йилнинг 1-муҳаррамига тўғри келади. Тарихчилар унинг дафн етилган жойи ҳақида ихтилоф қилишган, баъзилари: “У Макка ва Мадина ўртасида дафн этилган”, дейишган. Баъзилари: “Тоифда дафн етилган”, баъзилари: “Бақиъ қабристонида, Ибн Аббос розияллоҳу анҳунинг ёнларига дафн этилган”, дейишган.

Аллоҳ таоло Муҳаммад ибн Ҳанафийнинг қабрини нурга тўлдирсин ва унинг руҳини жаннатга киритсин. У мусулмонлар ўртасида фасод тарқалишини олдини олиб, ўзи эса одамлар орасида шон-шуҳрат қозонишни хоҳламаган кишилардан эди.

ТИИ “Ҳадис ва Ислом тарихи” кафедраси

ўқитувчиси Н.Саидакбарова,

ТИИ талабаси З.Олимжонова

419820cookie-checkҲазрат Алининг “таянч қўли” – Муҳаммад ибн ал-Ҳанафия

Сиз нима дейсиз, фикр билдиринг: