islom-instituti@umail.uz         71-227-42-37

Гаплашиш одоби

Ўз аро мулоқот пайти айримлар эътибор бермайдиган аммо ташқаридан хунук кўринадиган ҳолатлардан бири бу мулоқот пайти овозни баланд кўтариб гапиришдир. Аллоҳ таоло айнан шу ҳолатни ўз китобида Луқмон сурасида қуйидагича келтирган:

«Эй ўғилчам, юрганингда ўртача юргин ва сўзлаганингда овозингни паст қилгин. Чунки шак-шубҳасиз, овозларнинг энг ёқимсизи, ёмони эшаклар овозидир» (Луқмон сураси, 19-оят).

Яъни, кўча-кўйда юрганингда шошқалоқ-ақлсиз кимсалардек югуриб юрмагин ва ўлимтик-ялқов кимсалардек судралиб ҳам юрмагин, балки сакинат ва виқор билан ўртача юргин.

«ва сўзлаганингда овозингни паст қилгин. Чунки шак-шубҳасиз, овозларнинг энг ёқимсиз, ёмони эшаклар овозидир».

Луқмони ҳакимнинг фарзандига қилган бу панд-насиҳати сўзлаганда қулоқларни тешгудек қаттиқ овозда сўзлайдиган барча бақироқ кимсалар учун қаттиқ танбеҳдир, агар эшакка ўхшаб қолишни истамасанг бақириб сўзлама деган огоҳлантиришдир. Дарҳақиқат, бу ақлсиз жониворнинг ҳанграши эшитган одам сесканиб кетадиган даражада ўта ёқимсиздирки, ақлли инсон албатта ўзининг овози бирор бир жиҳатдан эшак овозига ўхшаб қолишидан ҳазар қилади. Лекин бу овознинг бу даражада хунуклигини яна бошқа бир сабаби ҳам бор эканки, бу ҳақда Абу Ҳурайра розияллоҳу анхудан ривоят қилинган мана бу ҳадиси шарифда хабар берилади: Расулуллоҳ соллАллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Қачон сизлар хўрознинг қичқирганини эшитсангиз, Аллоҳ таолога дуо қилиб Унинг фазл-марҳаматини сўранглар, чунки хўрозлар малоикаларни кўрганларида қичқиради, аммо қачон эшакларнинг ҳанграшини эшитсангиз, Аллоҳ таолога ёлвориб, шайтоннинг шарридан паноҳ беришини сўранглар, чунки эшаклар шайтонни кўриб қолганларида ҳанграйди».

Мана, юқорида келган бир неча оятда Аллоҳ таолонинг солиҳ бандаларидан бўлмиш Луқмони ҳаким ҳикматларидан баён қилинди. Албатта, мазкур ҳикматларнинг Қуръони Азимда зикр қилиниши беҳикмат эмасдир ва булар фақат бир отанинг ўз фарзандига қилган панд-насиҳати ҳам эмасдир. Балки бу Азалий ва Абадий Китоб орқали Яратганнинг барча мўмин бандаларига мана шундай ўқиган одамнинг эсидан чиқмайдиган тарзда етказиб, иймон-эътиқод, ибодат ва ахлоқ-одоб бобида таълим бер-ган Илоҳий Дарсларидандир.

Дарҳақиқат, Ҳақ таоло Луқмони ҳакимга кўп ҳикматлар ато этган эди. Ваҳб ибн Мунаббиҳ раҳимаҳуллоҳ айтади: «Луқмон сўзлаган ҳикматлар сони ўн икки мингта бўлиб, одамлар сўзларида, чиқарадиган ҳукмларида унинг ҳикматларидан фойдаланадилар».

Холид ибн Рибъий айтади: «Луқмон қора танли қул эди. Хожаси унга бир қўйни бериб: «Буни сўйгин-да, менга ундан энг покиза икки бўлагини келтиргин», деган эди, у хожага қўйнинг тили ва юрагини келтирди. Сўнгра яна бир қўй бериб: «Буни ҳам сўйгин-да, менга ундан энг нопок икки бўлагини келтиргин», деди. Бас, Луқмон унга яна қўйнинг тили ва юрагини келтирди ва хожа бунинг ҳикматини сўраган эди, Луқмон деди: «Агар тил ва қалб тоза бўлса, у иккисидан пок-ҳалол нарса йўқдир, агар тоза бўлмаса, у иккисидан нопокроқ нарса йўқдир».

Тошкент ислом институти талабаси

Салиева Бийбиайша

Фойдаланилган адабиётлар

Қуръони карим маъноларининг таржима ва тафсири / таржима ва тафсир муаллифи Шайх Абдулазиз Мансур. –Тошкент: Сано-стандарт, 2021. – 624 б.

Абу Жаъфар Муҳаммад ибн Жарир ат-Табарий. Жамиъул баян ан таъвили аятил Қуръан. –Байрут: Дарул фикр, 1988. – 762 б.

Аҳмад ибн Ҳажар ал-Асқолоний. Фатҳул борий шарҳу Саҳиҳи Бухорий. – Қоҳира: Дорул райяни лит-турос, 1986. – 306 б.

430930cookie-checkГаплашиш одоби

Сиз нима дейсиз, фикр билдиринг: