Пайғамбар (соллаллоҳу алайҳи васаллам) Ҳуд сурасини ўзларининг муборак сочларини оқартирган суралар қаторига қўшганлар.
Ҳофиз Абу Яъло Икрима (розияллоҳу анҳу)дан қилган ривоятда қуйидагилар айтилади: «Абу Бакр (розияллоҳу анҳу) Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалладан:
«Сочингизни нима оқартирди?» деб сўраганларида у зот (соллаллоҳу алайҳи васаллам):
«Сочимни Ҳуд, Воқеа, Амма ятасаъалун ва Изаш-шамсу куввирот суралари оқартирди», деган эканлар». Имом Термизий ривояти.
Тобаронийдан қилинган ривоятда: “Сочимни ҳуд ва унинг шериклари оқартирди” деганлар.
Бунга сабаб “Ҳуд” ва ушбу сураларда келган қиёмат куни ҳақидаги хабарлар, у куннинг қўрқинчликлари ва қўшимчасига росулларини ёлғончига чиқарган умматларга ёғилиб келган азобларни ифодаловчи оятлардир.
Мановий (роҳимаҳуллоҳ) “Файзул қодир” китобида ушбу оятни тафсирида сочларини оқаришини сабаби деб шундай деганлар:
Қиёматдаги қўрқинчликлар ва қийинчиликлар, набийларнинг ҳолатлари ва улар билан рўй берган ҳодисалар зикр қилинганлиги сабаб шундай бўлган.
Бунга Абу Абдуллоҳ жуда ҳам гўзал тушунтириш берадилар:
Маъноси: Қўрқув сочни оқаришини келтириб чиқаради. Сабаби қўрқув нафсни даҳшатда қолдиради, шу сабабдан тананинг намлиги кетиб, қуриб қолади. Ҳар бир толанинг остида бир манба бўлиб, тер ана шу жойдан чиқади. Модомики қўрқув тананинг намлигини қуритиб қўяр экан, ана ўша манбалар ҳам қурийди, натижада соч ҳам қуриб оқариб кетади. Бу гўё суғорилган ям-яшил экинга ўхшайди. Агар уни суғормай қўйилса, қуриб, оқариб қолади. Зеро қари кишининг ҳам сочи танаси қуриб, ундаги ҳўллик кетиб қолгани учун оқаради. Нафс Аллоҳ таолонинг ваидларидан ва у зот томонидан келадиган қўрқинчлардан даҳшатга тушади ва сўлиб қолади. Тананинг сувини ана шу ваидлар ва қўрқинчлар кетказади ва шу сабабдан соч оқаради.
Ҳуд сурасида еса Аллоҳ таоло умматларни ва уларга Аллоҳнинг азобини тез келганини зикр қилди. Иймон соҳиблари бу оятни ўқиганда қалбларида у зотнинг мулкини, салтанатини ва душманларига бўлган қувватини ҳис қилишади. Агар мана шу қўрқувдан вафот етсалар, ҳақиқий муносиб ҳолатда вафот этишган бўларди. Лекин исми олий бўлган зот Аллоҳ таоло бундай ҳолатларда уларга лутф қилади, тоинки улар Аллоҳнинг каломини ўқий олишсин.
Бир ривоятта Набий алайҳиссаломни сочларини оқаришига сабаб бўлган оят бу 112-оятидир дейилган. У оят:
فَاسْتَقِمْ كَمَا أُمِرْتَ وَمَنْ تَابَ مَعَكَ وَلا تَطْغَوْا إِنَّهُ بِمَا تَعْمَلُونَ بَصِيرٌ
Бас, (эй Муҳаммад алайҳис-салоту вас-салом), сиз ва сиз билан бирга тавба қилган зотлар ўзингизга буюрилгани янглиғ тўғри йўлда бўлингиз! Туғёнга тушмангиз! Албатта, У зот қилаётган амалларингизни кўриб тургувчидир.
Яъни, Пайғамбар (соллаллоҳу алайҳи васаллам) ва мўминлар тўғри йўлда-Аллоҳнинг динида собит турмоқликлари, бардавом бўлмоқлари лозим. Улар ҳаддан ошиб, туғёнга кетиши мумкин эмас. Агар мустақим турмасангиз ва туғёнга кетсангиз, ўзингизга қийин бўлади.
Бу оятни тафсир қилаётганда Имом Қуртубий қуйидаги ривоятни келтириб ўтганлар: Ибн Аббос розияллоҳу анҳу айтадилар: Росулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам)га ушбу оятдан-да қаттиқроқ ва қийинроқ оят нозил бўлмади.
Абу Абдурроҳман Суламийдан ривоят қилинади, айтадилар: Мен Абу Алий Сиррийнинг шундай деяётганларини эшитдим: Тушда Набий (соллаллоҳу алайҳи васаллам)ни кўрдим ва: Ей Аллоҳнинг росули, сиздан “Сочимни ҳуд оқартирди” деганингиз ривоят қилиняпти, дедим. Тўғри, деб жавоб бердилар. Шунда мен: ундаги нима нарса сочингизни оқартирди? Анбиёларнинг қиссаси-ю, умматларнинг ҳалокатга учраганими? деб сўрадим. Шунда у зот (соллаллоҳу алайҳи васаллам): Йўқ, балки Аллоҳ таолонинг “Буюрилганингдек тўғри йўлда бўл” деган буйруғи, дедилар.
Тошкент ислом институти талабаси
Қодиров Абдулазиз