islom-instituti@umail.uz         71-227-42-37

Мовароуннаҳрда Қуръон қироати ва тажвид илми: шотибийхоналар анъанаси ва мероси

Кириш

Ислом таълимоти тарихида Қуръон қироати ва тажвид фанлари алоҳида аҳамият касб этган. Ҳидоят каломи — Қуръони Каримнинг тўғри тиловат этилиши, унинг маъноларини тўғри англаш ва авлодлар орасида асл ҳолда сақлашда қироат ва тажвид илмлари муҳим ўрин тутади. Мовароуннаҳр заминида бу илмларнинг ривожланиши, хусусан, шотибийхоналар фаолияти орқали шаклланган бўлиб, тарихда бу мактаблар юксак илмий анъаналарнинг бешиги бўлган.

Шотибийхоналар — қироат мактаблари

XIX аср охирида Туркистонда исломий илмларнинг турли йўналишлари, жумладан, етти қироатни ўргатишга ихтисослашган махсус мактаблар — шотибийхоналар кенг тарқалган. Улар орасида Бухоро шаҳрида фаолият юритган шотибийхоналар муҳим ўрин тутган. Манбаларда айтилишича, Бухородаги шундай мактаблардан бирида Абдуллоҳ Хожа Аълам Бухорий ва Фахриддин Бухорий каби илм аҳли дарс берганлар. Уларнинг саъй-ҳаракати билан қироат анъанаси фақат маҳаллий эмас, балки бутун ислом оламида тан олинган даражада шаклланган.

Илмий адабиётларга таъсири

Мазкур тарихий далиллар асосида бугунги кунда Ўзбекистон мусулмонлари идораси тасарруфидаги таълим муассасаларида талабалар учун «Мовароуннаҳрда тажвид илмининг тараққиёти», «Қироат илми билан шуғулланган олимлар ҳаёти ва ижоди», «Қироат ва тажвид фанидан қўлланма» каби мавзулар доирасида ўқув қўлланмалар ва дарсликлар тайёрланган.

Бу қўлланмаларда шотибийхоналар анъанаси, қироат устозлари мероси ва ушбу фанларнинг методик жиҳатлари ёритилиб, талабаларнинг билим доирасини кенгайтиришга хизмат қилмоқда.

«Ҳирз ал-амоний» асари — қироат илмининг дурдонаси

Қироат фанининг Мовароуннаҳрдаги ривожида Имам Шотибийнинг “Ҳирз ал-амоний” асари муҳим ўрин тутади. Бу асар 1914 йили Тошкентда учта шарҳи билан бирга 200 нусхада нашр этилган ва Макка ҳамда Мадина шаҳарларига мутахассис ва талабалар учун махсус юборилган.

Бу ҳолат ўша даврдаги илмий даражанинг юқори бўлганини, маҳаллий илм аҳли асарни нафақат ўрганган, балки унинг кенг тарқалиши учун ҳам ҳисса қўшганини кўрсатади.

Муҳим қироат манбалари ва олимлар

ХVI асрда Самарқандда яшаган Ёрмуҳаммад Самарқандий томонидан ёзилган «Қавоид ал-Қуръон» асари қироат ва тажвид илмлари бўйича муҳим манбалардан саналади. Унда Осим ва унинг ровийлари услублари муфассал баён этилган. Асар ЎзР ФА ШИ Қўлёзмалар фондида сақланади.

Муаллиф асарни Убайдуллоҳхонга бағишлаган. Унинг яна бир асари — «Китоб ал-Муфрада» ҳам шоҳ Убайдуллоҳхонга бағишланган. Убайдуллоҳхоннинг ўзи ҳам ҳофиз бўлиб, қироатни Мавлоно Ёрмуҳаммад Қоридан ўрганган. Таниқли муаррих Ҳасанхожа Нисорий «Музаккири аҳбоб» асарида шундай ёзади:

“Хон Қуръон қироатида бехабар қадам босмасди ва тажвидсиз ўқишни мутлақо жоиз кўрмасди.”

Хулоса ва тавсиялар

Мовароуннаҳрда Қуръон қироати ва тажвид фанларининг тарихий илдизларини ўрганиш:
• Замонавий Қуръон ўқитиш тизимида анъана ва замонавийлик уйғунлигини таъминлайди;
• Ёш авлодга мустаҳкам диний билим беришга хизмат қилади;
• Буюк аждодларимизнинг илмий меросини қайта жонлантириш имконини яратади.

Шотибийхоналар анъанаси, ҳофиз ва қори олимлар ҳаёти, улар қолдирган асарлар — бугунги кунда ҳам мусулмон жамияти учун илҳом ва ибрат манбаидир.

ТИИ 4 курс талабаси
Нозимахон НАЖМИДДИНОВА

450440cookie-checkМовароуннаҳрда Қуръон қироати ва тажвид илми: шотибийхоналар анъанаси ва мероси

Сиз нима дейсиз, фикр билдиринг: