islom-instituti@umail.uz         71-227-42-37

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам пайғамбарлар билан учрашишларидаги ҳикматлар

Меърож ҳодисасида бир қанча ҳикматлар бор, улар:

  1. Меърож нега айнан кечаси бўлди, кундузи эмас?

Имом Ибнул Мунир раҳимаҳуллоҳ шундай деб айтадилар: “Урфда  кечаси хилват ва хосланиш вақти. Шунингдек, у Расулуллоҳ  соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ўзларига хос фарз қилинган намознинг вақти эди “Кечани озгинасидан бошқасини (ибодатда) тик туриб ўтказ”[1]. Ва яна мўминлар учун иймон келтиришда, мушриклар учун эса фитна бўлишда муболаға бўлиши учун. Чунки тун маҳбуб билан бирга бўлиш вақти”.

Ибн Диҳя раҳимаҳуллоҳ: “Файласуфларнинг сўзларини инкор қилиш учун ҳам меърож тунда содир бўлган. Улар: “Тун сабабидан хорлик ва ёмонликлар бўлади”, – дейишади. Аллоҳ таоло бир қанча қавмларни тунда берган кароматлари билан сийлаганидан кейин улар қандай қилиб шундай дейишади? Мисол учун:  Иброҳим алайҳи салом қиссасида “Уни тун ўраб олганида юлдузни кўриб: «Мана шу Роббимдир», деди. У ботиб кетганида эса: «Ботувчиларни ёқтирмасман», деди”;

Лут алайҳи салом қиссасида: “Аҳлинг ила кечанинг бир бўлагида йўлга чиқ, сен уларнинг ортидан кузатиб бор. Сизлардан ҳеч бирларингиз ортга қарамасин. Амр қилинган томонингизга кетаверинглар», дедилар”[2];

Мусо алайҳи салом қиссасида: “Ва Мусо билан ўттиз кечага ваъдалашдик. Кейин эса, уни ўн (кеча) билан тугал қилдик. Бас, Роббининг белгилаган вақти тўлиқ қирқ кеча бўлди. Мусо акаси Ҳорунга: «Қавмимда менинг ўрнимни ол, яхши иш қил, бузғунчиларнинг йўлига эргашма»[3], деди”;

Ва тунда Аллоҳ таоло Яъқуб алайҳи саломни дуоларини ижобат қилиши: “У: «Сизлар учун Роббимга сўнгра истиғфор айтаман. Албатта, Унинг Ўзи мағфират қилгувчи ва раҳмли Зотдир», деди”[4].

Муфассир уламолар: “Эрталаб саҳар тонг вақтларида дуо ижобат бўлишида, тунда ой ёрилиши ҳодисасини бир оят-белги қилишида, жинлар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам олдиларига келиб иймон келтиришлари тунда бўлишида ҳамда улар ўша тундаёқ бошқа жинлар олдига бориб нубувват хабарини етказишларида, тун яратилиш ва бошланиш жиҳатидан биринчи бўлиши ва тун наҳордан олдин келишини батафсил қилиб Қуръоннинг барча оятларида айтилишида, минг ойдан биттагина тун устун бўлиши-ю[5] кунларнинг бирортасида ундай фазилат йўқлигида, ҳаракатларнинг энг яхши самараси айнан тунда бўлишида, чунки тунда инсоннинг зеҳни бўш бўлади ва висолларнинг энг лаззатлиси айнан тунда бўлишида “Ва кечани либос қилиб қўйдик”[6] туннинг нақадар баракотлилигини белгиси бор”.

  1. Имом Ибн Диҳя раҳимаҳуллоҳ: “Меърож яшил зумраддан бўлган зинапоядир”, – деганлар.

Шайхул Ислом Ибн Ҳажар раҳимаҳуллоҳ эса: “Ибн Каъб меърож кумушдан ва олтиндан бўлган зинапоя”, – деб айтганлигини ва Имом Ибн Саъд раҳимаҳуллоҳ эса: “Маржонлар билан безалган”, – деб айтганларини ривоят қилганлар.

  1. Осмон эшикларига яқинлашганда Жибрил алайҳи салом тақиллатиб очишларида ҳам бир ҳикмат бор.

Чунки Расули акрам соллаллоҳу алайҳи васаллам осмон эшикларини очиқ ҳолда турганлигини кўрганларида, “ўзи доим шундай очиқ турар эканда” деб ўйлашлари мумкин эди. Жибрил алайҳи салом эса Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг даражотларини кўрсатиш ва улуғлаш учун бориб, тақиллатиб очдилар. Ва яна шунингдек Аллоҳ таоло Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга осмонларда у зотни ҳамма билишини кўрсатиб қўйиш учун ҳам шундай қилди. Чунки очиқ турганида “Муҳаммад юборилдими?” деган саволга эҳтиёж қолмас эди.

  1. Имом Хозин раҳимаҳуллоҳ айтадиларки: “Муҳаммад юборилдими?” деган савол Пайғамбар қилиб юборилиш ҳақида эмас эди, чунки осмонларда ҳамма буни билар эди. Балки у савол “Муҳаммад Меърожга юборилдими?” деган маънода эди”.
  2. Шайхул Ислом Ибн Ҳажар раҳимаҳуллоҳ эса: “Дарвозабон фаришталар “Ёнингиздаги ким?” деб сўрашларида Жаброил алайҳи салом олдидаги инсон дўст эканлигини белгисидир. Акс ҳолда фаришталар “Ёнингизда кимдир борми?” деб сўрар эдилар.
  3. Анбиёлар осмоннинг қаватларида туришлари борасидаги ривоятларнинг энг рожиҳи шу:
    Биринчи осмонда Одам алайҳи салом.
    Иккинчи осмонда Яҳё ва Исо алайҳи саломлар.
    Учинчи осмонда Юсуф алайҳи салом
    Тўртинчи осмонда Идрис алайҳи салом.
    Бешинчи осмонда Ҳорун алайҳи салом.
    Олтинчи осмонда Мусо алайҳи салом.
    Еттинчи осмонда Иброҳим алайҳи салом[7].

Уламолар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам учрашган Пайғамбарлар айнан ўша қават осмон билан хосланишларини ҳикматлари борасида турли қавллар айтганлар.

  1. Бир қийлда: “Унда ҳикмат йўқ. У пайғамбарлар алайҳи саломларга Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан учрашиш буюрилган эди. Бирлари биринчи бориб, бирлари эса кечроқ борганлар”, – деб айтилган.
  2. Яна бир қийлда: “Уларнинг даражотларини ажратиш учун шундай қилинган”, – деб айтилади.
  3. Яна бирида эса: “Айнан зикр қилинган Пайғамбарлар билангина учрашишларида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг уммати йўлиқадиган воқеаларга ишора бор эди”, – деб айтилади.
  4. Яна бирида: “Пайғамбарлар алайҳи саломларга Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан учрашиш буюрилган эди. Бирлари биринчи бордилар, бирлари эса кечроқ борганлар, қолганлари эса улгурмадилар”, – деб айтилган.

Одам алайҳи салом билан учрашишларида Одам алайҳи салом жаннатдан чиқиб, ерга тушишларини Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Маккадан Мадинага ҳижрат қилишларига ишора бор. У икки воқеа ўртасини жамлаб, Одам алайҳи салом ҳам, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам ўз юртидан чиққанидан кейин йўлиққан машаққатлар, ватандан айрилишнинг ҳижрон азоби бор. Ниҳояда эса иккалалари ҳам чиқарилган ватанларига қайтганлар.

Яҳё ва Исо алайҳи саломлар билан учрашишда эса ҳижратдан кейин яҳудийлар  Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга қилган адоват, хиёнатлари ва ёмонлик етказишга қилган ҳаракатларига ишора бор.

Юсуф алайҳи салом билан учрашишларида эса ўз биродарлари бўлган Қурайш қабилалари қилган зулмлари, очган урушлари, ўлдиришга интилганларига ишора бор. Бироқ, унинг ҳам оқибати нима бўлганини биламиз. Ҳудди Юсуф алайҳи салом ўз акаларига “У: “Бугунги кунда сизларни айблаш йўқ…”[8] деганларидек, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам фатҳ куни шундай дедилар.

Идрис алайҳи салом билан учрашишларида даражотларини нақадар юксак эканликларини кўрсатиш бор.

Ҳорун алайҳи салом билан учрашишда эса Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қавми азиятлар етказганидан кейин, муҳаббатига қайтишларига ишора бор эди.

Мусо алайҳи салом билан учрашишларида эса қавмини муолажаси борасида воқеъ бўладиган ишларга ишора бор эди. Бу ҳақида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ўзлари “Мусони бундан кўпроқ азоблаганлар” деб айтган эдилар.

Иброҳим алайҳи салом билан учрашганларида у зот Байтул Маъмурнинг эшигига суяниб турганликларида эса Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам умрлариниг охирида ҳаж амалини бажаришларида ва Каъбани улуғлашиларига ишора бор эди.

Иброҳим алайҳи салом билан охирги осмонда кўришишларида бошқа бир нозик ишора ҳам бор эди, у эса Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳижратнинг еттинчи йили Маккага киришлари ва Каъбани тавоф қилишга муяссар бўлишлари эди. Ундан олдин эса тавоф қилолмаган эдилар. Ҳижратнинг олтинчи йили қасд қилгандилар-ку, бироқ, муваффақ бўлмагандилар.

Имом Ибн Абу Жамра раҳимаҳуллоҳ эса Пайғамбарлар билан айнана ўша осмонларда учрашишлари ҳақида шундай дейдилар:

Биринчи осмонда Одам алайҳи салом бўлишлари биринчи Пайғамбар эканликлари ва барча одамларининг отаси бўлганлари ва нубувват оталик билан бирлашгани учун.

Иккинчи осмонда Исо алайҳи саломликларини сабаби эса у зот Расулуллоҳ  соллаллоҳу алайҳи васалламга Пайғамбарлик жиҳатидан энг яқин бўлганлари учун.

Учинчи осмонда Юсуф алайҳи салом туришлари эса Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг умматлари жаннатга у зотнинг суратида кирадиган бўлганлари учун.

Тўртинчи осмонда Идрис алайҳи салом туришлари эса чунки ҳақ дин йўлида  биринчи бўлиб жиҳод қилган одам Идрис алайҳи салом бўлганлари ва балки Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга ҳам жиҳодга изн бўлганлигида бир боғлиқлик бордир. Ва Аллоҳ таоло Меърожга кўтарди ва айтдики: “Ва уни олий мақомга кўтардик”[9].

Бешинчи осмонда Ҳорун алайҳи салом туришлари акалари Мусо алайҳи саломга яқин бўлганлари учун.

Олтинчи осмонда Мусо алайҳи салом туришлари укалари Ҳорун алайҳи саломдан “Каломуллоҳ” жиҳатидан фазлда баланд бўлганлари учун.

Еттинчи осмонда Иброҳим алайҳи салом туришлари эса иккинчи ота бўлганликлари учун. Ва бошқа бир оламга ўтишдан олдин иккинчи отани кўришдан бир унс ҳосил бўлиши учундир. Дарҳақиқат, “Халил” – “биродарнинг” даражоти шуни тақозо қилади.

Бироқ, Ҳабиб соллалоҳу алайҳи васалламнинг даражотлари эса Аллоҳ таолога унданда яқинроқ. Шунинг учун ҳам “Бас, икки камон миқдоридай жойда бўлди. Балки ундан ҳам яқинроқ келди”[10].

  1. Имом Қуртубий раҳимаҳуллоҳ айтадилар:

“Намоз ҳақидаги бахслар Мусо алайҳи салом билан бўлиб ўтишида балки Мусо алайҳи саломнинг уммати ҳам намозга мукаллаф қилинишлари билан боғлиқ бўлиши мумкин. Бошқа умматлар эса намоз билан мукаллаф қилинмаган эди. Мусо алайҳи салом қавмига эса бу вазифа оғирлик қилди. Шунинг учун ҳам Мусо алайҳи салом Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг умматига шафқат қилиб, намозни камайтиришни айтдилар. Бунга эса ўзларининг “Мен сиздан олдин одамларни бошдан ўтказдим”, – деган сўзлари ҳам ишора қилади[11].

Тошкент ислом институти талабаси
Бахтиёр Нажмиддинов

[1]“Муззаммил” сураси, 2 – оят. Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф. “Қуръони карим”,  Тошкент, “Шарқ” нашриёти, 2008.
[2] “Ҳиджр” сураси, 65 – оят. Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф. “Қуръони карим”,  Тошкент, “Шарқ” нашриёти, 2008.
[3] “Аъроф” сураси, 142 – оят. Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф. “Қуръони карим”,  Тошкент, “Шарқ” нашриёти, 2008.
[4] “Юсуф” сураси, 98 – оят. Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф. “Қуръони карим”,  Тошкент, “Шарқ” нашриёти, 2008.
[5]Қадр кечаси
[6] “Набаъ” сураси, 10 – оят. Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф. “Қуръони карим”,  Тошкент, “Шарқ” нашриёти, 2008.
[7] Имом Суютий. “Исро ва Меърож”, Қоҳира, “Дорул ҳарройн”, нашриёти, 2002. 
[8] “Юсуф” сураси, 92 – оят. Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф. “Қуръони карим”,  Тошкент, “Шарқ” нашриёти, 2008.
[9] “Марям” сураси, 57 – оят. Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф. “Қуръони карим”,  Тошкент, “Шарқ” нашриёти, 2008.
[10] “Нажм” сураси, 9 – оят. Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф. “Қуръони карим”,  Тошкент, “Шарқ” нашриёти, 2008.
[11] Аллома Ҳофиз ибн Ҳажар Асқалоний. “Исро ва Меърож”, Қоҳира, “Дорул ҳарройн”, нашриёти, 2002. Имом Суютий. “Исро ва Меърож”, Қоҳира, “Дорул ҳарройн”, нашриёти, 2002.

78340cookie-checkРасулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам пайғамбарлар билан учрашишларидаги ҳикматлар

Сиз нима дейсиз, фикр билдиринг: