Фиқҳ илми камолга етиб, алоҳида илм сифатида танилганида арабларда фиқҳ икки қисмга бўлинди:
Бири аҳли рай (фикр эгалари) ва аҳли қиёс булиб, асосан, Ироқ уламоларининг йўли эди[1].
Иккинчиси, аҳли ҳадис бўлиб, бу – Ҳижоз уламоларининг йўли эди. Ироқ уламоларининг пешвоси Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳ ва унинг асҳоблари эдилар. Ҳижоз уламоларининг пешвоси эса Молик ибн Анас ва у кишидан сунг Имом Шофеъий эдилар. Булардан ташкари яна бир гурух бор эдики, улар зоҳирийлар бўлиб, улар қиёсни инкор қилар ва қиёс асосида шаръий ҳукм олишни рад килардилар. Бу мазҳабнинг бошлиғи Довуд ибн Али бўлиб, унинг фарзандлари ва сафдошлари уни қувватлар эдилар. Тобеинлар даврида фиқҳ ўзининг тушунчаларига эга бўлди ва алоҳида илм бўлиб, бошка илмлардан ажралиб чикди. Булар даврида, яъни VIII-IX милодий асрларда қиёс тушунчаси пайдо бўлди ва аста-секин асосий манбаларида кўзда тутилган ҳолатлар буйича улардан ҳуқуқий хулосалар чиқариб олиш (истинбот) усуллари қарор топди[2]. Тобеинлар даври бошланмасданоқ фиқҳий мактабларга асос солинган бўлиб, улар куйидагилардан иборат эди: Мадина, Макка, Басра, Куфа, Шом фиқҳий мактаблари. Басра ва Куфа мактаблари Ирок мактабини ташкил этади. Миср ўзига хос фиқҳий мактабга эга бўлмай, бошка фиқҳий мактаблар таъсири остида, айникса, Мадина мактаби таъсири остида эди.
Ушбу фиқҳий мактабларнинг вакиллари қуйидагилар эди:
- Мадина мактаби вакиллари: Умар ибн Хаттоб, Али ибн Абу Толиб, Абдуллоҳ ибн Умар, Зайд ибн Собит, Саид ибн Мусаййиб, Зуҳрий, Яҳё ибн Саид ва бошқалар.
- Макка мактабидан Абдуллоҳ ибн Аббос, Суфён ибн Уяйна, Муслим ибн Холид.
- Ироқ мактабидан Алқама ибн Қайс, қози Шурайҳ, Иброҳим Нахаий, Ҳаммод ибн Сулаймон, Ибн Абу Лайлолар.
- Шом мактабининг вакили ўз мазҳабининг асосчиси Абдурраҳмон Авзоий эди[3].
Фиқҳ тарихи мутахассислари таъкидлашларича, Ироқ фиқҳнинг муҳим марказларидан бири эди. Ҳа, бу соҳада у ўз устунлигини анчагача сақлаб қолди.
Уламоларимиз фиқҳий мазҳаб имомларини ва уларнинг ишларини қуйидаги мисол билан тушунтирадилар: бу дунёдан яхши яшаб, яхши ўтиш худди тоғнинг чўққисига эсон-омон чиқишга ўхшайди. Қуръон ва суннат ўша чўққига чиқишни кўрсатадиган харита ва қўлланма. Мазҳаб имомлари эса булардан фойдаланиб,чўқкига чиқишнинг энг осон ва бехатар йўлини топиб, белги қўйиб, осонлаштириб қўйган кишилардир. Фиқхий мазҳабларни инкор қилувчилар эса ўша тоғнинг тагига келиб, харита ва қўлланмаларни олиб, ўзига янги йўл топиб чўққига чиқишга ҳаракат қилаётган одамларга ўхшайди. Илми, кучи, имконияти бўлса, чўққига чиқиш эҳтимоли бор. Бўлмаса, қулайди. Чўққига чиқишга ёрдам берадиган илм, куч ва имконият эса камида мазхаббоши имконига тенг ёки ундан кўпрок бўлиши лозим[4].
4-курс талабаси
Авазбек Жумабоев
[1] Абдулқодир ибн Абилвафо ал-Қураший. “Ал-Жавоҳир ал-музиъа фий табақот ал-ҳанафиййа”. Таҳқиқ Муҳаммад Абдуллоҳ аш-Шариф. Байрут, “Дор ал-кутуб ал-илмиййа” нашриёти. 2005. Б. 50.
[2] Абдулқодир ибн Абилвафо ал-Қураший. “Ал-Жавоҳир ал-музиъа фий табақот ал-ҳанафиййа”. Таҳқиқ Муҳаммад Абдуллоҳ аш-Шариф. Байрут, “Дор ал-кутуб ал-илмиййа” нашриёти. 2005. Б. 51.
[3] Аминов Ҳ. Примов С. “Ҳанафий фиқҳи тарихи, манбалари ва истилоҳлари”. – Тошкент, “Мовароуннаҳр” нашриёти. 2017. Б. 71.
[4] Аминов Ҳ. Примов С. “Ҳанафий фиқҳи тарихи, манбалари ва истилоҳлари”. – Тошкент, “Мовароуннаҳр” нашриёти. 2017. Б. 95.