Имом Бухорий номидаги Тошкент ислом институтида ““Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонунининг мазмун-моҳияти” мавзусида давра суҳбати ташкил этилди.
Тадбирга Ўзбекистон мусулмонлари идораси раисининг биринчи ўринбосари Ҳомиджон Ишматбеков, Таълим ва илмий-тадқиқот бўлими мудири Салоҳиддин Шерхонов, Дин ишлари бўйича қўмита раисининг биринчи ўринбосари Давронбек Мақсудов, Ўзбекистон халқаро ислом академияси “Исломшунослик ва ислом цивилизациясини ўрганиш ICESCO” кафедраси катта ўқитувчиси Аъзамжон Қамбаров маърузачи сифатида таклиф этилди.
ТИИ профессор-ўқитувчилари ва Модуль таълим тизими талабалари иштирок этган давра суҳбатини Ўқув ишлари бўйича проректори Ёқубжон Бухарбаев кириш сўзи билан очиб берди.
Маърузачилар дин ва давлат муносабатларининг тарихий илдизлари, давлатнинг функциялари, диннинг жамиятдаги ўрни, “Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонунининг мазмун-моҳияти ҳақида маълумот бердилар.
Диний соҳа ходимлари ва талабалари таълим муассасасида, иш жараёнларида, медиа оламида ва ижтимоий тармоқларда юксак илми ва кенг дунёқараши билан бошқалардан ажралиб турадилар.
Таассубга берилмасдан, ҳар бир вазият ва масалага шошмасдан, илмий асосланган ҳолда муносабатдан бўлиш давр талабидир. Имомлар, диний соҳа вакиллари одамларни илм-фанга даъват қилсалар, жамиятда тараққиёт ва ривожланиш янада зиёда бўлади.
Шарқ, хусусан мусулмон минтақалари тарихда бўлгани каби, Ислом уламолари тамал тоши қўйган илм-фанда илғор бўлишлари лозим. Мусулмонлар, соҳа вакиллари жузъий масалаларда ўзаро ихтилоф ва тушунмовчиликка бормасликлари керак.
Глобал дунёда ресурс талашиш, ўзга халқлар ҳудудларига эгалик қилиш, давлатларни майда ички ихтилофлари фонидан бўлакларга бўлган ҳолда табиий бойликларини талон-торож қилиш ҳолатлари кузатилмоқда. Ички низолардан уруш ўчоғини ҳосил қилиб, жангларга “ҳижрат”, “жиҳод” тарғиботи шаклида четдан одам жалб қилишга уринмоқдалар.
Ижтимоий тармоқларда ҳар бир фойдаланувчи муаммолар ва масалаларга бир ёқлама ёндашмасдан, ўз-ўзини “пиар” қилмасдан, обуначилари олқишларига учмасдан холислик билан муносабатда бўлса нур устига аъло нур бўлади.
Мазҳаблар, суннийлик-шиалик, аҳли китоблар, динийлик ва дунёвийлик тамойиллари орқали халқлар ичида низо ва фитналар чиқариш манфаатдор томоннинг хавфли қуролидир.
Ижтимоий тармоқларда масалаларни ёритишда, баҳам кўришда Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг илмий позициясидан келиб чиқиб ёндашмоқ айни муддаодир.
Жузъий масалалар орқали мусулмонларни кофирга чиқариш ва ёмон кўришга йўл қўймаслик лозим, бундай салбий ҳолатларни бартараф этишга соҳа вакиллари ҳаракат қилса, фитнанинг олдини олишга хизмат қилган бўладилар. Шу билан бирга дунёвий билимларни яхши ўзлаштириш ва ҳуқуқий саводхонликни ошириш ҳар бир имом-хатиб ва талабаларнинг вазифасидир.
Мусулмонлар ўзаро аҳил бўлиши, шу юртда яшаётган жамиятнинг ҳар бир аъзосига яхши муомала қилиши одамлар ҳамжиҳатлигига сабаб бўлади. Майда ички баҳслар, келишмовчиликлар ва низолар билан ташқи кучларнинг мақсадлари учун замин ҳозирламаслик лозим. Мазҳаб бирлиги, мусулмонлар аҳиллиги доимо муҳим бўлган. Шундай экан, талабалар ҳам диний ва дунёвий илмларни бирдек ўрганиб, юксак билими ва дунёқараши билан олим бўлиб етишмоқлари лозим.
ТИИ Матбуот хизмати