islom-instituti@umail.uz         71-227-42-37

Сунани Термизий: Таҳоратсиз намоз қабул бўлмаслиги боби (5-қисм)

الحمد لله و الصلاة و السلام على رسول الله و على آله و صحبه و من والاه. أما بعد:

АМАЛ… САЛАФИ СОЛИҲЛАРИМИЗ ҲАЁТИДАН САРА ЛАВҲАЛАР

«Сунани Термизий»нинг биринчи боби бутун бошли қабул масаласига тегишли бўлгани эътиборидан, амалларнинг қабули ва салафи солиҳларимиз ҳаётида бўлган мавзуга тегишли, ҳимматни оширадиган воқеаларни эътиборингизга ҳавола этамиз.

Банда бир амални қиларкан, Аллоҳ азза ва жалланинг қандай қабул қилганини билмайди. Умид қилиши ҳам айни шунинг учун. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг инсон амали жаннатга киргизмаслиги, балки фақат Аллоҳнинг фазли қуршаб олсагина кириш мумкинлиги тўғрисидаги ҳадисдан ҳам шу ирода қилинган. Умумий маънода қабулнинг бир тури бир амалга қўйилган шартлар бажарилса, унинг адо топиши. Иккинчи тури эса шартлари билан қилинган амал Аллоҳнинг ҳузурида қандай даражада қабул қилиниши билан боғлиқ. Айтайлик, намознинг шартлари нима экан? Таҳоратми? Ҳа, таҳорат! Бир одам таҳорат билан намоз ўқиса, Аллоҳ қабул қиладими? Ҳа! Нариги масала-чи? Қандай қабул қилади? Шартларини қилгандан кейин ҳам рози бўлиб хурсанд бўлибми ёки…  У ери номаълум, дейдилар Ҳофиз, Имом Ибн Дақиқул Ийд роҳимаҳуллоҳ.

Қабулнинг иккинчи маъноси Аллоҳ азза важалла қабул ҳасан қилиши, унга рози бўлиши, ундан хурсанд бўлиши, маъносида Салафи солиҳлардан гўзал мисоллар бор. Уларнинг бошдан оёқ амали шу. Қилинаётган амалга қўйилган шартларини қилишади. Барини жой-жойига қўйишади ҳам. Лекин Аллоҳнинг қабул қилиши-чи?! Бу борадаги ҳолатларга ўзингиз гувоҳ бўлинг.

Абдуллоҳ ибн Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳумо шундай дейдилар: «Менинг фойдамга бир ўқиган намозимнинг қабул бўлиши менга дунё ва ундаги нарсалардан яхшироқдир». Бу гапни теранроқ англашимиз учун бир оз тааммул қиламиз. Тасаввур қилинг-а! Ҳадисга кўра мукаммал таҳорат қилдингиз, зикрларни канда қилганингиз йўқ, намозни жамоат билан адо этдингиз, шартлари топилгани учун, бу ибодатингиз насиб этса, қабул. Энди иккинчи жиҳат-чи?! У нима бўлади? Аллоҳ бу ибодатни рози бўлгани ҳолда қабул қилдими ёки..?! Буёғи умид қилинади ҳам хавфсираб турилади. Буюк саҳобий Абдуллоҳ ибн Умар ҳам шу эътибордан, битта намозим Аллоҳнинг наздида қабул бўлганини билганимда эди бундай бахтни дунё ва ундаги нарсаларни муқобилига қўймайман, демоқчилар.

Салафи солиҳларнинг ҳаётидаги иккинчи бир ажиб воқеликни ҳам сизнинг эътиборингизга тақдим қилишга ижозат бергайсиз. Уни тасаввуф шайхларидан бўлган Исом Балхий роҳимаҳуллоҳ ҳикоя қилиб берадилар:

«Бир куни Ҳатимул Асомга, намозни қандай ўқиш керак? дедим.  (Эътибор қилинг, У киши Ҳатимул Асомдан намозни зоҳирий ҳолатда сиҳати қабул маъносида сўрайдими? Ташқи рукни бор, ички фарзи бор, авратинг ёпиқ, қибланг пок бўлиши керак. Намозда қироат фарз… Шу эътибордан сўрадиларми?! Йўқ, албатта! Саволдан бу жиҳатни назарда тутмаяптилар, демак қабули ризо масаласини ўрганмоқчилар. Намозни Аллоҳ рози бўладиган ҳолда адо этиш учун қандай йўллар бор, демоқчи. Сиз бу учун нималарга эътибор қиласиз?) Ҳатимул Асом шундай жавоб бердилар:

«Султоним, Роббим нимани буюрган бўлса, шуни қиламан.  Намозга борарканман Аллоҳнинг ҳузурига йўл ҳис қилиб, қўрқув ичра йўл юраман.(Буни англаш ҳаммадан ҳам бугунги кунда жуда енгил! Чунки давлат раҳбарларининг расмий учрашувлари ва ундаги интиҳомни ижтимоий тармоқлар орқали эркин кузатиш имконияти мавжуд. Келинг, тасаввур оламимизда янада теранроқ англашга ҳаракат қилайлик, фаразан сизни давлат раҳмбари билан учрашувга таклиф этишди. Қай ҳолатда борасиз? Ичингиздан кечадиган кечинмалар, хаёллар нималардан иборат бўлади? Энди оламлар Роббисиннг қаршисида туриш томон отланган банданинг ҳоли қандай бўлсин?! Салафи солиҳлар шу ҳолни айни қалб ва руҳлари ила англай олганлар. Келинг, у ёғини Ҳатимул Асомнинг ўзларидан тингласак….) Токи Аллоҳу акбар дея қулоқ қоқар вақтимгача шу хавотир мени чулғаб олади. Кейин намозга ният қиламан. Аллоҳнинг улуғлигини эътироф қилароқ такбир айтаман. Тортил ила қироат қиламан. Хушу ила рукуга кетаман. Хузуъ билан сажда қиламан. Қаъдада одоб билан ўтираман. Ташаҳҳуд ҳамда саловатларни айтаман. Аллоҳга илтижо этароқ салом бераман. (Роббим, Сен буюргандек келдим, имконим қадар ҳаракат қилдим, Ўзинг ҳусни қабул айла! Қабул қилмаса-чи деб қўрқиб тураман.) Шу билан умидвор бўлиб қайтаман».

