بَلِ ٱلْإِنسَٰنُ عَلَىٰ نَفْسِهِۦ بَصِيرَةٌ
”Ҳа, инсон ўз нафсига қарши ўзи шоҳиддир.” – Қиёмат, 14
Инсонлар сенда мавжуд бўлмаган сифатлар билан сени мақташаётган бўлса, уларнинг бу мақтовлари сенга фойда бермайди. Шунингдек, улар ёмон сифатлар билан сени ноҳақ айблашаётган бўлсалар ҳам уларнинг бу туҳматлари сенга зарар беролмайди. Инсон қачон яхшилик сари бир поғона одимласа, унга нисбатан адоватли кишиларнинг пайдо бўлиши табиий. Ҳатто пайғамбар алайҳимуссаломларни ҳам, улар инсонларнинг энг афзаллари бўлишларига қарамай, ҳамма ҳам ёқтиравермаган. Энди, қачон инсон бир бузуқлик пайидан тушса уни ҳам албатта яхши кўрувчилари борлигини кўрасан. Ҳатто Фиръавн, Намруд каби золимларни ҳам яхши кўрадиганлар топилган.
Муторриф ибн Абдуллоҳ шундай ривоят қилади: Имом Молик мендан:” Инсонлар мен ҳақимда нима дейишяпти?”деб сўради. Мен: “Ростгўй инсонлар сени мақташади, душманлар эса ёмонлашади.”, дедим. У:” Инсонлар доим шунақа бўлишган. Лекин биз уларнинг ҳаммаси бир хил гап айтишидан Аллоҳдан паноҳ сўраймиз.”, деди. Бундай паноҳ сўрашларининг сабаби, барча инсонлар у кишига фақат мақтов айтишса йўлдан озишдан, аксинча, барчалари ёмонласалар улар айтган ёмон сифатлардан бирортаси ўзларида топилиб қолишидан қўрққанлар. Демак, бир одамни дўст-у душманлари бўлиши, у ҳақида яхши-ёмон гаплар айланиши табиий ҳолат. Аммо у ҳақида ҳамма бир хил фикрда бўлса, унда инсон ҳушёр тортиши ва олқишлардан маст бўлиб, ўзини йўқотиб қўймаслиги ёки ҳақиқатда ўзидаги нуқсонларни сезмаётган бўлиши мумкинлигини ўйлаб кўриши лозим.