islom-instituti@umail.uz         71-227-42-37

Араб ва ажамларнинг буюк мутафаккир устози шайҳ Маҳмуд ибн Умар Аз-Замаҳшарий

Алломанинг тўлиқ исми Абул қосим Маҳмуд ибн Умар аз-Замахшарий бўлиб, у ҳижрий 467 йил ражаб ойининг 27 куни (1075 йил 19 март) Хоразмнинг катта қасабаларидан бири — Замахшар қишлоғида таваллуд топди. Аз-Замахшарий ҳақидаги маълумотлар асосан Ўрта аср араб манбаларида келтирилади. Отаси унчалик бадавлат бўлмаса-да, саводли, тақводор, диёнатли киши бўлган ва аксар вактини Қуръон тиловати-ю намоз ўқиш билан ўтказиб, Замахшардаги бир масжидда имомлик ҳам қилган. Аз-Замахшарийнинг онаси ҳам тақводор, диндор аёллардан ҳисобланган.

Аз-Замахшарий илм-фаннинг турли соҳалари билан қизиқиб, толиби илмлар орасида зўр истеъдодини намоён қила бошлайди. У мадрасада ўқитиладиган илмларни, айниқса, араб тили ва адабиёти, диний илмларни пухта эгаллашга киришади, ўша даврда илм аҳли орасида қадрланган хаттотлик санъатини ҳам мукаммал эгаллаб, ўз тирикчилигини бирқадар тузатади. Сўнг, араб тарихчиси ва биографи ибн Халликоннинг ёзишича, талабалик ёшига етгач, билимини янада ошириш, ҳар томонлама камол топтириш мақсадида Бухорога йўл олади. Бухоро, машҳур олим Абу Мансур ас-Саолибийнинг (961-1138) ибораси билан айтганда: “Сомонийлар давридан бошлаб шон-шуҳрат макони, салтанат каъбаси ва замонасининг илғор кишилари жамланган: ер юзи адибларининг юлдузлари порлаган ва ўз даврининг фозил кишилари йиғилган (жой) эди”. Аз-Замахшарий Бухорода ўқишни тугатгач, бир неча йил Хоразмшоҳлар хизматида бўлиб, котиблик билан шуғулланади, ҳукмдорлар билан яқинлашишга уринади. Бироқ қобилияти, илми, фазилатига яраша бирор мансаб ва муносиб эътибор кўрмагач, ўзга юртларга сафар қилади, матлабу-мақсадларининг ушалишига умид боғлайди. 1118 йили аз-Замахшарий оғир дардга чалинади, бу касалликдан тузалгач эса ҳукмдорлар хизматию мансаб ва мол-дунё таъмасидан мутлақо воз кечади, қолган умрини фақат илм-фанга бағишлашга, асарлар таълиф этишга астойдил қарор қилади.

Аз-Замахшарий Бағдодда шайх ул-ислом Абу Мансур Наср ал-Хорисий, Абу Саад аш-Шаққоний, Абул Хаттаб ибн Абул Батар каби машҳур олимлардан ҳадис илмидан таҳсил олди. Маккада бўлганида эса наҳв ва фиқҳ бўйича илмни Абу Бакр Абдуллоҳ ибн Талхат ибн Муҳаммад ибн Абдуллоҳ ал-Ябирий ал-Андалусий, аш-шайх ас-Садийд ал-Хайятий, луғат илмини эса Абу Мансур Мавҳуб ибн ал-Хадар ал-Жаволиқий каби машҳур олимлардан ўрганди.

Аз-Замахшарий ҳаёти давомида Марв, Нишопур, Исфаҳон, Шом, Бағдод ва Шижозда, икки марта Маккада бўлди. Олим бу ерда илмий ишларини давом эттирди, араб тили грамматикаси ва луғатини ҳамда маҳаллий қабилаларнинг лаҳжалари, мақоллари, урф-одатларини чуқур ўрганди, бу минтақа жуғрофиясига оид хилма-хил маълумотларни тўплади.

Адиб кўп асарларини Маккалигида ёзди. Ўз ҳаётида чуқур из қолдирган Маккада аз-Замахшарий беш йилча яшайди. Шу боисдан у Жоруллоҳ (“Оллоҳнинг қўшниси”) деган шарафли лақабга муяссар бўлади.

Аз-Замахшарий охирги марта Маккадан қайтиб, Хоразмда бир неча йил яшайди ва ҳижрий 538 йилда, арафа кечаси (1144 йил 14 апрел) вафот этади. 1333 йили Хоразмда саёҳатда бўлган машҳур араб сайёҳи ибн Баттута (1304-1377) “Ар-Риҳла” (“Саёҳатнома”) асарида аз-Замахшарийнинг устида қуббаси бўлган мақбарасини кўрганини ёзади.

Буюк мутафаккир аз-Замахшарий араб грамматикаси, луғатшунослик, адабиёт, аруз илми, жуғрофия, тафсир, ҳадис ва фиқҳга оид элликдан ортиқ асарлар яратган, уларнинг аксарияти бизгача етиб келган. Араб тилшунослиги ва грамматикасининг турли томонларига оид асарлар аз-Замахшарий ижодида салмоқли ўрин эгаллайди. Жумладан, араб тили грамматикасига оид “Ал-Муфассал” (1121 йил) номли асарини у Маккада яшаган пайтида, бир ярим йил давомида ёзган. “Ал-Муфассал” араб тили наҳву сарфини ўрганишда йирик қўлланма сифатида азалдан Шарқда ҳам, ғарбда ҳам шуҳрат топган асарлардан ҳисобланади. Кўпчилик олимлар ўз илмий қиммати жиҳатидан аз-Замахшарийнинг бу асари таниқли араб тилшуноси Сибавайҳнинг (796 йили вафот этган) араб грамматикасига оид китобидан кейин иккинчи ўринда туради, деб таъкидлаганлар. Ўша даврнинг ўзидаёқ араблар орасида ҳам бу асар катта эътибор қозонган ва араб тилини ўрганишда асосий қўлланмалардан бири сифатида кенг тарқалган. Ҳатто Шом (Сурия) ҳокими Музаффариддин Мусо кимда-ким Аз-Замахшарийнинг ушбу асарини ёд олса, унга беш минг кумуш танга пул ва сарупо совға қилишни ваъда берган. Аз-Замахшарий адабиёт, тафсир, ҳадис, фиқҳ илмлари бўйича ҳам мукаммал асарлар яратган.

Олимнинг “Асос ал-балоға” (“Нотиқлик асослари”) асари асосан луғатшуносликка бағишланган. Унда араб тилининг фасоҳати, мукаммаллиги ҳақида сўз боради. Фикрни чиройли ибора ва сўзлар билан ифодалаш, сўз бойлигидан усталик билан фойдаланиш учун киши фасоҳат, балоғат илмларидан яхши хабардор бўлиши керак.

Бунинг учун сўзни тўғри, ўз ўрнида ишлатиш, қоидага мувофиқ сўзлаш ва ёзиш ҳам керак бўлган. Бу асарда адабиётнинг асосий қисмлари, фразеологик сўз бирикмалари, уларни амалда тадбиқ этиш йўллари чуқур таҳлил қилинган.

Аз-Замахшарийнинг “Рабиʼ ул-аброр ва нусус ул-ахяр” (“Эзгулар баҳори ва яхшилар баёни”) асарида адабиёт, тарих ва бошқа фанларга оид ҳикоялар, латифалар, суҳбатларнинг энг саралари жамланган, 97 бобдан иборат бу асарнинг нодир бир қўлёзма нусхаси Тошкентда, ЎзР ФА Шарқшунослик институтада сақланади. Бундан ташқари, Лейден, Берлин кутубхоналарида ҳам қўлёзмалари мавжуд.

Аз-Замахшарийнинг ғоятда кенг танилган “Ал-Кашшоф ан ҳақоиқ ит-танзийл ва уюн илгақовийл фи вужуҳ ит-таъвийл” (“Куръон ҳақиқатлари ва уни шарҳлаш орқали сўзлар кўзларини очиш”) асари Қуръон тафсирига бағишланган. Маълумки, Ўрта асрлардан бошлаб Қуръонни тафсир ёки шарҳ билан ўқиш одат тусини олган. Шу боисдан ҳам қуръон яратилган даврдан бошлабоқ унга бағишланган тафсирлар, шарҳлар ёзишга катта эҳтиёж сезилган. Турмуш тақозоси билан шундай вазиятда ислом тарихида қуръонга бағишланган кўпдан-кўп тафсирлар, шарҳлар вужудга келган. Аз-Замахшарий ҳам тафсир ёзишдан аввал ўзидан олдин яратилган Қуръон тафсирига бағишланган кўплаб асарларни қунт билан ўрганган. “Ал-Кашшоф” аз-Замахшарий Маккада турган пайтида, уч йил давомида (1332— 1334) ёзилган.

Абдурраҳмон ибн Носир Ал-Баррок айтадилар: “Кашшоф” китобининг муаллифи бўлган Замаҳшарийнинг тафсирларидан, гарчи бу тафсирни ёзган пайтларида у киши мўътазила бўлган бўлсалар ҳам жамики муфассирларнинг фойдаланишларини ва унга эҳтиёжларини кўп тушишининг боиси шундаки, у киши оятларни тафсир қилишда араб тили илмларидан бўлган наҳв, балоға ва сўз маʼноларининг илмига қаттиқ риоя қилган ҳолда ёритиб берганлар. Улар бу тафсир китобларида Қуръондаги балоға илмига тегишли араб тили сўзларининг асл маʼнолари илми, баён илми ва бадеъ илми (сўзларни адабий услубда чиройли қилиб,безатиб айтиш илми) кенг мақомда чуқур шарҳлаб, очиб берганлар. Мана шу жиҳатдан бошқа тафсир китобларида жуда кам топиладиган илм “Кашшоф” тафсирида кенг мақомда тушунарли изоҳлангани учун ундан жамики муфассирлар фойдаланадилар. Лекин шу ўринда айтиб ўтиш лозимки бу тафсирдан фойдаланувчи Аҳли-Сунна вал-Жамоа ақидаси илмларини яхши эгаллаган бўлиши лозим. Ақоид илмидан мукаммал ўрганмасдан олдин бу тафсир китобини ўқиши жоиз эмас.

Бу сўзлардан кўриниб турибдики Замаҳшарий ҳазратлари ушбу тафсир китобларида ёритиб берган балога ва наҳв илмига тегишли масалаларни бошқа тафсирлардан топиш қийин. Яна бу тафсирда келган илмлардан жамики уламолар, хусусан муфассирлар доим фойдаланадилар. Бу зотнинг бизга қолдирган меросларининг қадру қиммати мана шу эрда яққол кўриниб турибди.

“Тиллар” кафедраси ўқитувчиси
О.Маҳкамова

69480cookie-checkАраб ва ажамларнинг буюк мутафаккир устози шайҳ Маҳмуд ибн Умар Аз-Замаҳшарий

Сиз нима дейсиз, фикр билдиринг: