islom-instituti@umail.uz         71-227-42-37

Бухоро амирлигида илм-фан ва Абу Ҳафс Кабир машяхаси

Бухорога XIX асрда сафар қилган Е.К.Мэендорф Бухоронинг ислом оламида тутган ўрни ва мавқеини қуйидагича таърифлайди: «Ўзининг кўплаб мактаблари, олимлари ҳамда муқаддас қадамжолари сабабли мусулмонларнинг зиёратгоҳига айланган.  Эҳтимол, шунинг учун у “ШАРИФ” номига сазовор бўлгандир». [1] Муҳаммад Али ибн Муҳаммад Сайид Балжувонийнинг «Тарихи Нофеий» («Фойдали тарих») номли асари Бухоро амирлигининг XIX-XX асрнинг бошларидаги ижтимоий-иқтисодий ва маданий-сиёсий тарихини ёритиб берувчи муҳим ва қимматли манбалардан бири ҳисобланади. Мазкур тарихий даврда Бухоро амирлиги, Туркистон ҳамда Мовароуннаҳрдаги давлатлар орасида илму маданият, шариат фанларининг тараққий этганлиги, тафсир, ҳадис, фиқҳ, калом, усул, сарфу наҳв илмларидан иборат бўлган шариат илмлари ушбу муаззам диёрда ривожланган.

Бухоронинг машҳур тарихнавис ва шоирларидан Аҳмад Донишнинг ўз шахсий кутубхонаси мавжуд эди. Бу кутубхонада эса кўплаб нодир асарлар жамлаб борилар эди. Аҳмад Дониш мударрислик касбининг машаққатлари ҳақида: «Кундуз куни муаллим ўз ўқувчилари билан машғулотда банд бўлади, кечқурун эса эртанги кунги машғулотларга тайёрланади, хуллас у умр бўйи ўқийди ва ўз касби билан муттасил, танаффуссиз шуғулланади», деган фикрларни баён этади. [2]    Тарихда айрим ҳукмдорларнинг ўзи ҳам мадрасада мударрислик қилгани ҳақида маълумотлар учрайди. Амир Шоҳмурод ва Амир Ҳайдар Бухорода мударрислик қилган.

Амир Ҳайдар кўплаб шогирдларни тарбиялаган. Садри Зиёнинг маълумотига кўра, Амир Ҳайдар қироат илми ва хаттотлик санъатини ҳам пухта эгаллаган. Манбаларда қайд этилишича, Амир Ҳайдарнинг мадрасада таълим олувчи 400- 500 нафар талаба шогирдлари бўлган.

Бухоро амирлигида илм-фан, маорифнинг бу қадар юксак аҳамият топиши, илм бобида дунё бешиги сифатида жаҳон халқлари орасида ўзининг беқиёс ҳамда нуфузли ўрнига эга бўлиши йўлида Ислом Мовароуннаҳрга ёйилган илк даврлардан бошлаб илм эгаллаш учун жонбозлик кўрсатган уламоларнинг ўрни таҳсинга сазовордир. (149-656ҳ/766-158м) давр оралиғида Ислом оламининг илм маёғи бўлган диёр Бағдод эди. Шу боисдан ернинг ҳар тарафидан илм олиш мақсадидаги талабалар у ерга интилиб туришган. Шулар қаторида Абу Ҳафс кабирни ҳам зикр қилиш мумкин. Тарих солномалари олимнинг Бағдодга борган вақти тўғрисида аниқ маълумот бера олмаса-да, у кишининг ҳанафий мазҳаби асосчиси Абу Ҳанифанинг икки шогирди Абу Юсуф ва Муҳаммад ибн Ҳасан Шайбонийдан таълим олгани аниқ фактдир. Бу ҳодиса тахминий ҳисоб-китобларга қараганда ҳижрий иккинчи асрнинг тўртинчи чоракларига тўғри келади.

Абу Ҳафс кабирнинг асл исмлари Аҳмад ибн Ҳафс(ибн Жаъфар шакли ҳам учрайди).  Ўғли Абу Ҳафс сағир билан ораларини ажратиб туриш учун шундай номланади. [3] Абу Ҳафс кабирнинг туғилган санаси Муҳаммад ибн идрийс шофеъий(150/767) туғилган санаси билан бир хил. [4]

Абу Ҳафс кабирнинг ҳанафий мазҳаби имомлари Муҳаммад ва Абу Юсуфдан илм олиши бир фазилат бўлса, Муҳаммад ибн Ҳасаннинг «Мабсут» ва «ал-махориж ва ҳиял» асарларини устозининг ўзидан ривоят қилиши катта шараф келтирган. Абу Ҳафс бағдодда унча узоқ вақт қолмагани боис у кишининг Бағдоддан қайтганидан кейин устози Муҳаммад тарафидан ёзилган китоблар бағдодликлар ўртасидагина тарқалиб қолди.[5] Абу Ҳафс кабир икки шайхидан ташқари замонанинг бошқа уламоларидан ҳам таълим олган ва ривоят ҳам қилган. Жумладан, Муҳаммад ибн Фазл ибн Атийя, Вакеъ ибн Жарроҳ, Ҳайсам ибн Башийр, Жарир ибн Абдулҳамид. [6]

Юртига қайтган фақиҳ устозларидан олган илмларини Мовароуннаҳр диёрида тарқатишга астойдил бел боғлайди. Шу боисдан силсила тарзида келаётган илм ҳалқасига илм толибларини қўшиш мақсадида кейинчалик мадрасага айланиб ўзининг номи билан аталиб қолган машяха (илмий муассаса)га асос солади. Унинг шуҳрати ва хизмати борасида «ал-жавоҳирул музийя» асари муаллифи ҳоким Найсобурийдан(ваф. 405/1014) қуйидагича ривоят қилади: «Фатволар ҳамда раёсат Муҳаммад ибн Ҳасаннинг давридан бери улар(ҳафсийлар)нинг уйидан тарқалади». Абу Ҳафс кабир Ислом тарихида ўчмас из қолдирган алломалар ҳамда етук олимлар билан ҳамаср бўлгани ҳам эътиборга молик. Абу Бакр ибн Исмоил, Абу Бакр ибн Ҳомид, «Саҳиҳул Бухорий» асарининг муаллифи Муҳаммад ибн Исмоил Бухорий, Муҳаммад ибн Муҳаммад ибн Салом балхий. «Жавоҳирул музийя» асарида келган тарихий манбаларга таяниб бу кишилар деярли тенгқур бўлишган дейишимиз мумкин. Шу ўрнида бир муҳим тарихий факт мавжуд. Имом Бухорий билан Абу Ҳафс кабир ўртасида катта фиқҳий баҳс бўлади ва унда Абу Ҳафс кабир устунлик қилади. Ана ўшандан кейин фитналар авжига чиқади ва Муҳаммад ибн Исмоил Бухорони ташлаб чиқиб кетишга мажбур бўлади. Муҳаддислар султонига эсон-омон чиқиб кетишида юқорида зикри ўтган Абу Бакр ибн Ҳомид катта ёрдам беради. [7]

Абу Ҳафс кабир забардаст шогирдлар тарбиялаб етиштирган. Бу рўйхатнинг аввалида «ар-родд аълал аҳва» китобининг мусаннифи, ўғли Абу Ҳафс сағир туради. У Абдуллоҳ бўлиб илмни отасидан олган ва етук фақиҳ бўлган. Бундан ташқари унинг узоқни кўра биладиган, ўта зийрак киши бўлганига ҳам тарих гувоҳлик беради. Айни шунинг учун Абу Ҳафс сағир Хуросонда шофеъийлар ва ҳанафийлар ўртасида юзага келган фитнанинг бўлишини олдиндан тахмин қилган. Ваҳоланки бундай тахмин қилишга ўша хилоф пайтида ҳанафийларнинг сони 4000 минг киши, шофеийлар эса 100 та бўлгани йўл қўймасди. [8] Абу Ҳафс сағирнинг Абу Бакр деган куняси ҳам бўлган. Бу шайхларининг бири яъни, Абу Муҳаммад Абдуллоҳ ибн Муҳаммад ибн Яқуб Ҳорисийнинг номи билан боғлиқ.

Фақиҳнинг шогирдлари қаторида Абу Ҳафс кабир номлиси ҳам бор. Ҳотам ибн Наср ибн Молик Ғиждувоний унинг тўлиқ исмидир. Бу силсила орқали таълим олганлардан Тавба ибн Саъийд ва насафийларни зикр қилиш мумкин. Абу Ҳафс кабирнинг авлодлари орасида яна бир қимматли тарихий шахсият борки, у Муҳаммад ибн Аҳмад ибн Хоқон (ваф. 373/983) бўлиб, замонасининг етук фақиҳларидан бири ҳисобланган. Ҳадисда сиқа кишилардан.

Илмни Росулуллоҳдан келаётган силсила орқали машяха услубида замонасининг етук кишиларидан олган Абу Ҳафс кабир ҳақида гапирар эканмиз,  у зотнинг бир ҳикматини шу ўринда зикр қилиб ўтиш мақсадга мувофиқ бўлади. Фикримизча: «Қуръон қироатини кўпайтиринглар, ҳадемай Қуръон мусҳафлардан ҳамда қалблардан кўтарилажак». [9]

Абу Ҳафс кабир 217-ҳижрий (822м) санада Бухорода вафот этган ва етти қози учун хослаб қўйилган мақбарага дафн қилинган.

 

Мир Араб Олий мадрасаси,

фиқҳ фани ўқитувчиси

Саидов Иброҳимжон

 

Фойдаланилган адабиётлар

  1. Мейендорф Е. К. Путешествие из Оренбурга в Бухару. Наука: 1975. – Б. 25-26.
  2. Ахмад Дониш. История мангытской династии. Душанбе:1967. – Б.12-15.
  3. Абул вафо ҳанафий. Ал-Жавоҳирул музийя фи тобақотил ҳанафийя. Байрут: 1993. – 1-ж. Б 67.
  4. Ибн ал-Жавзий. Сифатус софва. Байрут: 1979. – 2-ж. Б. 248.
  5. Абу Закариё нававий. Тайзийбул асма вал луғот. Байрут: 1975. – 2-ж. Б. 128.
  6. Доктор Абудлмажийд Маҳмуд. Ал-иттижаҳатул фиқҳийяинда асҳабил ҳадис фил қорнис салисил ҳижрий. Миср: 1979. – 1-ж. Б. 620.
  7. Ибн Қутлубғо. Тожут тарожим. Байрут: 1992. – Б. 327.
  8. Бадриддин айний. Мағониюл ахёр. Байрут: 2006. – 1-ж. Б. 126.
  9. Замахшарий. Робийъул аброр ва нусусул ахбор. Бағдод: 1982. – 1-ж. Б. 166.
425700cookie-checkБухоро амирлигида илм-фан ва Абу Ҳафс Кабир машяхаси

Сиз нима дейсиз, фикр билдиринг: