Ҳанафий мазҳабининг мўътабар китобларининг юзага келиши тобеинлар давридан бошланади. Тобеинлар саҳобаларни кўрган кишилардир. Улар диний илмларни, фиқҳий ҳукмларни, ҳукм чикариш қоидаларини бевосита саҳобаи киромлардан олишган эди[1]. Мутааххир уламолар тобеинларни уч табақага булганлар:
- Кубро (Катта)
- Вусто (Ўрта)
- Суғро (Кичик)[2].
Саҳобалардан купроқ ривоят олган Саид ибн Мусаййиб, Урва ибн Зубайр, Алқама ибн Қайс раҳматуллоҳи алайҳлар биринчи табақага кирганлар.
Ҳасан Басрий, Муҳаммад ибн Сирин, Мужоҳид, Икрима, Қатода, Умар ибн Абдулазиз ва бошқалар иккинчи табақага, купроқ тобеинлардан ривоят олган Иброҳим Нахаий каби тобеинлар эса учинчи табақага кирганлар[3].
Барча уламолар энг машҳур ва энг фозил сифатни тобеинлардан Саид ибн Мусаййибга нисбат берганлар. Абу Абдуллоҳ Муҳаммад ибн Ҳафиф Шерозий раҳматуллоҳи алайҳ айтадиларки: “Мадина аҳли Саид ибн Мусаййибни, Куфа аҳли Увайс Қаранийни, Басра аҳли эса Ҳасан Басрийни энг машҳур тобеин деб биладилар”[4].
Бошқа бир тақсимотга кўра саҳобаи киромлардан таълим олган тобеинлар асосан икки қисмга бўлинадилар:
Биринчи қисм – Муҳаддислар (асҳоб ал-Ҳадис) гуруҳи. Улар ўзлари саҳобалардан эшитган Расулуллох соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг сўзларини, феълларини, саҳобаларнинг фатволарининг барчасини айнан ўзидек қабул қилишардилар. Бу гуруҳдаги тобеинлар зоҳирий лафзларга ва зоҳирий маънога эътибор берардилар, холос, лекин лафзнинг сирларини теран тушунишга ва лафзнинг сабабини билишга ва ушбу ҳадис айтилган ҳолатни ва айтилиш сабабини билишга ўтишмасдилар[5]. Бу гуруҳдагилар аҳли ҳадислар бўлиб, улар ҳадисни зоҳирий маъноси билан кифояланиб, ҳукм чиқарадилар. Камдан-кам ҳолларда ўз фикрлари билан бирор фатво айтардилар. Ҳижоз аҳлининг кўпи аҳли ҳадис эди ва яна шуни айтиб ўтиш керакки, аҳли ҳадис ҳадисларни зоҳирий маъносига аҳамият берганлари учун иждиҳод килишдан ва рай йули билан фатво беришдан сақланишарди.
Бунга мисол учун айтадиган бўлсак, Куфанинг машҳур муҳаддиси кўпгина ҳадислар ва саҳобаларнинг сўзларини ривоят қилган Имом Шаъбий раҳматуллоҳи алайҳдек зот хам, агарда бирор бир масала ҳақида фатво бериш лозим булиб қолса, бу ҳақда нассда (оят ва ҳадисда) аниқ ҳукм топа олмаса, бу масала ҳақида ўзича фатво бермас ва ўз фикри билан фатво беришни кариҳ кўрар эдилар. Имом Шаъбий ва у зотга ўхшаган бошқа аҳли ҳадислар ҳам суннат доирасидан ташкари чиқмас ва ўз фикрлари билан фатво бермас эдилар.
Иккинчи кисм – Фақиҳлар (Асҳоб ар–рай) гуруҳи булиб, улар ҳадисни, саҳобаларнинг сўзларини, фатволарини, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам даврларида ва саҳобалар даврларида ижмоъ тарзида олинган ҳукмларининг барчасини ёд олган эдилар ва шу билан бирга ушбу ҳадисларнинг айтилиш сабабларини ва моҳиятини яхши тушунган, у ҳукмларининг носих-мансухини яхши билишган, сунгра ўз фикрлари билан ижтиҳод қилиб, янги пайдо бўлган нарсаларни ҳадисда ҳукми келган ўхшаш масалага қиёс этишни ўрганган эдилар[6].
Аҳли райлар ҳар бир ҳукмнинг иллатини қидиришар, турли масалаларни бир бирига боғлашга ҳаракат қилишар, саҳобалар фатвосида ҳукми келмаган бирор масала учраса унга ўз фикрини ишлатиб, ҳукм чиқаришдан тортинишмас эди.
Ироқ аҳлининг аксарияти аҳли рай эдилар. Иккинчи кисм, яъни фақиҳлар гуруҳидаги олимларнинг энг машҳурларидан бири Иброҳим Нахаий раҳматуллоҳи алайҳдирлар. У зот Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳнинг устозлари Хаммод ибн Сулаймон раҳматуллоҳи алайҳнинг устозлари ҳисобланади. Иброхим Нахаий фиқҳ илмини ўзининг тоғаси тобеин фақиҳларнинг пешкадами Алқама ибн Қайс раҳматуллоҳи алайҳдан ўрганган эди. Алқама эса, машҳур саҳоба Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳунинг энг зийрак шогирдларидан бўлган. Тобеинлар даври хақида Ибн Ҳалдун шундай дейди: “Ислом давлати кенгайиб, араблар ўқиш ёзишни ўрганиб, уларда саводсизлик тугади ва фиқҳ илми камолга етди ва алоҳида илм сифатида танилди.
4-курс талабаси
Авазбек Жумабоев
[1] Аминов Ҳ. Примов С. “Ҳанафий фиқҳи тарихи, манбалари ва истилоҳлари”. – Тошкент. “Мовароуннаҳр” нашриёти. 2017. Б. 38.
[2] Абдулқодир ибн Абилвафо ал-Қураший “Ал-Жавоҳир ал-музиъа фий табақот ал-ҳанафиййа”. Таҳқиқ Муҳаммад Абдуллоҳ аш-Шариф. Байрут, “Дор ал-кутуб ал-илмиййа” нашриёти. 2005. Б. 44.
[3] Абдулқодир ибн Абилвафо ал-Қураший. “Ал-Жавоҳир ал-музиъа фий табақот ал-ҳанафиййа”. Таҳқиқ Муҳаммад Абдуллоҳ аш-Шариф. Байрут, “Дор ал-кутуб ал-илмиййа” нашриёти, 2005. Б. 44.
[4] Абдулқодир ибн Абилвафо ал-Қураший. “Ал-Жавоҳир ал-музиъа фий табақот ал-ҳанафиййа”. Таҳқиқ Муҳаммад Абдуллоҳ аш-Шариф. Байрут, “Дор ал-кутуб ал-илмиййа” нашриёти. 2005. Б. 45.
[5] Аминов Ҳ. Примов С. “Ҳанафий фиқҳи тарихи, манбалари ва истилоҳлари”. – Тошкент, “Мовароуннаҳр” нашриёти. 2017. Б. 55.
[6] Аминов Ҳ. Примов С. “Ҳанафий фиқҳи тарихи, манбалари ва истилоҳлари”. – Тошкент, “Мовароуннаҳр” нашриёти. 2017. Б. 56.