islom-instituti@umail.uz         71-227-42-37

Тошкент ислом институти ректори Нукусдаги мадраса талабаларига маъруза қилди

Маълумки, БМТ Бош Ассамблеясининг 12 декабрдаги ялпи сессиясида «Маърифат ва диний бағрикенглик» махсус резолюцияси қабул қилинди.

Мазкур резолюцияни қабул қилиш ташаббусини Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 2017 йил сентябрда Нью-Йоркда бўлиб ўтган БМТ Бош Ассамблеясининг 72-сессиясида илгари сурган эди. Ўзбекистон таклиф этган резолюциянинг асосий мақсади — барча учун таълим олиш имкониятини тақдим этиш, саводсизлик ва билимсизликни бартараф этишдан иборат. Ҳужжатда «бағрикенглик ва ўзаро ҳурматни ўрнатиш, диний эркинликни таъминлаш, диндорлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва уларнинг камситилишига йўл қўймаслик”ка ҳам чақирилган.

Резолюцияда таълим, тинчлик, инсон ҳуқуқлари, бағрикенглик ва дўстликнинг олға сурилиши муҳим рол ўйнаши таъкидланади, шунингдек, дунёда тинчлик ва хавфсизликни мустаҳкамлаш учун интеграция, ўзаро ҳурмат, инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, бағрикенглик ва ўзаро тушунишнинг муҳимлиги тан олинган. Бундан ташқари қабул қилинган резолюцияда БМТга аъзо давлатлар миллий ва халқаро ОАВ ҳамда Интернетда кенг кўламли тарғибот ишларини ўтказиш, бағрикенглик, дин ва эътиқод эркинлигига рахна солмаслик тўғрисидаги маърифий ахборотларни тарқатиш каби коммуникацион стратегияни жорий этиш таклиф қилинган.

Дин ишлари бўйича қўмита томонидан ЎМИ тасарруфидаги олий ва ўрта махсус диний таълим муассасаларида “Маърифат ва диний бағрикенглик резолюцияси – Ўзбекистон ташаббусининг халқаро эътирофи” мавзусида маънавият соатини ташкил этиш бўйича берган топшириқномаси асосида жорий йилнинг 21 декабр куни Муҳаммад ибн Аҳмад ал-Беруний ўрта махсус ислом билим юртида мажлис ўтказилди.

Ўтказилган мажлис ичида Тошкент ислом институти ректори У.Ғафуров, билим юрти мудири Ш.Бауатдинов, билим юрти ўқитувчилари ва талабалари иштирок этди.

Мажлисни билим юрти мудири Ш.Бауатдинов кириш сўзи билан очиб, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев БМТ Бош Ассамблеясининг 72-сессиясида сўзлаган тарихий нутқида ушбу долзарб масалага алоҳида эътибор қаратиб: “Биз муқаддас динимизни азалий қадриятларимиз мужассамининг ифодаси сифатида беҳад қадрлаймиз. Биз муқаддас динимизни зўравонлик ва қон тўкиш билан бир қаторга қўядиганларни қатъий қоралаймиз ва улар билан ҳеч қачон муроса қила олмаймиз. Ислом дини бизни эзгулик ва тинчликка, асл инсоний фазилатларни асраб-авайлашга даъват этади”, – дея таъкидлаган эди. Дарҳақиқат ушбу резолюциянинг қабул қилиниши жуда муҳим эканлиги ва бунинг мазмун-моҳиятини талабаларга теран тушунтириш мақсадида сўзни Тошкент ислом институти ректори У.Ғафуровга берди.

Ўзбекистон ташаббуси билан қабул қилинган “Маърифат ва диний бағрикенглик” резолюциясининг тинчлик-осойишталикни сақлаш, диний бағрикенгликни таъминлашдаги аҳамиятини қуйидаги жиҳатларда кўриш мумкин:

Биринчидан, резолюция Ўзбекистон Президентининг диний-маърифий соҳага оид ташаббуслари нафақат халқимиз, балки халқаро жамоатчилик томонидан ҳам фаол қўллаб-қувватланаётганини кўрсатади.

Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази, Имом Бухорий, Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот марказлари, Ўзбекистон халқаро ислом академияси – буларнинг барчаси халқаро даражадаги йирик лойиҳалардир. Ушбу ташаббусларнинг аҳамияти шундаки, илм-маърифат, маданият замини бўлган Ўзбекистондан маърифий ислом ғоялари тарқалиши, муқаддас динимизнинг асл инсонпарварлик таълимотларини ёйиш бўйича Мовароуннаҳрда шаклланган тарихий мактаблар анъанасининг давом этиши “Жаҳолатга қарши – маърифат” билан курашишнинг энг самарали ечими бўлади.

Иккинчидан, “Маърифат ва диний бағрикенглик” резолюцияси дунё жамоатчилигини безовта қилаётган терроризм, экстремизм, зўравонлик, муросасизлик каби бугунги куннинг ўткир муаммоларига ечим сифатида илм-маърифат, ўзгаларга адолатли ва бағрикенг ёндашув ҳамда тинчликпарвар сиёсатни тарғиб қилади.

Жаҳоннинг етакчи эксперт ва илмий доира вакиллари таъкидлаётганидек, хавфсизликка таҳдидларни куч ишлатиш йўли билангина ҳал этиш усули бугунги кунда кутилган натижани бермаяпти.

Ўзбекистоннинг Афғонистон муаммосини тинч йўл билан ҳал этиш, Марказий Осиё минтақасида хавфсизлик ва барқарор тараққиётни қўллаб-қувватлаш борасидаги таклиф ва ташаббуслари ҳам мазкур ғояни ўзида ифода этади.

Учинчидан, ушбу ҳужжатнинг асосий мақсади – барчанинг таълим олиш ҳуқуқини таъминлаш, саводсизлик ва жаҳолатга барҳам беришга кўмаклашишдан иборат.

АҚШнинг Иқтисодиёт ва тинчлик институти хулосаларига кўра, зўравон терроризмнинг олдини олиш, тинчликни таъминлашнинг муҳим шартларидан бири бу – таълимга йўналтирилган инвестиция ҳисобланади. Айниқса, мусулмон дунёсида фан-таълим тизимига катта эътибор қаратиш, соҳага замонавий, илғор тажрибаларни жорий этиш, ёшларни бугунги ҳаёт талабларига мос тарзда ўқитиш ҳар қачонгидан муҳим аҳамият касб этмоқда.

Тўртинчидан, ушбу резолюция жамиятда барқарор маънавий муҳитни таъминлашнинг муҳим шарти сифатида дини ва эътиқодий қарашлари турлича бўлган инсонлар ўртасида ўзаро ҳурмат, бир-бирини тушуниш қадриятларини қўллаб-қувватлаш, уларнинг камситилишига йўл қўймасликни илгари суради.

Диний бағрикенглик Ўзбекистоннинг кўп йиллик тарихий тажрибасида турли эътиқод вакилларининг тинч-тотув ҳаёти давлат ва жамият тараққиётининг асосий омилларидан бири бўлишини исботлаган. Кўп миллатли халқимизнинг юрт тинчлиги, ватан тараққиёти йўлидаги умумий саъй-ҳаракатлари мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотларнинг кенг кўламлилиги ва жадаллигини таъминламоқда.

Хулоса қилиб айтганда, ушбу резолюция Ўзбекистоннинг дунёда тинчлик ўрнатиш, низо ва зиддиятларнинг олдини олиш, муросасизликнинг ҳар қандай кўринишига чек қўйиш борасидаги долзарб ташаббуслари халқаро майдонда муносиб эътироф этилаётганидан далолат беришлигини таъкидлаб ўтди ва мажлис савол жавобларга бой ҳолда ўтказилди.

61990cookie-checkТошкент ислом институти ректори Нукусдаги мадраса талабаларига маъруза қилди

Сиз нима дейсиз, фикр билдиринг: