islom-instituti@umail.uz         71-227-42-37

Солиҳлар қандай касб билан шуғулланганлар?

Аллоҳ таоло Қуръони каримда барча мўминларга ўз тоқатларига яраша касб қилишни фарз қилди: “Бас, қачонки, намоз адо қилингач, ерда тарқалиб, Аллоҳнинг фазли (ризқи)дан истайверинглар! Аллоҳни кўп ёд этингизлар, шояд, (шунда)  нажот топурсизлар” (“Ҳаж” сураси, 9-оят).

Ҳалол касб қилишга нафақат оддий инсонлар, балки пайғамбарлар ҳам буюрилган. Бу ҳақда Аллоҳ таоло Қуоъони каримда барча пайғамбарларга шундай хитоб қилади: “У (Аллоҳ)сизларга ерни бўйсундириб қўйган Зотдир. Бас, у (ер)нинг ҳар томонида (саёҳат, тижорат ёки деҳқончилик қилиб) юраверинглар ва Аллоҳнинг берган ризқидан енглар. Тирилиб чиқиш Унинг ҳузуригадир” (“Мулк” сураси, 15-оят).

Аллоҳ таоло мўминларга ҳалол касбдан ўзларига нафақа қилишга буюриб, қуйидагича марҳамат қилади: “Эй иймон келтирганлар, ўзингиз касб этган ва Биз сизлар учун ердан чиқарган нарсаларнинг яхшиларидан эҳсон қилингиз…” (“Бақара” сураси, 268-оят).

Юқоридаги оятларнинг далолатига кўра, барча пайғамбарлар ҳам маълум касб билан машғул бўлганлар. Жумладан, Одам алайҳиссалом деҳқончилик қилганлар. Нуҳ алайҳиссалом савдогарлик қилганлар. Иброҳим алайҳиссалом баззоз (газмол сотувчи) бўлганлар. Довуд алайҳиссалом совут ясар эдилар. Сулаймон алайҳиссалом занбил тўқир эдилар. Идрис алайҳиссалом кийим тикар эдилар. Закариё алайҳиссалом дурадгор эдилар. Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам савдогарлик қилганлар. Бундан ташқари, барча пайғамбарлар қўй боққанлар.

Саҳобаи киромлар ҳам маълум бир касблар билан машғул бўлганлар. Жумладан, Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳу баззоз (газмол сотувчи) эдилар. Умар розияллоҳу анҳу тери ошлар эдилар. Усмон розияллоҳу анҳу савдогар эдилар. Али розияллоҳу анҳу котиблик қилар эдилар.

Ўз даврида Шом диёрининг фақиҳи бўлган Авзоий раҳматуллоҳи алайҳ Иброҳим ибн Адҳам раҳматуллоҳи алайҳнинг орқаларида бир кўтарим ўтинни кўтариб келиб, уни сотиб тирикчилик қилаётганларини кўрдилар.

Мўмин киши ўзи, оиласи учун ва қарзларини адо этиш учун кифоя қиладиган миқдорча  касб қилиш фарздир. Ҳалол касб қилишнинг савоби жуда каттадир. Бирор касб эгаси бўлган инсон ўз аҳволини бошқага ошкор этмайди.

Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: “Ким касб қилмай, тиланчилик эшигини ўзига очса, Аллоҳ таоло унга муҳтожлик ва бечораликнинг етмиш эшигини очиб қўяди”.

Умар розияллоҳу анҳу: “Аллоҳ таоло ризқ беради, деб касбдан қўлларингизни тортманглар, Аллоҳ таоло тилла ва тангани осмондан ёғдирмайди”, – дедилар. Луқмони Ҳаким фарзандига қуйидагича васият қилдилар: “Касбдан қўлингни тортма. Ким халқнинг муҳтожи ва бечораси бўлса, унинг дини танг, ақли заиф бўлади ва унинг муруввати ботил бўлади ҳамда халойиқ унга ҳақорат кўзи билан қарайди”.

“Мўминларм ризқни Аллоҳ таолодан деб билади ҳамда ризқни касбга сабаб деб билади ва Аллоҳ  таолонинг буйруғига мувофиқ мол ҳақини адо этади ва касби сабабли ибодатни тарк қилиб гуноҳкор бўлмайди”.

Маълумки, ибодат асоси луқманинг ҳалоллигидадир. “Ҳулятул-авлиё” асарида шундай дейилади: “Аллоҳ таолонинг йўли ўн қисмдир. Мазкур ўн қисмдан тўққис қисми ҳалол ризқни талаб қилиш ва бир қисми қолган ишлардир. Мўмин бандага лойиқ ва муносиби шуки, ҳалол молни талаб қилади, ҳаром ва шубҳадан тийилади. Ибодатнинг қабул бўлиши тақво биландир. Аллоҳ таоло бу ҳақда шундай марҳамат қилади: “…Аллоҳ фақат тақволи кишилардан қабул қилур” (“Тавба” сураси, 27-оят”).

 Тошкент ислом институти ўқитувчиси

С. Примов

Манба

51810cookie-checkСолиҳлар қандай касб билан шуғулланганлар?
1 та фикр мавжуд
  1. Abdulloh

    касби сабабли ибодатни тарк қилиб гуноҳкор бўлмайди”.
    deganda ibodatdan murot qaysi ibodat farzmi sunnatmi naflmi qanday ibodat koʻzlangan

Leave a Reply to Abdulloh Cancel Reply