islom-instituti@umail.uz         71-227-42-37

Тиббиётда суннат ва набавий дуолар ўрни

Иситмали касалликларда совуқ сув билан вужудни намлатардилар. Бу усулни ҳозирда ҳам тавсия этиш мумкин.

Заҳарланганда дарҳол ошқозонни бўшатиш учун қустирардилар ва елканинг уч жойидан қон олдирардилар.

Сил билан оғриб ва йўталиб балғам чиқарганларни  Мадинадан таш-қарига чиқарар ва тоғда чўпонларнинг ёнига қўйиб келардилар. Шу билан бирга уларга кўп сут ичишларини тавсия этардилар. Очиқ ҳавода даво топган бу беморлар, маълум бир муддатдан сўнг Мадинага соғлом ҳолда қайтарди. Микроб ва лаборатория бутунлай номаълум бўлган у қоронғу жоҳилият даврида Росули Акрам соллаллоҳу алайҳи васалламнинг бу касалликка қўйган ташхис (диагноз), даволаш усуллари жуда ҳам диққатни ўзига тортади ва бугунги кунда сил касаллигига чалинганларни даволаш учун кенг қўлланаётган  даволаш усули билан айни асосларга эгадир.

Бундай маслаҳатлар жуда ҳам кўп бўлиб, биз улардан айримларинигина келтирдик холос. Улар билан ҳадис ва сийрат китобларида батафсилроқ танишиб чиқишимиз мумкин.

Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «У киши ўзига, тобим йўқ, деган Собитга: «Сенга Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг дам солишлари ила дам солиб қўяйми?» деди.

«Ҳа», деб жавоб берди у.

«Аллоҳумма Роббаннаси, музҳибал баъси. Ишфи. Анташ шафии. Лаа шофия иллаа анта. Шифаан лаа юғодиру сақман», деди[1]». Тўртовлари ривоят қилишган.

Мазкур дам солиш Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг энг машҳур дам солишларидир. Унинг маъноси қуйидагича:
«Эй, Аллоҳим! Одамларнинг Роббиси! Шиддатни кетказгувчиси! Шифо бер. Ўзингдан ўзга шифо бериувчи йўқ. Ҳеч дардни қўймайдиган шифо бер!

Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ўз аҳлларидан баъзиларга паноҳ тилаганларида ўнг қўллари ила силаб:

«Аллоҳумма Роббан наси, изҳибил баъса. Ишфи. Анташ шафии. Лаа шифаъа иллаа шиффаъука. Шифаан лаа юғодиру сақман», дер эдилар[2]». Икки Шайх ривоят қилишган.

Ҳар бир дам солувчи беморни ўнг қўли билан силаб туриб дам солиши шундан олинган. Тўғрироғи дуони ўқиб, ўнг кафтга дам солиб, сўнг беморни ўша ўнг кафт билан силамоқ керак.

Яна ўша кишидан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам қачон биздан бир инсоннинг тоби йўқ бўлса, уни ўнг қўллари билан силаб, «…изҳибил баъса»ни охиригача ўқир эдилар. У зотнинг ўзлари хаста бўлиб, оғирлашиб қолганларида, ўзлари қиладиганга ўхшатмоқчи бўлиб қўлларидан ушладим. Шунда У зот қўлларини қўлимдан тортиб олдилар.

Сўнгра: «Эй, Аллоҳим, мени мағфират қилгин. Мени олий рафиқ ила бирга қилгин», дедилар. Кейин назар солсам, қазо қилибдилар».

Муслим ривоят қилган.

Оиша онамиз розияллоҳу анҳо Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг бу дунёдаги охирги лаҳзаларини сиз билан биз умматларга сўзлаб бермоқдалар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Оиша онамизнинг ҳужраларида ва бошлари у кишининг қўйинларида туриб олий рафиққа интиқол қилганлар. Шунинг учун у зот алайҳиссаломнинг охирги кунлари, соатлари ва лаҳзалари ҳақидаги ривоятларнинг кўплари айнан Оиша онамиз розияллоҳу анҳодан келади.

 4-курс талабаси
Махсумов Мақсуд

[1] Муҳаммад ибн Исмоил ал-Бухорий. Саҳиҳул Бухорий. – Байрут: Дару ибн Касир. 1987й.

[2] Муҳаммад ибн Исмоил ал-Бухорий. Саҳиҳул Бухорий. – Байрут: Дару ибн Касир. 1987й.

86710cookie-checkТиббиётда суннат ва набавий дуолар ўрни

Сиз нима дейсиз, фикр билдиринг: