islom-instituti@umail.uz         71-227-42-37

ШИФО ИСТАСАНГИЗ!

Дунё тарихида биринчи марта мусулмонлар дардларни тузаладиган ва тузалмайдиган турларга ажратишдан воз кечиб, барча дардларни тузаладиган дея таъкидлашди. Уламоларимиз бедаво деб қабул қилинган дардларга ҳам даво излаш кераклигига ояту ҳадислардан кўплаб далилларни келтириб ўтишган.

Тибга хос хасталикларни тиб орқали, дам солишга оид хасталикларни дам солиб даволаш керак. Жисмоний дардларга дори берилса, дори таъсир қилади ва беморнинг жисми ундан таъсирланади ва уларнинг ўзаро бир-бири билан боғланишидан хасталик тузалади. Худди шунингдек, руҳий хасталикка учраган шахснинг руҳига дам солувчининг руҳи таъсир қилиб, орада ўзаро боғланиш содир бўлади ва Аллоҳ таолонинг изни билан бемор тузалади.

Зеро, руҳимиз ҳам, жасадимиз ҳам Аллоҳнинг бизга берган омонати бўлиб, уни эҳтиёт қилиш, асраш вожибдир. Аллоҳ таолонинг буюк ҳикмати шундаки, биз мўминларга Ўзи нозил қилган Қуръон руҳ ва жасад учун баробар шифо ва раҳматдир.

Инсон ҳаётининг барча жабҳаларида энг тўғри йўлни кўрсатувчи Ислом дини саломатлик борасида ҳам барча мусулмонларга ўзининг мукаммал ва бенуқсон таълимотини таълим беради. Дарҳақиқат, манбаларни ўрганар эканмиз инсон саломатлигини сақлашга тарғиб қилувчи оят ва ҳадислар жуда ҳам кўп бўлиб, агар уларнинг барчасини жамлаб шарҳлайдиган бўлсак, бир неча жилдли китоб бўлиши мумкинлигига гувоҳи бўламиз. Жумладан, шифобаҳш ўсимликлар, турли хил ҳикмати зикр қилинган мевалар инсон саломатлигини сақлашдаги ўрни беқиёс эканлигига амин бўламиз. Албатта, саломатлик Аллоҳ таоло томонидан бандага бериладиган улкан неъмат экани ҳеч кимга сир эмас.

Шундай экан изланишлар натижасида бир қанча тавсияларни илгари суриш мақсадка мувофиқдир:

  • Аллоҳни доимо эслаб юриш. Доимо Аллоҳни эслаб юрган банда учун неъматга эришиш пайтида, неъмат берувчи Зотни эслаш зарурати яна ҳам ортади. Ана шундай пайтда Аллоҳни – неъмат берувчи зотни эсидан чиқармаган киши бу неъматлардан тўғри фойдаланади ва доимий шукрини адо этади. Бу эса ўз навбатида неъматлар унда бардавом бўлишини тақозо қилади.

Шу сабабли ҳам динимиз инсон ҳаётининг барча жабҳаларини қамраб олган бўлиб, уни турли зарарлардан муҳофаза этади. Ўз ҳаётининг ҳар бир лаҳзаси Аллоҳ таолога доимий равишда боғлиқ эканини чуқур ҳис қилган ва ўша ҳис асосида ҳаёт кечирган инсон, ўзига етган ҳар бир нарса, каттаю кичик ҳар бир неъмат Аллоҳдан эканини бир лаҳза ҳам унутмайди.

  • Қуръонни лозим тутиш. Аллоҳни танитиб, ҳидоят йўлини ёритиб келаётган Қуръон умматларнинг ташна қалблари, руҳлари ва иймонини покиза сувлари билан суғорибгина қолмай, уларнинг жасадию аъзоларидаги ҳасталикларга ҳам шифо бўлади.
  • Суннатда бардавом бўлиш. Ибн Қайюм ал-Жавзий ўзининг “Тиббун набавий” китобида “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам башарий тиб билан илоҳий табобатни, жасадлар тиббиёти билан руҳ табобатини, замин давоси билан самовий давони жамладилар”, деган.

Кейинги йиллардаги кашфиётлар тиббиётни ўзгартирса ҳамки, бу тавсияларнинг ҳеч бирини ўзгартира олмади ва уларни тавсия этган Зот қаршисида беихтиёр бўйин эгмоқда.

Инсон – Аллоҳнинг буюк мўжизаси. Мустақил давлатимиз соғлиқни сақлаш масаласига катта эътибор бермоқда. Юртимиз аҳолисини саломатлигини сақлаш учун яхлит бир тизимни яратиш ва шу билан бирга барча фуқароларнинг тиббий кўникмаларини шакллантиришга эътибор қаратилган. Шундай экан, фуқароларимиз ўз соғлиғини асраган тақдирда давлатимиз ривожи ва ҳаётимиз фаровонлигига ҳисса қўшган бўлади. Бундай эзгу орзу-мақсадлар учун ҳам давлат, ҳам жамият, ҳам шу юртда яшаётган одамларнинг куч-қудрати ва ҳиссасини бирлаштиришимиз зарур. Аллоҳ таоло берган соғлиқни асрайлик! Чунки соғлом одамгина чинаккам бахтли бўлади, фақатгина соғлом халқ, соғлом миллат буюк ишларга қодир бўлади!

4-курс талабаси
Махсумов Мақсуд

85130cookie-checkШИФО ИСТАСАНГИЗ!

Сиз нима дейсиз, фикр билдиринг: