Аллоҳ таоло чиройли саналган ҳар қандай амални бажаришдан олдин Ўз исмини зикр қилишга буюрган. Зеро, бундай қилиш уша ишнинг бардавомлигини ёки пок-ҳалол бўлишини таъминлайди. Жонлиқ сўйиш ёки овга чиққанда ҳам мазкур буйруқ мавжуддир.
Зеро Аллоҳ таоло Ўз каломида шундай буюради:
«Аллоҳнинг номи зикр қилинмаган нарсалардан емангиз!» (Анъом сураси, 121)
Мазкур оятда ейишдан қайтарилган нарса бу ўлимтик ёки бут-санамларга атаб сўйилган ҳайвондир. Бу ҳақида Ибн Аббос розияллоҳу анҳумо шундай деганлар: «Мазкур оятдан мурод ўлимтик, бўғилиб ўлган ва бут-санамларга атаб сўйилган жониворлар».
Худди шунга ўхшаш маънода имом Калбий: «Улар Аллоҳ номи зикр қилинмаган ёки Аллоҳ таолодан бошқага атаб сўйилган жониворлардир», деганлар.
Зеро, мушриклар ўзларининг бут санамларига атаб қурбонликлар қилишар, ва уларнинг гўштини ейишар эди. Шундай экан ким мазкур ҳолатда ҳаром бўлган гўштни ҳалол деб еса, амали мушрикларники билан бир бўлипти ва айнан ўшалардек уқубатга дучор бўлиши мумкин.
Зажжож розияллоҳу анҳу мазкур оятни умум ҳолатда тушунтиради ва мазкур фикрни олға суради: «Бу оят Аллоҳ ҳаром қилган нарсалардан биронтасини ҳалол деб билган ёки Аллоҳ ҳалол қилган нарсалардан биронтасини ҳаром деб билган ҳар бир кимса мушрик бўлишига далилдир».
Лекин, мусулмон киши эсидан чиқиб Аллоҳнинг исмини айтмасдан сўйган гўшти мазкур ҳукм остига кирмайди. Бу ҳақида Ибн Аббос розияллоҳу анҳумо шундай деган эдилар: «Ким жонлиқ сўйса-ю, «басмала» айтишни унутса, унга Аллоҳнинг исмини зикр қилиб еяверсин. Модомики, фитрат шариатга биноан сўйган экан, уни шайтонга бериб қўймасин» (Байҳақий ривояти).
Дарҳақиқат, эсдан чиқиб қандайдир амални тарк қилиш авф қилинади. Лекин, қасддан “басмала”ни тарк қилган ҳолатда жонлиқ сўйиш итоатсизлик ҳисобланади. Бундай сўйилган гўштни ейиш мумкин эмас. Шу билан бирга итоатсизлик учун сўйган киши ҳам уқубатга лоиқ бўлади.
Аллоҳ таоло ҳар бир ишимизни шариатга мувофиқ бажаришга мушарраф қилсин!
401-гуруҳ талабаси
Маҳаммадумаров Сирожиддин