Қуръони карим — араб тили фазилатларини энг юксак даражада намоён қилган илоҳий каломдир. Ундаги лафз ва маъно гўзаллиги, услубий ранг-баранглик, баён кучи ва фасоҳат жиҳатидан Қуръон барча адабий матнлардан устундир. Уламолар бу ҳақиқатни ҳар доим эътироф этиб келганлар. Шу боис, Қуръон тафсирида араб тили илмларига, хусусан, «араб шеърияти (الشعر العربي)»га мурожаат қилиш тарихий жиҳатдан ўз ўрнига эга бўлган.
Тафсир илми шакллана бошлаган илк асрлардаёқ муфассирлар Қуръон оятларини шарҳлашда жоҳилия даврига оид шеърлар, исломдан кейинги адабий намуналар, ҳамда луғавий шоҳидлар сифатида шеърлардан фойдалана бошлаганлар.
Имом ат-Табарий, аз-Замахшарий, Фаҳруддин ар-Розий, ал-Алусий каби йирик муфассирларнинг тафсир асарларида араб шеъриятидан келтирилган далиллар орқали оятларнинг маъноси, услуби ва истиоравий ифодаси изоҳланади. Бундай ёндашув Қуръон матнининг балоғатини тушунишда муҳим рол ўйнайди.
Ушбу луғат бойлиги эса, асосан, жоҳилия давридаги араблар орасида кенг тарқалган наср ва назм — айниқса шеъриятда мужассам бўлган. Бу давр араб шеърияти Қуръон нозил бўлаётган замоннинг асосий маданий ифода воситаси эди. Шу сабабли Қуръон тилидаги истиора (метафора), ташбиҳ (ўхшатиш), ижмол (қисқалик), тафсил ( кенг баён этиш) каби балоғий услубларни тўлиқ тушуниш учун араб шеърияти намуналарига мурожаат қилинган.
Бу мисоллар шуни кўрсатадики, Қуръон оятларидаги мураккаб иборалар, қадимий араб урф-одатларига доир ишоралар ва балоғатли ифодалар шеърият билан боғланиб, ўқувчи ва муфассирга оятни тўлиқ англаш имконини беради.
Имом ат-Табарий (в. 310 ҳ.) ўзининг машҳур “Жāмиʿ ал-байāн” тафсирида араб шеъриятига жуда кўп таянади. У оятдаги сўзнинг луғавий маъноси ноаниқ бўлса, уни қадимги араб шеъриятидаги ишлатилиши билан аниқлаштиради.
Шунингдек, Абу Ҳайян ал-Андалусий (в. 745 ҳ.) “ал-Баҳр ал-Муҳит” тафсирида Қуръон оятларида ишлатилган баъзи истиорий ибораларни фақат араб шеъриятидаги ишлатишларига таянган ҳолда таҳлил қилади. У бундай ёндашувни “тафсирда луғатни қўллашнинг энг кучли исботи” деб билади.
Хулоса сифатида: Араб шеърияти Қуръон тили ва услубининг тушунилишида калит воситалардан биридир. У оятларда ишлатилган кўплаб ибораларнинг асл маъносини очиб беришда, Қуръон матнининг балоғатини тушунишда, ҳамда Қуръонни араб тили мезонлари асосида тафсир қилишда асосий ишончли далил сифатида ишлатилади. Бу ёндашув — ижтиҳодий эмас, балки илмий, луғавий ва тафсирий зарурат туфайли юзага келган ёндаш увдир.
Тошкент ислом институти «Қуръон илмлари” кафедраси ўқитувчиси Қурбанов Содиқ