Араб тили олтита жаҳон тилларидан бири бўлиб, ер юзининг қарийб ярим миллиард аҳолиси шу тилда суҳбатлашади. Дунё илмий меросининг асосий адабиётлари араб тилида ёзилган. Жумладан, буюк бобокалонларимиз Имом Бухорий, имом Термизий, Хоразмий, Марғилоний, ибн Сино, араблар “Агар мовароуннаҳрлик чўлоқ бўлмаганида биз ўз тилимизнинг қонун-қоидаларини тўлиқ билолмаган бўлардик” – дея эътироф этган араб тили грамматикаси ривожига ҳисса қўшган ватандошимиз Маҳмуд аз-Замахшарий ва бошқалар араб тилида ижод қилишган.
Дунё халқлари бу тилни “Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам тили, Қуръони карим тили ҳамда жаннат тили” – дея ўзгача ихлос ва иштиёқ билан ўрганишади.
“Апрель ойи – Араб тили ва балоғат” муносабати билан 2019 йил 30 апрель куни соат 15:00 да Имом Бухорий номидаги Тошкент ислом институти талабалари ўртасида “Араб тили – Қуръони карим тили” мавзуида курслараро мусобақа бўлиб ўтди.
Мусобақада Тошкент ислом институти У.Ғафуров, “Ақоид ва фиқҳий фанлар” кафедраси ўқитувчиси Я.Раззақов, “Ҳадис ва ислом тарихи” кафедраси ўқитувчиси Ф.Маманосиров, “Тиллар” кафедраси ўқитувчилари Ф.Абдулҳамидов, Ғ.Баратов, А.Султонхўжаев, К.Боқиев, Ё.Бухарбаев ҳамда институтнинг талабалари иштирок этдилар.
Мусобақа 5 шартдан иборат бўлиб, ҳар бир шартда талабаларнинг чиқишлари ҳакамлар ҳайъати томонидан баҳоланиб борилди. Мусобақада ҳар бир гуруҳ 5 нафар иштирокчидан ташкил топган “Сибавайҳ”, “Замахшарий”, “Кисоий” ва “Мулла Жомий” гуруҳлари иштирок этишди.
1-шартда иштирокчилар калималарни тартиблаб, маъноли жумла тузиш ва жумлалар кетма-кетлигига риоя қилиш бўйича жавоб беришди.
2-шартда эса белгиланган вақт мобайнида иштирокчи ўзига кўрсатилган расмларни шеригига араб тилида шарҳлаб топишмоқ тарзида баён қилди ва жамоадоши жавоб берди.
3-шартда ўзбек тилидаги матнни араб тилига таржима қилишди.
4-шартда берилган жумлани грамматик таҳлил қилишди.
5-шарт эса, араб тилидаги овозли матнни эшитиб, тушунганини ўз услубида баён қилишди.
Иштирокчилар ҳар бир шартда ўзларининг илм ва иқтидорларини намоён қилдилар.
Мусобақа умумий натижаларига кўра, 4-курс талабаларидан ташкил топган “Мулла Жомий” гуруҳи 342 балл билан биринчи ўринни, 2-курс талабаларидан ташкил топган “Замаҳшарий” гуруҳи 328 балл билан иккинчи ўринни, 3-курс талабаларидан ташкил топган “Кисоий” гуруҳи 324.5 балл билан учинчи ўринни эгаллади.
Ғолиб гуруҳларга институт раҳбарияти томонидан қимматбаҳо совға ва китоблар топширилди.
Илм олиш, илм улашиш ва айниқса, бу соҳада мусобақалашишдек ҳақиқий байрам, ҳақиқий тантана бўлмаса керак аслида. Зеро, хайрли амалларда мусобақалашиш – Аллоҳ розилиги йўлидаги мусобақа бўлиб, бу мусобақада мағлуб асло бўлмайди, иншааллоҳ.
Дунёда бахтли ҳаёт кечириш ва охиратда жаннатга эришиш ҳар бир мусулмоннинг асосий мақсади ҳисобланади. Ушбу улуғ мақсад эса Яратувчини таниш ва Унинг буйруқларини адо этиш билан ҳосил бўлади. Аллоҳ таолога ибодат қилишнинг асл моҳияти, У зотни танишнинг асоси ақоид илмида баён қилинади. Шу боис, бу илм билимларнинг олийси ва диннинг асли ҳисобланади.
“Тиллар” кафедраси кабинет мудири
Козимхон Асроров