islom-instituti@umail.uz         71-227-42-37

Имом Аҳмад ибн Ҳанбал

Суннат ҳақида кенг маълумотга асосланган фиҳқий асосларни ишлаб чиққан олимлардан бири Аҳмад ибн Муҳаммад ибн Ҳанбал Шайбоний ҳисобланади (780-855).

Имом Аҳмад Бағдодда туғилган, оиласи Хоросондан у ерга имом туғилганидан кўп ўтмай кўчиб келган. Аҳмад уч ёшга кирганда отаси вафот этди. У болаликданоқ машҳур Бағдод уламоларидан илм ўрганди ва Ҳижоз, Яман, Куфа, Басра ва Шом каби мамлакатларда бўлиб ҳадисларни тўплаш билан машғул бўлди. Унинг устозлари Абу Юсуф Куфий, Яҳё ибн Майн, Исҳоқ ибн Раҳав, Муҳаммад Шофеъий ҳисобланади.

Аҳмад ибн Ҳанбал чуқур илм билан бирга юксак ахлоқий фазилатларга эга инсон эди. Имом Шофеъийнинг у ҳақда: “Ироқдан чиқиб кетганимдан кейин Аҳмад ибн Ҳанбалдан кўра билимдон ва тақводор одамни кўрмадим”, деган гапи машҳурдир.

Имом Аҳмад фаолиятининг кўп қисми мўътазилийларга қарши раддиялар бериш бўлди. Бунинг натижасида буюк имом қамоққа ташланди ва шафқатсиз қийноқларга солинди. Фақат Халифа Мутаваккил (847-861) ҳокимиятига келгандан кейин таъқиблар тўхтатилди ва имом Аҳмадга алоҳида эҳтиром кўрсатила бошланди. Кейин эса, адолатсизлик қилиб қўйишдан қўрқиб, таклиф этилган давлат хизматидан, қозиликдан воз кечди.

Баъзи маълумотларга кўра, Имом Аҳмад бир миллиондан ортиқ ҳадисни билган. Кейинчалик имом Аҳмад ибн Ҳанбал Абу Ҳанифанинг машҳур шогирди Имом Юсуфдан, шунингдек Имом Шофеъийдан фиқҳ ва ҳадис илмларини ўрганди.

Имом Аҳмад ҳадисни йиғиш ва шарҳлашга катта эътибор берди. “Муснадул кабир” деб номланган тўпламида 30 мингдан зиёд ҳадис ва уларнинг шарҳлари ўрин олган.

Агар муайян бир муаммони ҳал қилиш учун муносиб ҳадис ёки саҳобаларнинг фикрини топа олмаса, у ўз раъйини айтар ва буни ёзиб қўйишдан шогирдларини манъ этарди. Натижада, унинг мазҳаби ўз шогирдлари эмас, балки унинг шогирдларининг шогирдлари томонидан ёйилди. Ўша вақтда ҳам унинг издошлари бошқа мазҳабларга қараганда камчиликни ташкил этган. Ҳозир эса асосан ҳанбалий мазҳабидаги мусулмонлар Саудия Арабистони ва Кўрфаз давлатларида яшайдилар.

Ҳанбалийлар, барча салафларидек, Қуръонни мазҳабнинг асосий манбаи деб ҳисоблашди. Иккинчи муҳим манба Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннати ҳисобланади. Бу масала бўйича бошқа имомлардан фарқли ўлароқ, имом Аҳмад марфуъ, яъни Пайғамбардан (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) келган (изофа қилинган) маълумотлар қабул қилинди.

Имом Аҳмад, барча имомлар сингари, саҳобанинг ижмоъсини мазҳаб манбалари сифатида қабул қилди. Саҳобаларнинг айрим масалалар бўйича келишмовчилиги бўлганда, Имом Аҳмад ҳар бир саҳобанинг шахсий ижтиҳодини ҳисобга олди. Ҳанбалий мазҳаби ичида муайян бир фиқҳий муаммони ҳал қилиш бўйича кўплаб ҳукмларни баён қилади.

Шариъатнинг асосий манбаларида ечим топишнинг имкони бўлмаган фатволарни чиқаришда заиф ҳадисларни ишлатишни ҳам лозим кўради.

Имом Аҳмаднинг асосий шогирдлари – унинг икки ўғли Солиҳ (873 йилда вафот этган) ва Абдуллоҳ (903 йилда вафот этган).

Ушбу мазҳабнинг энг кўп издошлари Фаластин ва Саудия Арабистонида яшайдилар. Ибратуллоҳ Навфал, мазҳаб асосчиларини таърифлаб, “Буюк устозлар – Абу Ҳанифа, Шофеъий, Молик, Аҳмад, булар мусулмон ҳуқуқий амалиётининг шубҳасиз асосчилари, шубҳасиз, чуқур ақл ва қобилият соҳибларидир…”, деган эди.

Албатта, юқорида айтилган мазҳабларнинг фаолияти ислом қонунчилигини янада ривожлантириш, ижтимоий ҳаётнинг янги ҳодисаларини оқилона тушуниш ва бир қатор қоидаларни ишлаб чиқишга ёрдам берди.

Ҳозирги кунда айрим “фақиҳ”лар мазҳаблардан воз кечиш зарурлигини гапиришмоқда. Бу бутунлай нотўғри фикр, чунки мазҳабларни инкор этиш шариъат ва ислом қонунчилигига хавф туғдиради.

Ҳадис ва ислом тарихи фанлари кафедраси
ўқитувчиси Пўлатхон Каттаев

Манба: http://islam.ru/content/person/42006

78370cookie-checkИмом Аҳмад ибн Ҳанбал

Сиз нима дейсиз, фикр билдиринг: