islom-instituti@umail.uz         71-227-42-37

Алломалар ёди талабалар учун маёқдир

Тошкент ислом институти Ёшлар масалалари, маънавий-маърифий ишлар бўйича проректор Тоҳир Эвадуллаев, Ёшлар билан ишлаш, маънавият ва маърифат бўлими бошлиғи Абдулҳаким Олимов 1-курс талабалари билан “9 май – Хотира ва қадрлаш куни” муносабат билан Шайхонтоҳур тумани Кўкча даҳасидаги Шайх Зайниддин Бобо қабристонини зиёрат қилдилар. Устоз ва талабаларга Тошкент шаҳар бош имом-хатиби Абдуқаҳҳор домла Юнусов ҳамроҳлик қилиб, “Кўкча” қабристонида абадий қўним топган муршидлар, уламолар, шайхлар, устозлар, алломалар, зиёлилар, имом-хатибларнинг ҳаёт йўли, қолдирган илмий мероси ва фазилатлари тўғрисида маълумот берди.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам “Қабрларни зиёрат қилинг, албатта, улар охиратни эслатади”, деганлар.

Устоз ва талабалар тариқат муршиди Шайх Зайниддин Бобо, давлат арбоби Алихонтўра Соғуний, муфассир Шайх Алоуддин Мансур, ТИИ собиқ ректорлари Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф, Муҳаммад Латиф домла Жуманов, ёзувчилар Аҳмад Муҳаммад Турсун, Тоҳир Малик ва халқ артисти Шерали Жўраев қабрлари зиёрати асносида хатми сағир қилиб, 3 та Хатми Қуръонни қабристонда ётган барча марҳумларнинг руҳига бағишладилар.

Суҳравардий-я тариқати пешвоси Шайх Зайниддин Бобонинг тўлиқ номи Шайх Зайниддин Кўйи Орифони Тошкандий ибн Шайх Шаҳобиддин Абу Ҳафс Умар Суҳравардий бўлиб, 1164 йилда Боғдодда туғилган ва 1259 йил 95 ёшларида Тошкентда вафот этган. Оталари Шайх Шаҳобиддин Абу Ҳафс Умар Сухравардий Ироқ мамлакатининг Хоразмшоҳ давлатидаги элчиси бўлиб, 25 йил хизмат қилган. Шайх Зайниддин Бобо шу даврда Хоразмдан Тошкентга келиб қолганлар. Шайх Зайниддин бобо Тошкентга яқинлашганларида, шаҳарнинг Кўкча дарвозасидан бир неча чақирим нарида туя тўхтаб чўкади. Шайх Зайниддин бобонинг масканларига айланган ушбу жой, кейинчалик, Кўкча даҳасига айланади ва Орифон қишлоғи пайдо бўлади. Сўнгра бу ерда Ҳазрати Шайх Зайниддин бобо дафн этилиб, «Шайх Зайниддин бобо» қабристонига айланади. Қабристон Тошкентнинг ғарбий қисмида, Кўкча мавзесида жойлашган. Бу қабристон XIX-асрда шаҳардаги энг йирик қабристонлардан бири бўлган.

Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф 1952-2015 йиллари яшаб, фаолият юритган. Имом Бухорий номидаги Тошкент ислом институтида 1987-1989 йиллари раҳбарлик қилган, Олий маъҳаднинг 5-ректори ҳисобланади.

1989 йил 6 февралда Шайх ҳазратлари Ўрта Осиё ва Қозоғистон мусулмонлари диний идораси раиси, муфтий этиб сайланди ва 1993 йилгача фаолият юритди. Ўзбекистон мустақиллиги арафасида СССР Олий Кенгашига депутати бўлди ва шу билан бирга мустақил Ўзбекистоннинг биринчи муфтийси сифатида тарихга кирди

Алихонтўра Соғуний ҳазратлари 1885 йилда туғилган. У киши диний талимни аввал Макка шаҳрида, кейин Бухоро шаҳридаги “Мир Араб” мадрасасида, ундан сўнг эса Мадинаи Мунавварадаги дорулфунунларда таҳсил олган. Алихонтўра ҳазратлари қироат, тафсир, ҳадис, фиқҳ, наҳв, балоғат, мантиқ, табобат, тарих, сийрат, жуғрофия, назму наср ва бошқа фанлар бўйича ҳам етук мутахассис эди.

Соғуний ҳазратлари бир неча китобларини таълиф этганлар. Жумладан, “Тарихи Муҳаммадий”, “Туркистон қайғуси”, “Девони Соғуний”, “Шифоул илал” ва бошқалар. Шунингдек, у киши Аҳмад Донишнинг “Наводирул вақоиъ”, Дарвеш Али Чангийнинг “Мусиқа рисоласи”, Херман Вамберининг “Бухоро ёки Мовароуннаҳр тарихи” ва “Темур тузуклари” каби асарларни таржима қилган.

 

ТИИ Ижтимоий фанлар кафедраси

катта ўқитувчиси Т.Азимов

427600cookie-checkАлломалар ёди талабалар учун маёқдир

Сиз нима дейсиз, фикр билдиринг: