Ибн Ражаб Ҳанбалийнинг ҳаёти
У зотнинг тўлиқ исмлари: Имом Ҳофиз Зайнуддин Абул-Фараж Абдурраҳмон ибн Имом, Шайх, Қори Шиҳобуддин Аҳмад ибн Абу Ҳамид Ражаб Абдурраҳмон ибн Ҳасан ибн Муҳаммад Абул Барокот Масъуд ас-Суломий ал-Бағдодий сўнгра ад-Димашқий ал-Ҳанбалий.
Энг машҳур кунялари: “Абулфараж”.
Машҳур лақаблари эса: “Зайнуддин”дир.
Туғилишлари
Ибн Ражаб (роҳимаҳуллоҳ) Бағдод шаҳрида ҳижрий 736-йил дунёга келганлар. Бу гап у кишининг туғилиш саналари бўйича энг ғолиб гап ҳисобланади.
Машҳурликлари
айнуддин Абулфараж Абдурроҳман ибн Аҳмад (роҳимаҳуллоҳ) “Ибн Ражаб” номи билан машҳур бўлдилар. “Ражаб” у зотнинг боболарининг исми бўлиб, ривоят қилинишича, ражаб ойида туғилганликлари учун боболарига шундай исм қўйилган экан.
Ёзган асарлари
Ҳофиз ибн Ражаб (роҳимаҳуллоҳ)нинг ёзган китоблари-ю, қолдириб кетган илмий асарлари турличадир. У зот тафсир, фиқҳ, ҳадис, тарих, ақида ва панд-насиҳатга оид исломий илмлардан иборат бўлган асарларининг миқдори ва турличалиги у зотнинг ҳимматлари баланд ва мавқелари олийлигига ишора қилмоқда.
Олимларнинг таржимаи ҳолларини ёзадиган тарихчилар у зотнинг фойдали ва нафис асарлари мавжудлигини эътироф этадилар.
Ибн Ражаб (роҳимаҳуллоҳ)нинг китоб ёзишда ўзларига хос услублари мавжуд бўлиб, у зот китобларида аниқ иборалар ва осон услубларни жамлаганлар.
Ибн Ражаб Ҳанбалийнинг машҳур гапларидан лавҳалар:
“Насиҳат бу – киши ўзи ёқтирган нарсалар бошқаларда ҳам бўлишини хоҳлаши, ўзига ёқмаган нарсаларни улар учун ҳам ёқтирмаслиги, мусулмонларнинг ҳаммасига меҳрибон, кичикларига раҳмдил, катталарига тавозели бўлиши, уларга етган мусибатларга хафа бўлиб, агар ўзининг зарарига бўлса ҳам мусулмонларни хурсанд қиладиган ишлардан шодланиши (масалан, маҳсулотларнинг нархи арзонлаб кетиб, тижоратига зиён етса ҳам), шунингдек, уларга манфаатли нарсаларни яхши кўриши, мусулмонлар фойдаланаётган неъматлар доимий бўлишини сўраши, душманларига қарши ёрдам бериши, уларга етаётган азият ва қийинчиликларни кетказишга ҳаракат қилиши, деганидир ”.
“Роббиси ҳузурида ҳожати бўла туриб, саҳар пайтида ухлаган киши оқил кимса эмас. Эҳтиёжларингизни тунги намоз пайтида талаб қилишни ўрганинг”.
Ибн Ражаб Ҳанбалийнинг “Шарҳи илалит Термизий” асарлари аслида Имом Термизийнинг “Жомеъ”ларининг шарҳидан бир парча ҳисобланади. Китобнинг асл ҳоли 20 мужалладан иборат бўлган. Мўғуллар Шомга бостириб кирганда юз берган фитнада ёниб кетган деган эҳтимолият бор. У китобдан фақатгина “Шарҳ илалит Термизий” қисмигина қолган.
Буюк муҳаддис, фақиҳ Ибн Ражаб Ҳанбалий (роҳимаҳуллоҳ)нинг фаолияти, қолдирган беназир мероси ҳақида гапирилар экан, биринчи навбатда, бу меросни янада чуқурроқ ўрганиш ва бу зотга катта эҳтиром билан қараб, тадқиқот олиб бораётган олимларнинг ёрдами билан фақиҳнинг бебаҳо асарларини бутун дунёга ёйиш, уларни таҳлил этиш, замондошлар ва ёш авлодларга етказиш барча учун масъулиятли иш эканини айтиш лозим.
Тошкент ислом институти талабаси
Қобилов Акбаржон