Муҳтарам ўқувчи, бу умматнинг ҳақими бўлган Ҳатимул Асомнинг ҳолатлари баёни эди. Бу кишидан: «Уммати Муҳаммадиянинг аҳли китоблар орасида қандай фарқи бор?», деб сўралганида, аҳли китобларда умматнинг ҳакимини паст санашган, эсипаст деб аташган. Уларнинг бу рўйхатидаги бирни-чи рақамда турганлар Пайғамбарлар эди. Қавмини инсонийликка ҳам тўғри келмайдиган разил ишдан қайтаргани учун Лут алайҳиссаломнинг устидан кулишган. Олдинги ўтган қавмлар шу шаклда ҳакимларни ерга уришарди. (Шу ўринда айтиш керакки, бу каби ҳолнинг такрорланиши қиёматнинг аломатларидир. Умматнинг энг пасткаш кишилари бошлиқ бўлади, илмсиз, жоҳиллик отига минганлари муфтий бўлади. Кейин ўзлари адашганлари етмагандай бошқаларни ҳам адаштиришади. Илм шу зайл кўтарилиб кетади).

Буюк саҳобий Абдуллоҳ ибн Зубайр розияллоҳу анҳуни қаранг! Абдуллоҳ ибн Зубайр уйларига  кириб келсалар виқорли одам бўлганидан ҳамма жим бўлиб қоларди. У киши ўзларига мўлжалланган жойга бориб, «Аллоҳу акбар» деганларида яна шу ғала-ғовур бошланиб кетарди. Нимага?! Чунки сезмасдилар-да!  Салафи солиҳлар такбири таҳримани шундай тушунишган. Найзалар санчилиб, қон оқиб турган бўлишига қарамай намозда собит турганлар. Ибодатнинг лаззати билан овора бўлишган. Кўзларига бошқа нарса кўринмаган. Бу билан кўриниб турибдики, салафи солиҳларнинг ҳаммалари амалда маҳкам бўлишган. Кейинги даврларга келиб илм ёзилди, китоблар кўпайди, маълумотлар тўлиб-тошди, аммо амал-чи? Бугун ибодатларимиз тилда айланадиган лафзлардан иборат бўлиб қолмадими? Руҳсиз танага айлангани йўқми? Одатий ҳол касб этмаяптими бугуннинг ибодати?! Бу саволларга жавоб топиш ва шунга мувофиқ хулоса чиқариш ҳар кимнинг ўзига ҳавола этиладиган ишдир.

Ҳар киши ишининг ниҳояси гўзал бўлишини истайди ва шу йўлда ҳаракат қилади. Шунинг учун камина ҳам мақоланинг сўнгини дунёларга алишиб бўлмас қийматли ҳаёт китобининг бир саҳифаси билан тугатмоқчиман:

«Тасаввуф шайхи бўлган Жунайд Бағдодий Маккага борган экан кейин ҳамма одамлар: “Фалончи шу ерга келибди-ку”, дея, намозга ўтиб беринг, имоматликка сиз ҳақлисиз, деб ҳоли жонига қўйишмайди. Шайх, ўтмайман, мен лойиқ эмасман, дейишига қарамай, одамларнинг тинимсиз қистовларидан кейин рози бўлади. Аллоҳу акбар дея қулоқ қоққани замон, ҳушидан кетиб йиқилади. Кутилмаган ҳолатдан шошиб қолган жамоатдагилар шайхни ўзига келтиришга уринади, аммо ҳаракатлар самара бермагач, бошқа имом тайинлаб намозларини адо этиб олишади. Намозни тугатгач, шайхга сув сепиб ўзига келтиришади ва сизга нима бўлди, деб сўрайдилар. У киши: «Такбир айтиш олдидан, сафларни тўғрилаб олинглар, дейишим билан: «Нима, сен Аллоҳ билан орани тўғрилаб олдингми-ки, одамларга тавсия берасан. Роббинг билан муносабатинг аъло даражадами?», деган овоз эшитилди. Шуни кўтара олмай ҳушимни йўқотдим», дедилар.

Азиз китобхон, буларнинг бари эртак ёки асли йўқ афсоналар эмас. Бари ишончли зотлар томонидан нақл қилинган воқеликдир. Толиби илм сифатида қилинаётган ҳаракатларимиз натижасида Аллоҳнинг шариатига бутун вужудимиз ила ҳаракат қилиш, салафи солиҳларнинг этакларидан тутиб, ҳидоят йўли сари юриб бориш уммати Муҳаммадия соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳар бир вакили қатори биз ва сиз азизларга ҳам насиб этсин.

 

ТИИ Ҳадис ва Ислом тарихи фанлари кафедраси

Ўқитувчиси Халилуллоҳ Юсуф

 

 

 

422420cookie-checkСунани Термизий: Таҳоратсиз намоз қабул бўлмаслиги боби (5-қисм)

Сиз нима дейсиз, фикр билдиринг: