Россия Федерацияси мусулмонлари диний бошқармаси раиси, муфтий Шайх Равил Гайнутдин таклифига биноан, Тошкент ислом институти ректори М.Муҳаммадсиддиқов Қозон шаҳрида ўтказилган “Маънавий ипак йўли: Катта Евроосиё маконида анъанавий қадриятларнинг маъноси” мавзусидаги Ѵ Халқаро илмий-теологик конференция давомида Хитой мусулмонлари жамияти раиси Ян Фамин билан учрашув ўтказди. Унда томонлар ўзаро фикр-мулоҳазалар олиб боришиб, бугунги кунда Хитой Халқ Республикаси ҳам бир қанча тадбирларда фаол иштирок этиб келаётгани таъкидланди. Ян Фамин бир неча йил олдин Ўзбекистоннинг Самарқанд, Бухоро ва Тошкент шаҳарларида зиёратда бўлгани, Имом Бухорий, Имом Термизий, Бурҳониддин Марғиноний ва Имом Мотуридий каби алломалар айнан Ўзбекистон замимнидан етишиб чиққани ҳамда мазкур алломалар ислом оламида мислсиз хизмат қилиб ўтишганини мамнуният билан эсга олди. Ян Фамин Хитой мусулмонлари Марказий Осиё давлатлари хусусан, Ўзбекистон мусулмонлари идораси раҳбарияти билан ҳам яқин алоқалар ўрнатиш ниятидалигини маълум қилиб, фурсатдан фойдаланиб, Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий, Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратларига ўзларини самимий саломларини етказишни сўради.
Самимий ва дўстона руҳда ўтган учрашувда М.Муҳаммадсиддиқов Ўзбекистон ва Хитой алоқалари қадимдан ривожланиб келаётгани, қадимий қўлёзма манбаларда Хитой ва Марказий Осиё ўртасида мунтазам алоқалар йўлга қўйилгани ҳақида гапириб ўтди.
М.Муҳаммадсиддиқов Дунхуанда топилган археологик ашёлар қадимдан бу ерда Фарғона, Самарқанд, Бухоро ва Тошкентдан келган савдогарлар яшаганини тасдиқлайди. Ўрта асрларда Абу Али ибн Синонинг “Тиб қонунлари” асари хитой тилига таржима қилиниб, чин халқ табобатини ривожлантиришда кенг фойдаланилган. Бугунги кунда Хитой билан савдо, иқтисодий-сиёсий ва таълим соҳаларида ҳамкорликни янги босқичлари бошлаб юборилган.
Хитой Ўзбекистон Республикаси Давлат мустақиллигини биринчилардан бўлиб, 1991 йил 27 декабрда тан олган мамлакат ҳисобланади. Ҳозирда Хитой Ўзбекистон ташқи сиёсатида муҳим ўрин тутади. У мамлакатимизнинг стратегик шерикларидан бири ва энг асосий савдо-иқтисодий ҳамкори ҳисобланади.
Икки мамлакат алоқаларининг ривожига туртки бераётган омиллардан бири, бу давлат раҳбарларининг олий даражадаги ташрифлари ҳисобланади. Ушбу ташрифлар ўзаро ишонч ва дўстликни мустаҳкамлашда муҳим аҳамиятга эга бўлмоқда. 1992-2023 йиллар мобайнида Ўзбекистон ва Хитой раҳбарларининг ўзаро ўнлаб давлат ташрифлари амалга оширилди. Биргина 2023 йилда Президент Шавкат Мирзиёев икки марта Хитойга ташриф буюрди: 8-19 май кунлари Циан шаҳрида бўлиб ўтган “Марказий Осиё – Хитой” илк саммитида иштирок этган бўлса, 17-18 октябрда Пекин шаҳрида бўлиб ўтган “Бир камар, бир йўл” 3-халқаро форумида қатнашганини таъкидлаб ўтди.
М.Муҳаммадсиддиқов изчил ривожланиб бораётган соҳалардан бири сифатида маданий-гуманитар алоқаларга алоҳида тўхталиб, Ўзбекистон ва Хитой маданият, санъат ва таълим йўналишларида ҳам илғор одимларни бошлаб юборганини таъкидлади.
Жумладан, Тошкент ва Самарқанд шаҳарларида Конфуций номидаги хитой тили ва маданиятини ўрганиш институти, Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университетида Хитой тили маркази ташкил этилгани, Хитой Миллатлар марказий университетида ўзбек тили бўйича бўлинма, Шанхай хорижий тиллар университетида “Ўзбек тили ва адабиёти” кафедраси фаолияти йўлга қўйилгани ва ҳозирда Ўзбекистондаги олий ўқув юртларида 2 мингдан зиёд талаба хитой тилини ўрганиб келаётгани ва 5 та олийгоҳда эса хитой тили биринчи ёки иккинчи хорижий тил сифатида ўқитилаётганини айтиб ўтди.
Учрашув сўнггида М.Муҳаммадсиддиқов учрашувни ташкил этгани учун Ян Фамин жанобларига самимий миннатдорлик изҳор қилиб, икки давлат диний соҳа вакилларини турли илмий конференция ва симпозиумларда иштирок этишлари бўйича маслаҳатлашиб, Хитой мусулмонлари жамияти билан Ўзбекистон мусулмонлари идораси ҳамкорликка доим тайёрлигини маълум қилди.
ТИИ Матбуот хизмати