islom-instituti@umail.uz         71-227-42-37

“Балоғат” фанининг зарурлиги!

Араб тили дунё тиллари ичида энг кўп ўрганилган ва ҳануз ўрганилаётган тил ҳисобланади. У луғат бойлиги, қоидаларининг турли-туманлиги, бир калимани бир неча услубда ишлатиш имкониятларининг кўплиги билан мукаммалликда тиллар ичида ажралиб туради.

Араб тилини ўрганиш учун ҳам, бошқа тилларни билиб олиш учун керак бўладиган луғат, морфология, грамматика, яъни сарф ва наҳв илмлари мукаммал ўрганилади. Шу билан бирга араб тилида мукаммал гаплашиш ва уни тушуниш учун албатта, балоғат фани қоидаларини яхши билиш керак.

Балоғат илмини таҳсил қилиш орқали Қуръони карим ва ҳадиси шарифлар маъноларини тўғри тушуниш ва нозикликларини теран англаш осон кечади, ҳамда, Қуръони каримнинг фасоҳат ва балоғат эътиборидан иъжози (мўъжизакорлиги) кашф бўлади. Шу боисдан, Қуръони карим тафсири, ҳадиси шарифлар шарҳи ва шариат китобларини ўрганмоқчи бўлган киши юқорида таъкидланганидек, луғат, сарф, наҳв илмлари билан бир қаторда балоғат илмини ҳам пухта эгаллаши лозим. Шунингдек, мумтоз адабиётимиз дурдоналари ҳисобланган шеър ва ғазалларда ҳам мажоз, ташбеҳ, истиора, киноя каби балоғат қоидаларидан кенг фойдаланилган. Демак, буюк аждодларимиздан қолган бой адабий меросимизни тўғри ва чуқур ўрганиб бошқаларга ҳам етказишимизда балоғат илми катта аҳамият касб этади.

Бу илм бошқа фанлардан ўзининг фазилати билан ажралиб туради. Зеро, унинг луғат сир-асрорларини очишда ва хазиналарини кашф этишда бетакрор ўрни ва услублари бор.

Ушбу фаннинг зарурлигидан келиб чиқиб, Имом Бухорий номидаги Тошкент ислом институтида “Апрель ойи –Балоғат” фани ойи муносабати билан талабалари ўртасида балоғат фани доирасида мақолалар ёзиш танлови эълон қилинган эди. Талабалар тарафидан ёзилган мақолалар ушбу фан ўқитувчилари томонидан текширилиб баҳоланди. Ёзилган мақолалар институт сайтида бериб борилди. Шу муносабат билан 2019 йил 30 апрель куни институт раҳбарлари ва устозлари ҳузурида ушбу танловда ғолиб бўлган талабалар қимматбаҳо совғалар билан тақдирландилар.

Бунга кўра  институтнинг 3-курс талабаси Қурбонов Салоҳиддин ўзининг “Ёруғлик биринчи пайдо бўлганми ёки зулмат” номли мақоласи билан 1-ўрин, 2-курс талабалари Ҳамидхонов Аҳадхон “Энг кичик сурада буюк мўъжизалар” номли мақоласи билан 2-ўрин,  Мираббос Ёров ““Ар-Роҳман” сурасида яширинган мўъжизалар” номли мақоласи билан 3-ўринни эгаллашди.

“Тиллар” кафедраси кабинет  мудири
Улуғбек Ҳасанов

79180cookie-check“Балоғат” фанининг зарурлиги!

Сиз нима дейсиз, фикр билдиринг: