islom-instituti@umail.uz         71-227-42-37

Суратга эмас балки, сийратга аҳамият лозим

قُلْ يَا أَهْلَ الْكِتَابِ لَا تَغْلُوا فِي دِينِكُمْ غَيْرَ الْحَقِّ وَلَا تَتَّبِعُوا أَهْوَاءَ قَوْمٍ قَدْ ضَلُّوا مِنْ قَبْلُ وَأَضَلُّوا كَثِيرًا وَضَلُّوا عَنْ سَوَاءِ السَّبِيلِ

77. Сен: «Эй аҳли китоблар! Динингизда ҳаддан ошиб, ноҳақлик қилманг. Ва олдин ўзлари адашиб ва кўпчиликни адаштириб, тўғри йўлдан умуман чиққанларнинг ҳавои нафсларига эргашманг», деб айт.(моида сураси 77-оят). (Динда ҳаддан ошишлик арабчада «ғулув» дейилади. Ғулув–аслида, динда бўлмаган нарсаларни ўзини яна ҳам диндорроқ, тақводорроқ кўрсатиш мақсадида динга киритишдир.).

Бу хитоб айнан ушбу оятлар нозил бўлаётган пайтдаги ва ундан кейинги даврлардаги аҳли китобларга қаратилгандир. Ушбу оятда улар аввал ўтган аждодларига, уларнинг ҳавойи нафсларига эргашмасликка даъват қилинмоқда. Улар ўзлари адашиб, бошқаларни ҳам адаштириб, оқибатда тўғри йўлдан бутунлай чиқиб кетган эдилар.

Мисол учун, насороларнинг Исо алайҳиссаломни улуғлашда ғулувга кетишлари – ҳаддан ошишлари у киши келтирган соф ақиданинг тамоман бузилиб кетишига сабаб бўлган. Бунга ўхшаш ишлар жуда ҳам кўп. Шунинг учун ҳам Аллоҳ таоло Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга аҳли китобларни динларида ҳаддан ошиб, ноҳақлик қилмасликка даъват этишни топширмоқда. Бу амр, яъни динда ғулувга кетмаслик – ҳаддан ошмаслик амри мусулмонларга ҳам тегишлидир.

Динимизда ота-онани рози қилиш катта савоб ҳисобланса-да, уларнинг оёғини ювилган сувни ичиб, уни ҳаммага кўз-кўз қилиш жоиз эмас . Чунки, бу биринчидан динда ғулув (чуқур) кетиш саналади. Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи ва саллам бу ҳақида огоҳлантириб, шундай деганлар:

“إيَّاكم والغلوَّ في الدِّين، فإنَّما أَهلَكَ من كان قبلَكمُ الغلوُّ في الدِّينِ” (أخرجه النسائي ، وابن ماجه ، وأحمد عن ابن عباس)

яъни: “Динда ғулув (чуқур) кетишдан сақланинг. Зеро, сизлардан олдингиларни фақатгина динда ғулувга кетишлари ҳалок қилгандир” (Имом Насоий, Ибн Можа ва Аҳмадлар ривояти).

Иккинчидан, бу ишда риё белгилари бор. Яъни мўмин одам ҳар бир амалини холис Аллоҳ учун қилиб, имкон қадар бошқалардан яшириши лозим. Акс ҳолда қилган амалининг савобидан маҳрум бўлади. Энг ёмони баъзилар мана шундай ножоиз ишни қилиб, камига суратга ҳам олдириб тарқатмоқдалар. Натижада бошқалар бу ишлар жуда улуғ амал экан, деб ножоиз ишларни ибодат даражасига кўтариб юбормоқда. Кўр-кўрона эргашиб кетмоқдалар.

Имом Раббоний қуддиса сирруҳу “Мактубот”да айтадилар:

“أنّ العمل إذا وقع موافقا للشّريعة فهو مرضيّ الحقّ سبحانه وخلافها غير مرضيّه تعالى فكيف يكون غير المرضيّ محلا للثّواب بل هو موقع العقاب”

“Бирор амал шариат кўрсатмасига мувофиқ бўлсагина Ҳақ таоло ҳузурида мақбул бўлади. Аксинча бўлса, Аллоҳ таоло рози бўлмаган иш ҳисобланади. Қандай қилиб Аллоҳ рози бўлмаган иш савоб ўрни бўлсин?! Балки у жазога лойиқ амал саналади”.

Демак, ота-онани рози қилиш ҳам шариатимизга мувофиқ тарзда бўлсагина Аллоҳ даргоҳида мақбул бўлади.

Шариатимизга кўра, ота-она розилиги ҳамммага кўз-кўз қилиб, уларни оёқларидан тушган сувни ичиш билан эмас, балки фарзанд умри давомида уларнинг хизматларини қилиши, уларга нисбатан доимо хушмуомала бўлиб, азият бермаслиги билан бўлади. Шунга кўра, фарзанд ота ёки онасининг оёқлари ювилган сувни ичиши ва уни ижтимоий тармоқлар орқали бошқаларга кўз-кўз қилиши жоиз эмас.

Яна бир оғриқли ижтимоий иллатлардан бири ота-онаси, ака-ука ва устоз, бошқалар учун қилган яхшилигини “хўжакўрсин” риёкорлик билан ҳадя этган автомобиль ёки бошқа нарсаларга “ДАДАЖОН”, “АКАЖОН” деб ёзиб барчага кўз кўз қилиб бериш диндан деб тушунчалар амал қилиш ҳам авж олган ҳолда бажарилмоқда. Бу каби ишлар ислом дини ҳақида маълумотга эга бўлмаган одамлар томонидан ҳаётга татбиқ этилмоқда.

 

ТИИ Модуль таълим тизими

талабаси, Тўрақўрғон туман

“Исҳоқхон тўра” жоме масжиди

имом-хатиби Суфиев Жаъфархон

432820cookie-checkСуратга эмас балки, сийратга аҳамият лозим

Сиз нима дейсиз, фикр билдиринг: