Бугун интернет ҳизматлари такомиллашган, технологиялар асрида яшамоқдамиз. Ҳаётимизнинг ҳар қандай жабҳасига кириб келаётган интернет таъсири албатта, иқтисодий жараёнларда ҳам ўз таъсирини кўрсатмай қолмайди. Бунинг биргина мисоли электрон савдо, яъни биржаларда амалга оширилаётган савдо десак бўлади. Хўш, бундай фаолият тури ислом шариати нуқтаи назаридан тўғрими ёки йўқми, деган савол албатта, ҳар қандай мусулмон кишини қизиқтиради. Ислом мукаммал ва нуқонсиз Аллоҳ таоло томонидан бандаларига раҳмат ўлароқ тушурган динидир. Шунга кўра мазкур ҳолат борасида ҳам исломда ечим мавжуд.
Дарҳақиқат замонамиз уламолари мазкур масалага ҳам ечим топиб ўз хулосаларини айтган. Сўзимиз исботи ўрнида “ислом фиқҳи академияси томонидан чиқарилган фатво”ни тақдим қилиш мақсадга мувофиқ деб ўйлаймиз.
«Ислом Фиқҳи Академияси” биржа ва ундаги бўладиган акция, қарз қоғозлари, савдо моллари, пуллар ва бошқа савдолар билан яқиндан танишиб чиққанидан ва муноқаша қилганидан кейин шариат аҳкомлари асосида қуйидаги қарорларни қабул қилди:
Биржанинг ғояси доимий бозор мавжуд қилиш ва унда иштирок этувчилар учун олди-сотдига, молларини савдога қўйиш ва талаб қилишга шароит яратишдир. Бу жуда ҳам фойдали ва яхши иш бўлиб, билмайдиган ва ҳушёр бўлмаган кишилар, олди-сотдига мухтож, аммо ҳақиқий баҳони билмайдиганларнинг баъзи ғаразгўйлар томонидан алданиб қолишларини ман қилади. Шунингдек, сотувчи ва олувчиларга катта ёрдам беради.
Лекин шу билан бирга, биржа савдосида шариат рухсат бермаган қиморга ўхшаш, бировнинг ҳисобидан фойда кўриш ва одамларнинг молини ботил йўл билан ейиш каби муомалалар ҳам бор. Шунинг учун биржа ҳақида умумий ҳукм чиқариб бўлмайди. Балки, унда бўладиган ҳар бир муомалага алоҳида тўхтаб ўтишга тўғри келади:
Қарз қоғозларининг устига фойда қўйиб сотишнинг барча турлари рибо бўлгани учун шаръан жоиз эмас.
Насия савдонинг барча турлари акция ёки савдо моллариники бўлса ҳам, модомики сотувчининг мулкида эмас экан, биржадаги услубда сотиш шаръан жоиз эмас. Чунки, бунда шахс ўзининг қўлида бўлмаган нарсани кейинроқ бошқа тарафдан сотиб олиб бериш шарти билан сотади. Бу эса Расул алайҳиссаломдан ривоят қилинган «Ўзингда бўлмаган нарсани сотма», деган ҳадисга биноан шариатда ман қилингандир. Шунингдек, имом Аҳмад ва Абу Довудлар Зайд ибн Собит розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда Набий алайҳиссалом «Савдо моллари сотилган жойида токи тожирлар ўз молига қўшиб олмагунча қайтадан сотилмас», деганлар.
Биржадаги қўлма-қўл бўлмаган савдолар шариатдаги салам савдосига ўхшамайди. Уларнинг орасида иккита фарқ бор. Биринчиси: Биржадаги қўлма-қўл бўлмаган савдода нархни кейин берилади. Салам савдосида эса нарх савдо мажлисида берилади. Иккинчиси: Биржа савдосида савдо моли биринчи сотувчи қўлида турган ҳолида бир неча марта савдо қилиниб, олиб-сотилади. Бунда сотувчи ва ҳаридор орасида фақат фойда олинади. Худди қимордаги каби фойда ёки зарар кўриш эҳтимоли бўлиб туради. Саламда эса, қўлида йўқ нарса сотилмайди».
Мазкур берилган фатво хулосасига кўра, агар биржа ёки электрон савдо жараёнлари ислом шариатига мослаштирилса шаръан дуруст бўлган савдога айланади, дейиш мумкин.
4-курс талабаси
Тўхтаев Алибек