islom-instituti@umail.uz         71-227-42-37

Нақшбандия машойихлари(8) Хожайи Хожагон, Юсуф Ал-Ҳамадоний (Қоддасаллоҳу сирроҳу 2-қисм)

Бир куни Ҳамадондан бир хотин йиғлаб Юсуф Ҳамадоний ҳазратларининг ҳузурига келди ва:

– Ўғлимни Румликлар асир этди, – деди.

– Сабр этинг, – деди Ҳамадоний ҳазратлари.

– Сабр этишга ҳолим қолмади, – деди хотин.

Шунда Ҳамадоний ҳазратлари:

– Ё Рабби, бу хотиннинг ўғлини асирликдан қутқар, қайғусини қувончга айлантир, – дея дуо этди.

Хотин уйига қайтиб, ўғлини кўрди. Ҳайрат ичида қолган хотин ўғлидан:

– Айт, ўғлим, бу ерга қандай келдинг?  – деб сўради.

– Бироз аввал Истанбулда эдим. Оёқларим боғланган эди, тепамда соқчилар турган эди. Бирдан бир одам келди. Мени олиб, бу ерга олиб келди, – деди ўғли.

***

Юсуф Ҳамадоний ҳазратларига:

– Ислом олимлари ва кучли раҳбарлари озайиб, йўқ бўлишганда нима қилиш керак? – деб сўрашди.

– Ўша олимларнинг ёзганларидан ҳар кун бир миқдор ўқиб боринг, – дея жавоб берди Ҳамадоний ҳазратлари.

***

Юсуф Ҳамадоний ҳазратлари ҳақида хунук нарсалар айтиб, уни ёмонлаб юрадиган бир кимса бор эди. Бу ҳақда Юсуф Ҳамадоний ҳазратлари эшитди, жуда хафа бўлди. Ва “яқинда жазосини кўради”, деди. Бир неча кун сўнгра ўша кимса безорилар тарафидан ўлдирилди.

***

Бир марта Юсуф Ҳамадоний ҳазратлари ваъз айтаётган эди, икки кимса келиб:

– Жим бўл! Янглиш нарсаларни айтаяпсан!  – дейишди.

– Сизлар жим бўлинглар! Сизларни тирик одам дейиш мумкин эмас!  – деди Ҳамадоний ҳазратлари.

***

Ҳамадоний ҳазратлари бир кун уйидан кўчага чиққиси келди. Ҳолбуки,жума кунидан бошқа кунлари кўчага чиқмас эди. Кўчага чиқиш истаги шу қадар кучайдики, у эшагига миниб, жиловини қўйиб юборди.

Эшак шаҳардан чиқиб, водий тарафдаги бир масжидга олиб борди. Шайх у ерда бир ёш йигитнинг бошини эгиб, робита қилаётганини кўрди. Уни кутиб турди. Ниҳоят, йигит бошини кўтарди. У Ҳамадоний ҳазратларининг талабаларидан бири эди.

– Эй Устозим, бошимга мушкул бир иш тушди. Яхшиям, сиз келдингиз, нима қилишимни билолмаётган эдим, – деди. Ёш йигит мушкулини айтди, устози унга бу мушкулдан қутулиш йўлини кўрсатди. Сўнгра унга:

– Эй йигитча, бошингга яна мушкул иш тушса, менга айт, мени бу ергача чақириб, чарчатма, – деди.

Муҳиддин ҳазратлари бу воқеани айтиб бўлгандан сўнг:

– Содиқ бир талаба тўғрилиги ва ихлоси билан ўз устозини ёнига чақиришга ҳам қодир бўла олади, – деди.

***

Ибни Ҳажарий Маккий ҳазратларининг “Фатавоий Ҳодисия” номли асарида шундай дейилади:

“Абу Саид Абдуллоҳ, Ибн Соққа ва Ғавсул Аъзам – Саййид Абдулқодир Жейлоний илм ўрганиш учун Бағдодга келишди.

Абулқодир Жейлоний ҳазратлари у пайт жуда ёш эди. Хожа Юсуф Ҳамадоний ҳазратларининг Низомия мадрасасида ваъз айтишини эшитган эди. Ёшлар уни зиёрат этишга қарор беришди.

Ибн Соққа: “Мен унга бир савол бераманки, у жавоб бера олмаяжак!” – деди.

Саид Абдуллоҳ ҳам: “Мен ҳам унга бир савол бераман, қани жавоб берармикин?” деди.

Буюк адаб тимсоли бўлган Абдулқодир Жейлоний эса: “Аллоҳ сақласин, мен унга қандай савол бераман? Мен фақат ҳузурида ўтириб, уни кўриш шарафига муяссар бўламан, ундан баракатланаман”, – деди.

Кейин улар Юсуф Ҳамадоний турган жойга бордилар. У йўқ эди, бир соат сўнгра келди. Ибн Соққага қараб:

– Ҳайф сенга, эй Ибн Соққа! Демак менга жавобини айта олмайдиганим бир савол бермоқчисан, шундайми? Саволинг шу, жавоби эса бу. Сезаяпман, сендан куфр ҳиди келаяпти,– Ҳамадоний ҳазратлари.

Кейин Абу Саид Абдуллоҳга ўгирилиб:

– Сен ҳам бир савол бериб, унинг жавобини берадими, деб бир боқмоқчи эдинг,сенинг саволинг шу, жавоби ҳам бу. Афсуски, сен адабга риоят этмаганинг учун умринг ғам ичида ўтажак, – деди.

Сўнгра Абдулқодир Жейлонийга яқинлашиб:

– Эй Абдулқодир, бу адабингнинг гўзаллиги билан Аллоҳ таоло ва Расулини рози этдинг. Мен сенинг Боғдодда бир курсида ўтирганингни, юксак дарслар бериб, “менинг оёғим бутун авлиёнинг бўйни устидадир”, деяётганингни кўриб тургандайман, – деди ва кўздан ғойиб бўлди.

Уни шундан сўнг ҳеч кўришмади.

Орадан узун йиллар кечди. Ҳақиқатан ҳам, Абдулқодир Жейлоний замонаси авлиёлари ичида энг устуни бўлди, Ҳамадоний ҳазратларининг у ҳақда бутун айтганлари тўғри чиқди.

Ибн Соққа бу воқеадан сўнгра ўзини шаръий илмларга берди. Нотиқ эди. Шуҳрати замоннинг подшоҳига етди. Подшоҳ уни элчи қилиб, Византияга юборди. Насронийлар унга яхши муомала қилишди. Уларга алданиб, насроний бўлди. Бу ҳақда айтган зот шундай дейди: “Ибн Соққа хаста эди. Ўлаётган эди. Мен юзини қиблага бурдим. У бошқа тарафга бурди.

Мен яна қиблага қаратдим. У такрор тескари бурди ва шу алфозда ўлди”.

Абу Саид Абдуллоҳ дейди:

“Мен Шомга келдим. Баъзи вазифаларни бажардим. Юсуф Ҳамадоний ҳазратларининг уччаламиз ҳақида айтганлари айнан юз берди”.

***

Юсуф Ҳамадоний ҳазратлари бутун дўстларини ўз талабаси Абдул Ҳолиқ Ғиждувонийга тобеъ бўлишни буюрди.

Ҳамадоний ҳазратлари аввал Марв шаҳрида бир муддат қолди, сўнгра Ҳиротга кетди. Кейин такрор Марвга келди, бир муддат қолиб, яна Ҳиротга кетди.

Ниҳоят, Ҳиротдан Марвга келаётганда, йўлда вафот этди. Қабри Марв шаҳридадир.

Халифалари Хожа Абдулҳолиқ Ғиждувоний, Шайх Хасан Андоқий, Хожа Аҳмад Яссавий ва Шайх Абдуллоҳ Барақийлардир.

Мир араб ўрта махус ислом билим юрти талабаси
Афзал Барнаев

66760cookie-checkНақшбандия машойихлари(8) Хожайи Хожагон, Юсуф Ал-Ҳамадоний (Қоддасаллоҳу сирроҳу 2-қисм)