Маҳмудхўжа Беҳбудий ХХ аср бўсағасидаги Туркистон ижтимоий-сиёсий ҳаётида ўчмас из қолдирган жамоат арбоби, адиб, драматург, ношир, журналист, ҳақиқий маънодаги халқ отаси, миллат жонкуяри, миллатнинг маънавий тараққиёти учун қандай йўл бўлса ҳаммасини босиб ўтган инсон.
Маҳмудхўжа Беҳбудий 1875-йилнинг 19-январида Самарқанд яқинидаги Бахшитепа қишлоғида дунёга келди. Отаси Беҳбудхўжа Солиҳхўжа ўғли Аҳмад Яссавий авлодидан бўлиб масжидда имом-хатиб бўлган. Беҳбудий отасидан эрта етим қолади ва тоғаси қози Муҳаммад Сиддиқ қарамоғида тарбия топади. Маҳмудхўжа диний илмларни пухта эгаллаб, 18 ёшидаёқ қозихонада мирзолик қила бошлайди. Кейинчалик қози, муфтий даражаларига кўтарилади.
Маҳмудхўжа Беҳбудий яшаган давр ғоят оғир ва мураккаб бир давр эди. ХVI асрдан бошланган инқироз ва турғунлик, ўзаро жанжал ва низолар, маҳаллий уруғчилик низолари миллатни ҳолдан тойдирган, вазиятдан фойдаланиб, Туркистонни забт этган Русия зўр бериб мустамлакачилигини кучайтиришга ҳаракат қиларди. Мана шундай бир шароитда миллатни озод сақлаб қолишга уринган инсонлар жаҳолатга қарши маърифат билан курашиш зарурлигини англаб етдилар. Бунинг учун халқнинг маърифат кўзларини очиш зарур эди. Ана шу вазифани уддалаш – миллатни уйғотиш учун жадидлар номи остида зиёли, маърифатпарвар, фидоий инсонлар тарих сахнасига чиқдилар. Шундай инсонларнинг йирик намоёндаси Маҳмудхўжа Беҳбудий эди.
Жадидчилар биринчи навбатда эътиборларини маорифга қаратишди. Янги “Усули жадид”, “Усули савтия” номида янги мактабларни очишди. Бундай мактабларда ўқиган болаларнинг тез саводи чиқарди. Диний билимлар билан бирга дунёвий билимлар ҳам бериб бориларди. 1903 йилда Беҳбудий ташаббуси билан Самарқанд атрофида Ҳалвойи, Ражабамин қишлоқларида янги мактаблар ташкил топди. Адиб ушбу мактаблар учун дарсликлар тузишга киришди. 1904 йилда “Рисола асбоби савод”, 1905 йилда “Рисолаи жуғрофияи умроний”, 1905 йилда “Рисолаи жуғрофияи Русий” номли географияга оид дарсликлар ёзди. 1908 йилда “Китобатул атфол”, “Амалиёти ислом”, 1909 йилда “Тарихи ислом” каби дарсликларни ёзди ва бу китоблар ўзи таъсис этган мактабларда дарслик сифатида ўқитилди. Беҳбудийнинг янги усулдаги мактаблар очишига сабаб бўлган омиллардан бири унинг саёҳатлари эди. У 1899–1900 йилларда ҳаж сафарига боради ва бу унга дунёни кўришга, Туркистондан ташқарида нималар содир бўлаётганини билишга сабаб бўлади. Чунки ўша даврда дунё анча ривожланиб кетган эди.
Маърифат учун биргина мактабнинг ўзи кифоя қилмас эди. Халқни уйғотиш учун, унинг нуқсону камчиликларини ўзига кўрсатадиган ойна керак эди. Шу мақсадда Беҳбудий театр ва матбуотда ҳам фаолият олиб борди. “Падаркуш” драмаси орқали илмсизлик ва тарбиясизликнинг оқибатларини кўрсатиб берди ва ўзбек драматургиясига тамал тошини қўйди. Ўзи қисқа бўлишига қарамай драма халққа жуда қаттиқ таъсир қилди. Драмада тасвирланган бой образи мол-мулкига, ўзига ишонган, ён-атрофидагиларни ўйламайдиган, халқ учун хайр-эҳсон қилмайдиган, хатто фарзанди тарбиясига ҳам беэътибор бўлган инсонларни кўрсатиб берди. Янги фикрли Домла ва Зиёли образлари орқали бойга ўхшаган одамларга Беҳбудий ўз сўзларини айтади. Ўз отасининг қотили бўлган Тошмурод орқали ўқимаган, тарбиясига эътибор берилмаган ёшларнинг тақдирини кўрсатиб беради. Драма сўнгида адиб Зиёли тилидан шундай деб хулоса қилади: “Илм ва тарбиясиз болаларни оқибати шудир. Агарда буларни отаси ўқутса эди, бу жиноят ва падаркушлик алардан содир бўлмас ва булар ичкиликни бўйла ичмасди, хун беғайри ҳаққин қилмас эди”[1].
Бу драмани халқ катта ҳаяжон билан кутиб олди. 1926 йилда Тошкентга келган шарқшунос академик А.Н.Самойлович шундай деган эди: “Туркистондаги янги адабиётнинг маркази Самарқандда бўлса керак, ёш адибларнинг бош илҳомчиси сифатида эса на тожик, на турк асли хўжа самарқандлик муфтий Маҳмуд Беҳбудийни эътироф этиш керак бўлади”[2].
Маҳмудхўжа Беҳбудийнинг маориф йўлидаги ишларидан яна бири матбуот соҳаси эди. У 1913 йилдан бошлаб “Самарқанд” газетасини чиқара бошлади. Бу газета икки тилда туркий ва форсий тилларда чоп этилади. Моддий танқислик туфайли 45-сонидан кейин газета фаолияти тугайди. Шунга қарамай адибнинг кўплаб мақолалари босилиб чиқади. Шу йилнинг ўзида “Ойна” журнали чиқа бошлайди. Ҳафталик бу журналда форсча кичик мақолалар, русча эълонлар ҳам босилар эди. Нафақат Туркистоннинг, балки Кавказ, Татаристон, Афғонистон, Эрон ва Ҳиндистоннинг севимли журналига айланади.
“Ойна” журнали маърифат ва маданият тарқатишда муҳим аҳамият касб этди. Унда миллат ва унинг ҳақ-ҳуқуқи, тарихига, тил ва адабиёт масалаларига оид, дунё аҳволига оид мақолалар бериб бориларди. Адибнинг ўзи журналнинг ҳар сонида мақолаларини – халққа мурожаатини бериб борарди. Айниқса, сафарда бўлганида ёзиб борган кўрган жойлари ҳақидаги мақолалари ўқувчилар томонидан севиб ўқиларди.
Беҳбудий халқ ўзлигини англагандагина ижтимоий-сиёсий масалаларни бошқалар билан тенг муҳокама қила олади деб ҳисоблади ва халқни ўзлигини англашига ҳаракат қилди. Буни адиб ёзган мақолаларда яққол кўриш мумкин. “Танқид сараламоқдур”, “Хойрул умури авсатуҳо”, “Тил масаласи”, “Сарт сўзи мажҳулдир”, “Ёшларга мурожаат”, “Икки эмас тўрт тил лозим”, “Миллатлар қандай тараққий этарлар” каби мақолаларида миллатнинг эртаси ҳақида қайғурган инсонпарвар шахсни кўриш мумкин.
“Бошқа миллатларга қаралса кўрилурки, мунтазам мактаблари бор ва аввал мактабда диний илм устида дунёвий илм ва фанлар ҳам ўқилур. Чунки дунёда турмоқ учун дунёвий фан ва илм лозимдур. Замона илми ва фанидан бебаҳра миллат бошқа миллатларга поймол бўлур”. “Самарқанд” газетаси 1913-йил 12-июл сонида шундай ёзган эди[3].
Беҳбудий миллатнинг ривожланиши учун дунёвий фанларни ҳам эгаллаш кераклигини таъкидлайди. Чунки дунё илм-фанда тараққий этиб бормоқда эди. Бундан кўз юмиб бўлмас, аксинча ҳамнафас бўлсагина тараққий этиш мумкин эди.
“Бошқа миллатнинг ёш болалари мактабда, лекин бизники ҳаммолликда ва гадойликда. Бошқа миллат уламосига тобеъ экан, бизни уламо билъакс авомга тобеъдур? Бунинг охири харобдур. Йигирма, ўттиз сана сўнгра яна ёмонроқ бўлур…” “Самарқанд” газетаси 1913-йил 30-июл[4].
Адибнинг ҳар бир ёзган мақолаларидан унинг миллат тақдири билан ёниб яшаганининг гувоҳи бўламиз.
Маҳмудхўжа Беҳбудий ўзининг қисқа умри давомида тарих саҳнасида ўчмас из қолдирди. Беҳбудий ва жадидчиларнинг бошлаган йўллари ниҳояланмай қолган бўлсада, мақсадлари халқнинг кўнглида умид уруғларини экди ва у аста–секин ниш уриб чиқди. Ватанимиз Беҳбудийлар орзу қилган мустақиликка эришди. Ҳозир айнан биз ўша замонда яшаяпмиз. Болаларимиз Аллоҳга беадад шукурки, ҳаммолликда ёки гадойликда эмас мактаб, лицей, олий ўқув юртларида замонавий илмларни эгаллашмоқда. Илм олиш учун барча шароитлар бор. Ёшларимиз дунё майдонига чиқиб ўзларини ҳар соҳада намоён қилмоқдалар ва юртимизни янада ривожланишига ўз ҳиссаларини қўшмоқдалар.
Мустақилликнинг қадрига етган ва бу йўлда жонларини фидо қилган инсонларни унутмаган миллат албатта ривожланади ва тараққий этади.
Гулнора ТОЖИБОЕВА,
ТИИ 2–курс талабаси
[1]Беҳбудий. Танланган асарлар. Т.: Маънавият, 1997, 1999. (иккинчи нашри)
[2]Шамсуддинов Р., Каримов Ш., Убайдуллаев Ў. Ватан тарихи (ХVI-XXаср бошлари). К.2:-Т.:”Шарқ”, 2003.
[[3]]Беҳбудий. “Ёшларга мурожаат” , “Тафаккур” журнали, 1994-йил, 1-сон.
[[4]]Беҳбудий. Танланган асарлар. Т.: Маънавият, 1997, 1999. (иккинчи нашри)