«Садақа» сўзи луғатда бировни икром қилиш нияти ила эмас, Аллоҳ таолога қурбат нияти ила бериладиган нарсадир. Бу маъно закотни ва ихтиёрий садақани ўз ичига олади. «Садақа» уламолар истилоҳида Аллоҳ таолога қурбат ҳосил қилиш нияти ила тириклик чоғида эвазсиз мулк қилиб беришдир. Роғиб Асфиҳоний айтади: «Садақа – инсон ўз молидан қурбат нияти ила чиқарган нарсадир».
Аслида молни ихтиёрий чиқаришни садақа дейилади. Фарз мол чиқаришни закот дейилади. Гоҳида ҳар бир яхшилик ишни ҳам садақа дейилиши бор. Агар молни муҳтож кишига эвазсиз мулк қилиб беришдан Аллоҳ таолога қурбат ҳосил қилиш кўзланса, садақа бўлади. Агар молни бериладиган шахс олдига уни улуғлаб ва меҳрини қозониш учун олиб борилса, хадия бўлади. Ўлими олдида мол улашиш атийя бўлади. Бошқа ҳолатларда ҳиба бўлади. Садақанинг садақа деб аталишига сабаб у ўз эгасининг иймони ва нияти содиқлигини тасдиқлаши учундир.
Аллоҳ таоло Қуръони каримда мўмин-мусулмон бандаларини садақа қилишга тарғиб қилган. Аллоҳ таоло «Мунофиқун» сурасида айтади:
«Сизлардан бирингизга ўлим келиб «Эй Роббим, агар мени оз муддатга таъхир қилиб турсангда, садақа қилиб солиҳлардан бўлиб олар эдим», дейишидан олдин Биз сизга ризқ қилиб берган нарсадан инфоқ қилиб қолинглар» (10-оят).
Куч-кувватнинг борида, молу-дунёнинг етарлигида хеч нарса хаёлга келмай, садақа қилишни эсга ҳам олмай юриб-юриб, ўлим элчиси эшик қоқиб келганда Аллоҳга ёлвориб «мени бир оз ўлдирмай тургин, садақа қилиб, аҳли солиҳдан бўлиб олай», дегандан фойда йўқ. Балки ёшликда, куч-қувватнинг борида ибодатларни ўрнида адо этиб, садақаларни қилиб аҳли солиҳлардан бўлиб олиш керак. Ана ўшанда ўлим элчиси ҳам ҳеч нарсадан қўрқмай, хеч нарсага афсус қилмай кутиб олинади. Ҳа, вақтида Аллоҳ таоло берган ризқдан жойини топиб инфоқ қилиб қолиш керак. Кейин эса кеч бўлади. Аллоҳ таоло айтади:
«Садақани ошкора қилсангиз қандоқ ҳам яхшидир. Агар махфий қилсангиз ва фақирларга берсангиз, бу сиз учун яхшидир. Сиздан гунохларингизни ювадир. Ba Аллоҳ қилаётган амалларингиздан хабардордир».
Ушбу ояти каримада садақани ошкора қилиш ҳам, махфий қилиш ҳам мақталмокда. Бу ҳақдаги бошқа оят ва шаръий далилларни жамлаб ўрганиб чиққан уламоларимиз хулоса қилиб айтадиларки, садақа фарз бўлса, уни ошкора қилиш яхши, чунки бу ҳолда Аллоҳнинг амрига тоат ошкора кўринади. Агар садақа ихтиёрий бўлса, уни махфий қилингани яхши. Риёдан ва манманликдан узоқда бўлинади. Садақа қилиш хоҳ ошкора бўлсин, хоҳ махфий бўлсин, доимо ўз эгасига фойда келтиради, унинг гунохларининг ювилишига сабаб бўлади.
Маълумки, одамнинг топган мол-мулкидан ўз ихтиёри билан бошқа кишиларга садақа қилиши осон эмас. Бунинг учун доимий равишда тарғибот олиб бориб, одамлар қалбидаги бахиллик, молга бўлган хирс ҳисларини йуқотиш керак бўлади. Иккинчидан, сахийлик даражасига етганларида риёкорликни йўқотиш учун харакат қилмоқ лозим бўлади. Ҳаётий тажрибада ҳам мол сарфлашни йўлга қўйишдан кўра, риёдан қочишни йўлга қўйиш қийин эканлиги кўрилган. Кишиларда қилган садақасини, яхшилигини одамлар билишини хоҳлаш табиати кучли.
Садақа жуда эътиборли нарса, унинг катта-кичиги бўлмайди. Зотан, садақа сўзи «сидқ», «содиқ» сўзларидан олинган бўлиб, банданинг иймон борлигини тасдиқловчи амал деган маънони билдиради. Кишининг иймони, Аллоҳга ишончи бўлса, қалбида қилаётган хайр-эҳсонининг савобидан умидворлик туйғуси бўлса, берган садақаси ана шу туйғуларнинг чин эканлигини тасдиқлайди.
Хулоса қилганда, садақа қилиш мусулмон инсон учун муҳим амаллардан бири бўлиб, нафақат муҳтожларга ёрдам, балки ўзининг охирати учун ҳам улкан фойда беради. Уни имкони борича Аллоҳ учун ихлос билан бериш ва риёдан узоқ бўлиш лозим.
4- курс талабаси Файзуллаев Сулаймон