Ривоят қилинишича, Абу Бакр розияллоҳу анҳу: “Қуръони Каримдаги энг умидбахш оят бу – “Айт: “Ҳар ким ўзига мувофиқ тарзда амал қилур. Парвардигорингиз тўғри йўлдаги зотларни жуда яхши билур” (“Исро” сураси, 84-оят), оятидир, деган эканлар – “зеро, банданинг ҳолига мос келадиган нарса исён бўлса, Роб таолога мос келадиган нарса ғуфрондир”.
Мулла Рамазон Бутий роҳимаҳуллоҳ Атоуллоҳ Искандарийнинг “ал-ҳикам ал-атоийя” номли ҳикматлар мажмуасига ёзган шарҳида юқоридаги ояти каримадан таъсирланиб, Аллоҳга қуйидагича муножот қилади:
“Роббим, … эртага ҳузурингга борганимизда биздан: “мен сени қоим қилиб қўйганим дунёдан ҳузуримга нима билан келдинг?”, деб сўрасанг, жавобимиз шундай бўлади: “Ҳузурингга марҳаматингга бўлган тоғдек умидим билан келдим… Фазлу карамингдан насибадор бўлиш орзуси ила келдим… Убудиятимдан бўлак ҳеч нарсасиз, қашшоғу фақир, очу яланғоч бўлиб келдим… Зотан, убудиятим ва қуллигим менинг йўғу борим, қошингда туришим учун бори сармоямдир… Бошқа ҳеч нарсам йўқ… Нечоғли олийжаноб ва карамли, нақадар фазлу марҳаматли Зот эканлигингдан бохабарлигим ва доимо ифтихор қиладиганим ўша қуллик занжири ила сенга боғлиқлигимгина бу кун Сендан Жаннатингни сўрашга, карамли атойингдан тиланишга менда журъат пайдо қилди. Эй Роббим, мен Сенинг қулингман, қулинг ва чўрингнинг боласиман. Пешона сочим Сенинг қўлингда (жоним, бутун вужудим, ҳаётим ва мамотим Сенинг изму ихтиёрингда), ҳукминг менга ўтувчи, қазою қадаринг мен учун адолатлидир. Марҳаматингни сўрайман, Парвардигорим! Менга ўзим лойиқ бўлган нарса билан муомала қилма! Балки, Сен лойиқ бўлган нарса ила муомала қил! Ахир, Ўзинг: “ҳамма ўз услубига кўра амал қилади (иш кўради)” (Исро), дегансан-ку! Сенинг услубинг раҳмат, шундай экан, менга раҳм айла! Сенинг услубинг мағфират, шундай экан, мени мағфират қил!”.
“Тиллар” кафедраси ўқитувчиси
Алишер Султонхўжаев