islom-instituti@umail.uz         71-227-42-37

Хотималар амалларга қараб бўлади

ال ابن كثير الدمشقى – حيث قال رحمهُ الله: «لقد أجرَى اللهُ الكريمُ عادتَه بكرَمِه أنَّ مَن عاش على شيء مات عليه، ومَن مات على شيء بُعِث عليه يوم القيامة»؛ فمَن عاش على الطاعة يأبى كرَمُ اللهِ أن يَمُوت على المعصية،

Ибн Касир Димашқий раҳматуллоҳи алайҳ айтадилар:

“Аллоҳу Карим ўз карами ила одатини шундай жорий қилдиким, албатта, ким қандай яшаса, шундай вафот этади. Ким қандай вафот этса, қиёматда шундай тирилтирилади”. Кимки тоат ибодатда яшаса, Аллоҳнинг карами уни маъсиятда вафот эттиришни хоҳламайди.

 عَنْ ابْنِ عَبَّاسٍ رضي الله عنه قَالَبَيْنَا رَجُلٌ وَاقِفٌ مَعَ رَسُولِ اللَّهِ صَلّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ بِعَرَفَةَ، إِذْ وَقَعَ عَنْ رَاحِلَتِهِ فَأَقْعَصَتْهُ، فَقَالَ رَسُولُ اللَّهِ صَلّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ:  اغْسِلُوهُ بِمَاءٍ وَسِدْرٍ، وَكَفِّنُوهُ بِثَوْبَيْهِ، وَلَا تُخَمِّرُوا رَأْسَهُ، وَلَا تُحَنِّطُوهُ، فَإِنَّهُ يُبْعَثُ يَوْمَ الْقِيَامَةِ مُلَبِّيًا 

«Саҳиҳайн»да Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади: Бир киши Арафотда турган пайт туясидан йиқилиб тушди ва туянинг оёқлари остида нобуд бўлди. Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Уни сув ва сидр билан ювинглар ва иккита матога кафанланглар, хушбўйламанглар ва бошини ўраманглар, чунки у қиёмат куни талбия айтган ҳолда тирилади», дедилар.

Юқоридаги умумқоидалардан келиб чиққан ҳолда ҳаётий мисоллардан бир нечтасини эътиборингизга ҳавола қиламиз.

Биринчи гўзал хотима:

Асли испан бўлган бир америкалик йигит тонг пайти Нью Йоркнинг Бруклин шаҳридаги масжидлардан бирига кириб, биродарларга: «Мен Исломни қабул қилмоқчиман», дебди. Улар унинг кимлигини сўрашибди. У эса: «Мендан ҳеч нарса сўраманглар, фақат мени йўллаб қўйинглар», дебди. Биродарларнинг йўл-йўриқ кўрсатишларидан сўнг йигит ғусл қилиб, шаҳодат калимасини айтиб, мусулмон бўлибди. Сўнг унга намоз ўқишни ўргатишибди. У ғоят ҳушуъ билан намоз ўқибди. Унинг ҳушуъси, саждаси ва намоздаги йиғисини кўриб, масжид аҳли ўзларини жуда ҳақир санаб қолишибди ва унинг ҳолатидан ажабланишибди.
Учинчи куни бир мисрлик биродар у билан ёлғиз қолиб, секин гапга солибди: «Эй биродар! Сенда бир гап бор, менга айтгин», дебди. 
Шунда йигит айтибди:
«Мен ўзим насроний хонадонида ўсиб-улғайган, қалбим Масиҳ алайҳиссаломга қаттиқ боғланган эди. Лекин одамларнинг аҳволини кузатиб, мутлақ кўпчилик Масиҳнинг ахлоқидан тамомила бегона бўлиб кетганини кўрдим. Шундан сўнг
,Ислом ҳақида қизиқиб кўрдим, у ҳақда ёзилган китобларни ўқидим. Аллоҳ дилимни Исломга очди. Мен сизларнинг олдингизга келган куним тунда чуқур ўй-фикрлар оғушида ухлаб қолибман. Тушимда Масиҳ алайҳиссалом келиб, кўрсаткич бармоқлари билан мана бундай ишора қилиб: «Муҳаммадий бўлгин», дедилар. Шундан сўнг чиқиб, масжид қидирдим ва Аллоҳ мени сизларнинг масжидингизга йўллади».
Мана шу суҳбатдан кейин муаззиннинг ҳуфтон намозига чорловчи азон овози эшитилибди. Ҳалиги йигит ҳам намозхонлар билан сафга турибди. Имом биринчи ракатда сажда қилиб, ўрнидан туриб, иккинчи ракатни бошлабди. Лекин йигит саждадан бош кўтармабди. Ёнидаги одам уни секин туртган экан, йигит ёнига йиқилибди. Билишса, у аллақачон руҳини Аллоҳ жалла ва а
ълога топшириб бўлган экан. Аллоҳу акбар!!!
Аллоҳ йўлидаги биродарим! Аллоҳ ҳаққи, бу гўзал хотима ҳақида бир ўйланиб кўринг.

Иккинчи гўзал хотима:
Мисрнинг Сувайс шаҳрилик бир муслима аёл турмуш ўртоғи билан биргаликда шу кемада ҳаж сафаридан қайтаётган экан. Кема чўка бошлаб, ҳамма даҳшат ва саросимага тушиб, тўғри келган томонга қочишга тутинганида муслиманинг эри ҳам: «Бўла қол, тез чиқ!» – дейди шошилиб. Шунда муслима: «Тўхтанг, ҳижобимни кийиб олай», – деб жавоб беради. «Ҳозир ҳижоб кийиб олай дейдиган вақтми?! Ҳалок бўламиз ахир!», – деб бақиради эр. «Аллоҳга қасамки, ҳижобимни тўла киймасдан ҳеч қаёққа чиқмайман! Ўлсам, Аллоҳга тоат устида йўлиқишни истайман», – дейди аёл. Шундан сўнг у ҳижобини устига маҳкамлаб, эри билан ташқарига чиқиб боради. Тирик қолишдан умидлар узилиб, ҳамманинг кўзига ўлим кўриниб қолган кез у эрига ёпишиб: «Аллоҳни ўртага қўйиб сўрайман, мендан розимисиз?», – деб сўрайди. Эр йиғлаб юборади. «Айтинг, розимисиз мендан?» – сўрайди аёл яна. Эр эса йиғидан ўзини тўхтатолмайди. «Айтинг, эшитиб қолай!», – дейди аёл ёлвориб. «Розиман, валлоҳи, розиман сендан», – деб жавоб беради эр. Шундан сўнг муслима: «Ашҳаду ан ла илаҳа иллаллоҳ ва ашҳаду анна Муҳаммадан росулуллоҳ», деб калима қайтара бошлайди ва тилида шаҳодат калимаси билан ғарқ бўлади. «Аллоҳдан умидим шуки, охиратда бизни у билан бирга қилсин», дейди ушбу ҳалокатда тирик қолган эр йиғлаб…

(«Солим экспресс» кемаси ҳалокатга учраган кечада 14/12/1991 йил)

Учинчи гўзал хотима:

Умрининг қирқ йилини фақат Аллоҳ розилиги учун намозга азон айтиб ўтказган бир киши ўлимидан олдин қаттиқ касал бўлиб, тўшакка ётиб қолади. Тилдан қолади, масжидга ҳам чиқолмай қолади. Касали кучайиб кетгач, йиғлаб: «Эй Роббим! Қирқ йил Сенга чорлаб келдим. Ўзинг яхши биласан, мен бу ишни фақат Сендан ажр истаб қилдим. Энди умримнинг охирида азондан маҳрум бўламанми?!», дейди. Фарзандлари қасам билан айтиб беришларича, азон вақти етгач, мўйсафид тўшагида тик туриб, қиблага юзланади ва азон айта бошлайди. Азонни охиригача айтиб, унинг сўнгги калимаси бўлмиш «Ла илаҳа иллаллоҳ»ни айтгач, тўшагига йиқилиб, жон таслим қилади.
Амаллар хотималарига қараб бўлади…
Карамли Парвардигор Ўз карами билан бир одат-қонунни жорий қилдики, ким нима нарса устида яшаб ўтса, ўша нарса устида вафот этади. Ким нима устида ўлса, ўша нарса устида тирилади.

Тошкент тумани “Холмуҳаммад ота” жоме масжиди
имом-хатиби Авазхўжа Бахромов манбалар асосида тайёрлади

Манба: Fitrat.uz

47100cookie-checkХотималар амалларга қараб бўлади

Сиз нима дейсиз, фикр билдиринг: